Қуръони каримда барча нарсалар Аллоҳнинг хоҳиши экани шундай хабар берилган:

وَمَا تَشَاءُونَ إِلَّا أَنْ يَشَاءَ اللَّهُ ۚ إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلِيمًا حَكِيمًا

Ва Аллоҳ хоҳласагина, сизлар ҳам хоҳларсиз. Албатта, Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир (Инсон сураси, 30-оят).

Ушбу оятнинг зоҳирий маъносига кўра, банданинг содир этган гуноҳи ҳам аслида Аллоҳ таолонинг хоҳиши бўлса, банда нега айбдор бўлиши керак, деган савол пайдо бўлади.

Уламолар бу саволга жавоб бериб мазкур оятни қуйидаги маънода тафсир қилганлар: “Сиз ҳеч бир ишни бажара олмайсиз, магар Аллоҳ хоҳласагина бажара олурсиз. Масалан, сиз бирор нарсани емоқчи бўлиб, уни оғзингизга солсангиз, агар Аллоҳ таоло унга изн берса, ютасиз, акс ҳолда юта олмайсиз. Яъни сиз хоҳлаган ютиш феъли Аллоҳ хоҳлагани учун содир бўлди, агар Аллоҳ хоҳламаганида сиз хоҳласангиз ҳам асло юта олмас эдингиз.

 Мазкур ишда сизнинг жавобгарлигингиз эса нимани хоҳлашингизга боғлиқдир. Агар шариатда ман қилинган нарсани хоҳлаган бўлсангиз, бунинг учун албатта ўзингиз айбдор бўласиз. Чунки сиз ейишни хоҳладингиз Аллоҳ эса, бунга изн берди холос. Шунинг учун сиз қилган танловингизга жавобгар бўласиз. Аллоҳ уни ейишингизга изн бергани каби, агар ундан тўхталмоқчи бўлганингизда бунга ҳам изн берган бўларди. Ҳатто ютаётган вақтингизда ҳам ундан қайтмоқчи бўлсангиз, Аллоҳ уни халқумингизнинг ўзида ушлаб қолишингизга ҳам изн беради”.

Шу ўринда айтиш мумкинки Аллоҳ таоло бандага баъзи ишларда танлаш имконини берган, баъзи ишларда эса унга умуман танлаш имконини бермаган. Банда уни қилиш ёки қилмаслик ихтиёри берилган ишлар борасида масъул бўлади. Аммо унга ихтиёр берилмаган ишлар хусусида жавобгар бўлмайди. Хўш, банда қандай ишларда ихтиёрга эгаю, қандайларида ихтиёрга эга эмас?

Али розияллоҳу анҳунинг олдига бир киши келиб сўради: “Биз амаллар борасида қанчалик эркинмиз, Аллоҳ уни бизга қай даражада тақсим қилган?” Али розияллоҳу анҳу унга: “Бир оёғингни кўтариб, иккинчиси билан тик турчи”, дедилар. У бир оёғини кўтариб, бир оёқлаб тик турди. Шунда Али розияллоҳу анҳу: “Энди биринчисини туширмай туриб, иккинчисини ҳам кўтар”, дедилар. У эса: “Бундай қила олмайман”, деди. Али розияллоҳу анҳу: “Мана сенга жавоб”, дедилар. Яъни Аллоҳ бандасига бир оёқлаб туриш ёки турмаслик ихтиёрини берган, аммо икки оёқни ҳам кўтариб туришга эса ихтиёр бермаган.

 Худди шунингдек, Аллоҳ бандага кўриш учун икки кўзни бериб қўйган. Банда бирор нарсани кўриш учун албатта кўз билан кўришга мажбур, лекин нимага назар солиш ёки назар солмасликка асло мажбур эмас! Истасангиз синаб кўринг: ушбу сатрларни кўзингизни юмиб ўқиб кўрингчи, ўқий оласизми? Албатта ўқий олмайсиз! Ўқиш учун сиз кўзингизни очишга мажбурсиз. Мана шу Аллоҳ битиб қўйган нарсадир. Мақолани ўқиш эса, сизнинг ихтиёрингизда: хоҳласангиз ўқийсиз, хоҳласангиз ўқимайсиз.

Демак банда охиратда мазкур ихтиёр берилган ишларига кўра жазо ёки мукофот олади. Бунга ушбу оятда ишора бор:

فَالْيَوْمَ لَا تُظْلَمُ نَفْسٌ شَيْئًا وَلَا تُجْزَوْنَ إِلَّا مَا كُنْتُمْ تَعْمَلُونَ

“Бугунги кунда бирор жонга ҳеч бир зулм қилинмас. Қилиб ўтган амалларингиздан бошқасига жазо ҳам олмассиз” (Ёсин сураси 54-оят).

Демак бандага асло зулм қилинмаслигини Аллоҳ таолонинг Ўзи хабар берган. Бошқа бир оятда  гуноҳкор бандаларнинг қиёмат кунидаги ҳолатлари шундай баён қилинган:

وَلَوْ تَرَىٰ إِذِ الْمُجْرِمُونَ نَاكِسُو رُءُوسِهِمْ عِنْدَ رَبِّهِمْ رَبَّنَا أَبْصَرْنَا وَسَمِعْنَا فَارْجِعْنَا نَعْمَلْ صَالِحًا إِنَّا مُوقِنُونَ

Гуноҳкорларнинг Роббилари ҳузурида бошларини эгиб туриб: “Эй Роббимиз, кўрдик, эшитдик. Бас, бизни ортга қайтар, яхши амал қиламиз. Албатта, биз ишониб етдик”, дейишларини кўрсанг эди (Сажда сураси, 12-оят).

Ушбу оятда гуноҳкор бандаларнинг ўз айбларига ва Аллоҳ таоланинг адолат билан ҳукм қилганига иқрор бўлишлари хабар берилган.

Хулоса шуки охират кунига иймон келтирган одам у кунда адолат қарор топишига ҳам иймон келтириши лозим бўлади. Шундай экан, имкон қадар кўпроқ солиҳ амалларга уриниб охиратимизга заҳира тайёрлайлик.

Аллоҳ барчаларимизни дунёю охиратда саломат қилсин!

Тошкент Ислом институти талабаси

Холназаров Азизбек

26860cookie-checkБанда ихтиёрига кўра масъул бўлади
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting