Муқаддас Ислом динимиз покликка ниҳоятда эътибор берган улуғ диндир. Аллоҳ таоло ўз каломида бир неча ўринларда  қалб, тана, кийим ва таомлар поклиги ҳақида оятлар нозил қилган. Қуръони каримда: «Аллоҳ тавба қилувчиларни ва покларни севади», деб марҳамат қилса, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Пок бўлинглар, пок бўлмаган киши жаннатга кирмайди”, деб огоҳлантирган. Биз бугун покланишнинг асосийларидан бири – ғусл ҳақида тўхталамиз. “Ғусл” сўзи арабча бўлиб, “ювмоқ” маъносини англатади.

Аллоҳ таоло “Моида” сурасининг 6-оятида шундай мархамат қилади:

وَإِنْ كُنْتُمْ جُنُبًا فَاطَّهَّرُوا

 Агар жунуб бўлсангиз, обдон покланингиз (чўмилингиз)!

 Ғуслни вожиб қиладиган нарсалар қуйидагилар: 1) манийнинг ўрнидан шахват ва қувват билан отилиб чиқмоғи; 2) эрнинг олати аёлнинг фаржи ё дубурига алоқа қилмоғи; 3) эҳтилом (яъни уйқудан уйғонган эр ва аёлнинг ўз баданида ё ич кийимида нам куриши) бўлиши; 4) ҳайз курган аёлда ҳайзнинг тўхташи; 5) нифосдан  халос бўлмоғи.

Демак, шулардан биронтаси бўлиши билан имкон борича тезроқ ғусл қилиш фарз  бўлади. Ғуслда дастлаб қўллар яхшилаб ювилгач, бадандаги нажосатлар ювилади, сўнгра қўлларни яхши ювиб, таҳорат қилинади. Яъни оғиз, бурун сув билан кейин юз-қўллар тирсақлари билан қўшиб уч мартадан ювилади. Қўллар сув билан намланиб, бошга масҳ  тортилади. Агар сув тўпланадиган жой бўлса оёқ ювилмайди.  Ғуслнинг фарзи 3 учта 1) оғизга сув олиб уч марта яхши ғарғара қилади, 2) бурун ҳам уч марта сувда ювилади. 3) аввал бошдан, кейин ўнг ва чап елкадан уч мартадан сув қуйилади. Ҳар қуйганда баданнинг сув тегмай қолиш эҳтимоли бўлган (киндик, қулоқ, қўлтиқ ости, тирсак, тўпиқ, қобоқ, қўлдаги узук остлари каби) жойларига ишқалаб сув етказилади. Шу яхшилаб ювингандан кейин оёқлар ювилиб, пок нарса устига қўйилади. Агар аёллар сочларини ўрган бўлсалар, ўримини ечиши шарт эмас, балки ўша ўрим устидан сув қўйиши кифоя. Агар ўрмаган бўлсалар, албатта ювишлари шарт. Ғуслни ниҳоятда мукаммал қилиш керакки, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Ҳар бир сочнинг ва ҳар бир терининг устида жанобат бор”, деб огоҳлантирган. Демак, эркакми-аёлми, бошими ё бошқа  аъзоларими – бутун танага сув теккизиши шарт. Тирноқларда лак бўлса, уни кетказиш лозим. Ғуслни хаммомда қилади. Агар ариқда ювинишни ихтиёр қилса, даставвал танадаги нажосатлар кетказилиб, кейин ғусл қилиш лозим бўлади. Агар эркак ё аёл оғир хаста ҳолида жунуб бўлиб, сувда чўмилганда хасталиги ортиб кетадиган бўлса ёки мутлақо имкониятсиз бўлса, бундай кишилар иложи борича нажосатлардан тозаланиб, таяммум қилишлари дуруст. Хулоса шуки, жунуб одамнинг покланмай туриб бирон нарсага аралашуви яхши эмас. Аллоҳ таоло бандаларининг ниҳоятда покиза юришини хуш кўрар экан, барчамиз пок ҳолда Аллоҳга дўст бўлайлик.

Тошкент Ислом институти битирувчиси

Тўхтаев Насрулло

22970cookie-checkПоклик сабоқлари: Ғусл қандай қилинади?
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting