Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2016 йилнинг 30 декабрь куни мамлакатимизнинг бир гуруҳ илм-фан намояндалари, давлат ва жамоат ташкилотлари, Фанлар академияси аъзолари, етакчи олий таълим муассасалари ректорлари билан учрашган эди.

Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари, тижорат банклари раҳбарлари, Фанлар академияси аъзолари, етакчи олий ўқув юртлари ректорлари иштирок этган йиғилиш очиқ фикр алмашиш руҳида ўтганди.

Давлат раҳбарининг илм-фан намоёндалари билан учрашиб улар билан дилдан суҳбат қуриши, уларнинг дардини тинглаши буюк аждодларимизнинг илму фанга ҳомийлик қилиш борасидаги анъаналарига мувофиқ бўлган эди ўшанда.

Бинобарин, шариатимиз илм асосига қурилган. Шу боисдан аҳли илмларга исломий жамиятларда юксак шараф ва эҳтиромларга сазовор бўлиб келган. Олиму уламога эътибор сусайиб бошлаган кезларда эса тараққиёт ҳам тўхтаб қолган. Зотан, жамият олдида турган долзарб масалалар илм-фан воситасида ҳал этилади. Шу боисдан президентимиз ўша учрашувда мазкур соҳани ва олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлатимизнинг устувор вазифаларидан бўлади деб айтган эди.

Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиклари фаолиятини такомиллаштириш ва рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонида мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётида илм-фаннинг ўрнини янада мустаҳкамлаш, академиклар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш сифатини оширишни рағбатлантириш мақсадида бир қатор муҳим чора-тадбирлар белгилаб берилганди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев суҳбат давомида халқимиз орасидан жаҳон илм-фани ва маданияти тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган хоразмийлар, бухорийлар, Мирзо Улуғбеклар чиққани, уларнинг ўз мактаби бўлгани, аммо бугун бу анъана тўхтаб қолганини афсус билан гапирган ва ана ўша шарафли аждодларимиз каби буюк олимларни етиштириб чиқариш зарурлигини таъкидлаган эди.

Дарҳақиқат,  катта илмга мойиллик халқимизнинг қонида бор. Ахир иликда бўлса чиқади дейдилар-ку. Фақат ана шундай юксак салоҳиятли олимларни давлатимиз қўллаб турса, жамиятимиз хайрихоҳ бўлса – илм-фан билан шуғулланиш, янги кашфиёт ва ихтиролар қилиш  игна билан қудуқ қазишдек машаққатли иш бўлса-да,  улар ўзларини намоён этиши кўп кутдирмасдан амалда намоён бўлади.

– Мамлакатимизда юқори салоҳиятга эга, жаҳон миқёсида эътироф этилган олимлар кўп. Улар ўз мактабларини яратиши, шогирдлар тарбиялаши лозим. Ёш авлодни салоҳиятли кадрлар этиб тарбиялашдаги биринчи босқич – мактаб таълимини тубдан такомиллаштириш, илмий кадрлар ва юксак малакали мутахассислар тайёрлаш жараёнининг узлуксизлигини таъминлаш зарур. Бу йўлда ҳеч нарсани аямаймиз, – деган эди давлатимиз раҳбари.

Президентимизнинг тавсияси ўлароқ илм-фанга эътибор қаратиш давлат сиёсати даражасида бўлгани ғоят қисқа фурсатда ўз самарасини кўрсатди. Ўзбекистонлик математик олим, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Математика институти етакчи илмий ходими, физика-математика фанлари доктори, профессор Ўткир Розиқов 2018 йил 26 январь Бутунжаҳон фанлар академияси (TWAS) аъзоси этиб сайланди.

Бутунжаҳон фанлар академияси – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида фаолият кўрсатувчи йирик халқаро илмий муассаса. Бугунги кунда мазкур нуфузли илмий тузилма сайёрамизнинг барча қатъаларидан минг нафардан зиёд етакчи олим, муҳандис ва ихтирочиларни бирлаштириб келмоқда. Яқинда ташкилотнинг янги аъзоларини аниқлаш бўйича барча ҳақиқий аъзолар иштирокида ўтказилган сайловда ўзбек олими Ўткир Розиқов ана шундай юксак шарафга муносиб топилди. Унда илмий тузилма таркибига дунёнинг 24 мамлакатидан 55 нафар янги аъзо сайланди. Ўткир Розиқов Марказий Осиёдан янги сайланган икки олимнинг биридир. Бугунга қадар Ўзбекистон олимларидан тўрттаси (Аюпов Ш.А. – 2003 йилда, Абдурахмонов И.Й.- 2014 йилда, Ганиев Р.А. – 2008 йилда, Розиков Ў.А. – 2018 йилда) TWASнинг ҳақиқий аъзолари сифатида сайланган.

Энг мураккаб фан соҳаси бўйича Бутунжаҳон фанлар академияси академиги этиб сайланган Ў.Розиқов 200 дан ортиқ илмий ишлар муаллифи. Унинг илмий ишлари дунёдаги энг нуфузли илмий журналларида чоп этилган. Олинган натижалари халқаро миқёсда юқори баҳолангани боис Ў.Розиқов 20 дан ортиқ етакчи халқаро университет ва илмий марказлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган – энг обрўли илмий минбарларда ўз соҳаси бўйича маърузалар ўқиб келмоқда.

Бухоро вилоятида туғилиб камолга етган бир олимимизнинг дунё миқёсида эътирофга сазовор бўлиб, кўплаб хорижий университетларда маъруза ўқиши ва академик рутбасига муносиб топилиши ҳазилкам ҳодиса эмас. Унинг бу муваффақияти оққан дарё оқаверади ҳикматини эсга солиб, Ал-Хоразмийга, Абу Райҳон Берунийга, Мирзо Улуғбекка муносиб авлодлар етишиб келаётганига ишонч уйғотади. Энг муҳими, аждодларимизнинг табаррук хотираси қошида ана шундай фидойи олимлар миллатимизнинг юзини ёруғ қилади.

ЎМИ Матбуот хизмати

muslim.uz

25570cookie-checkНуқтаи назар: Оққан дарё оқаверади
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting