“Аллоҳнинг меҳмони” (Зуйуфур Раҳмон) билан “Қиролнинг меҳмони” (Зуйуфул Малик)нинг фарқи нимада, биласизми? Бу саволга жавоб беришдан олдин 2018 йилнинг фераль ойида Саудия Қироли меҳмонлари сифатида умра зиёратида бўлиб қайтган сафардошларимизнинг таъсуротларини сиз азизлар билан ўртоқлашишни истадик. Зеро, муқаддас масканлар тўғрисидаги хотиралари бормаганларга сафар орзусини, борганларга эса янги соғинчни ўйғотади.

Улуғ умра сафари мен учун хавф ва ражо ўртасидаги сафар бўлди. Чунки қалбимда ушбу улуғ ибодатни комил суратда, суннатга мувофиқ бажара оламанми, деган ҳадик билан бирга карами кенг бўлган Аллоҳим, шу муқаддас заминга мен каби бир гуноҳкор бандасини чорлабдими, демак мени гуноҳлардан тозалашни ирода қилибди, деган умид ҳам бор эди.

Тошкентдан Истанбулга, у ердан Мадинаи Мунавварага учдик. Истанбул тайёрагоҳидан Мадинаи Мунаввара сари парвоз бошланар экан, хаёлимдан: “Эй буюк Роббим! Мен, аслида шу муқаддас маконга қадам босишга ҳақли эмасман. Тоғдек гуноҳларим билан бу покиза жойларни кир қилиб қўймайманми? Аслида сен бандаларингни гуноҳларидан қутилишлари учун бу Муқаддас байтингга чорлайсанку! Эй роббим! Мен гуноҳкор бандангни кечиргин” каби турли хил тавба – тазаррулар ва истиғфорлар ўтар экан, қалбим қўрқинчдан йиғлар, юзим эса қувончдан кулар эди. Тайёрадан Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам  мангу қўним топган Мадина шаҳрига тушар эканмиз, Имом Молик ибн Анас рахматуллоҳи алайҳнинг: “Ҳабибим саллоллоҳу алайҳи васаллам ётган тупроқ устида уловда юришдан ҳаё қиламан” деб, уловларини етаклаб, пиёда юрганлари бот – бот хотирага келарди.

Зуйуфул Малик (Қирол меҳмони) учун ажратилган меҳмонхонага кирар эканмиз, бизларни мезбонлар,  ўтмишда, Ясриб аҳли Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламни “Толаъал бадру” деб айтиладиган нашидаларни айтиб кутиб олганларидек, нашидалар айтиб кутиб олаётганида, бизларни тақозои ҳолатдан ҳам улуғ даражада икром ила қаршилашларидан хижолат бўлдим. Улар эса бизларга бири қўйиб, бири “Аҳлан ва Саҳлан” деб хурмо берар, бошқаси зам-зам тутар ва бошқалари юкимизни қўлимиздан олиб: “тафаззал, тафаззал” дея ичкарига чорлар эди.

Меҳмонхонадан ўзимиз учун кўрсатилган хоналарга жойлашар эканмиз, бутун Мадинани қамраб олувчи азон товуши бизни сеҳрлаб қўйди. Гўёки Билол розияллоҳу анҳу биз билан бирга Мадинага келгану, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг соғинчидан йиғлаб азон айтаётгандек эди. Бу азонни ойнаи жоҳонда неча маротаба, қайта – қайта эшитган бўлсак-да, бу сафаргиси аввалгилардан умуман бошқача эшитилар, гўёки юрагдан чиқаётган фарёд каби қалбимизнинг  сезги ва соғинч толаларини бир-бир узаётгандек эди.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг муборак масжидларига кирар эканмиз, гуноҳларимизни эслаб, хижолат бўлиб, Аллоҳга истиғфорни ва Ҳабибимизга саловатларни кўпайтирар  эдик.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларига кириш эшиклари 16 та  бўлиб, биз бу Ҳарамнинг қибла томонидаги меҳмонхонага жойлашганимиз учун ҳар куни Ҳабибимиз кириб чиққан эшик томондан борар эдик. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам кўпинча ўзларининг масжидларига шарқ томондан, уйларига яқин бўлган эшикдан кирар эдилар. Шунинг учун бу эшик саҳобалар даврида “Бобун Набий” деб аталган. Ҳозирда бу эшик “Бобу Жаброил” деб номланади.  Масжиднинг қибла томонидан қўшимча равишда бино қўшилган бўлиб, унинг  “Бобул Бақий” деб номланувчи эшиги бор. Бу эшикнинг қарама-қарши томонида ҳам эшик бўлиб,  иккисининг ораси фақатгина Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга салом бериб, ўтиб кетиш учун мўлжалланган йўлак ҳисобланади. Шу сабабли у ерда номоз ўқилмайди.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларининг ғарб томонида муборак минбарлари бўлиб, шу минбарлари билан қабрларининг ўртаси “Равза” деб номланади. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг равзаи мутоҳҳараларига кирар экансиз, дунёнинг турли минтақа ва мамлакатларидан Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг зиёратига келаётган одамларнинг кўплиги ва ҳар хил миллат-элатлар эканлигини кўриб, бу инсонларни улуғ мақсад ила битта маконда жамлаётган муборак ислом динимиз нақадар соф ва буюк эканлигини эслаб қалбингиз завқланиб кетади ва Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадисни эслайсиз: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Қиёмат куни Аллоҳ таоло бир тоифа кишиларни, юзлари нурли ва олмосдан ясалган минбарлар устида турган ҳолатда қабрларидан тирилтиради. Ҳамма уларга ҳавас билан қарайди. Ҳолбуки, улар пайғамбарлар ҳам, шаҳидлар ҳам эмас” деди. Шунда бир бадавий араб, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам олдиларида тиз чўкиб; “Ё Расулаллоҳ! Уларни бизга таърифланг, биз уларни таниб олайлик” деди. Шунда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Улар турли қабилалардан ва узоқ жойлардан бўлган ҳолларида бир ерда тўпланишиб, Аллоҳни зикр қилганлардир” деган эди” деб айтганлар.

Қолаверса, барчамиз киришга ошиқаётган жой Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг  Равзаи мутоҳҳараларидир. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг мана шу равзалари ҳақида айтган ҳадислари ёдингизга тушади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламдан  шундай деб айтаётганини эшитдим: “Албатта менинг минбарим хавзимнинг устидадир. Ва албатта минбарим билан уйим ўртасидаги жой жаннат боғларидан бир боғдир” деган эдилар” дейди. Демак биз жаннатдамиз, ҳавзу кавсар устидамиз деб кўнглингиз ёришади, ёнингиздаги кишилардан қайта-қайта: “Равза қаерда” деб сўрайсиз: “Мана шу турган жойинг равзаку” дейишади. Бу саволлар равзани билмаётганлигимиздан эмас, балки равзага бўлган соғинч ва ҳис-ҳаяжондандир. Равзага кирган киши гўё дунёдан узулгандек бўлади. Имом Молик рахматуллоҳи алайҳ “Муатто” номли ҳадислар тўпламини ва Имом Бухорий рахматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Ал-Жомеъ Ас-Саҳиҳ” номли китобларини нега равзада ўтириб ёзганликларининг сабаби ҳам тушуниб етасиз. Чунки бу жой ернинг юзидаги “Жаннатнинг бир парчаси”дир. Ҳамма дунё ташвишлари унитилиб, фақатгина: “Мендан Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга салом айтинг ва менинг ҳаққимга дуо қилинг” деган қадрдонларингиз ва қариндошларингизни эслайсиз. Бошқа ҳамма нарса унут бўлади. Бизга равзага қайта-қайта кириш, унда узоқ муддат ибодат қилиш, дуо қилиш ва Қуръон ўқиш имкониятини берган Аллоҳга қум ва сув зарралари ададича ҳамду сано ва мақтовлар бўлсин. Равзадан чиқар экансиз, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг муборак қабрларининг олдига келиб, у зотга ўзингиз ва салом йўллаган барча кишилар номидан салом айтасиз: “Ассаламу Алайка Ё Расулаллоҳ! Ассаламу Алайка Ё Хойра Холқиллаҳ!”. Кейин Абу Бакр Сиддиқ ва Умар розияллоҳу анҳумоларга ҳам салом бериб, кейин қиблага юзланиб: “Аллоҳим! Қиёмат куни менга ва ҳабибинга салом йўллаган барча азизларимни Ҳабибинг ва ҳабибингнинг ҳабиблари бўлган бу икки дўстларининг шафоатидан насиб қилгин” деб, дуо қиласиз.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг қиблага нисбатан олганда қабрларининг орқа томонида “Аҳлу суфа” яшайдиган суфа бор. Саҳобалар даврида бу суфанинг томи ҳам хурмо шохлари билан ёпилган бўлиб, икки ёни очиқ айвон бўлган. Унинг устида ҳеч вақоси йўқ, бошпанасиз бўлган юзлаб саҳобалар яшаганлар.

Мадинадаги Қубо, Қиблатайн масжидларини ва Уҳуд тоғини зиёрат қилар экансиз, бу Муқаддас замин нақадар буюк тарихни бошидан кечирганига гувоҳ бўласиз. Айниқса, Уҳуд тоғининг этагида мангу жой олган 70 та Уҳуд шаҳидларининг қабри ёнига борганингизда, у ерда ётган “Аллоҳнинг арслони ва Саййидуш шуҳадо” Хамза ибн Абдулмутталиб, Мусъаб ибн Умайр, Абдуллоҳ ибн Жаҳш ва бошқаларнинг буюк жасорати кўз олдингизда гавдаланади. Уларга салом бериб, уларнинг ҳаққига дуо қилар экансиз, беихтиёр қалбилар титраб, қўллар осмонга чўзилган ҳолда, кўзларда ёш ила тилларимиз: “Аллоҳим! Бу ерда ётган шаҳидларнинг шафоатидан қиёмат куни менга ҳам насиб қил” деган дуоларни қайта-қайта такрорлайди.

Сафаримизнинг бешинчи куни гуруҳ сардоримиз: “Эртага Маккаи Мукаррамага йўлга чиқамиз. Шунинг учун бугун кечаси Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам билан хайрлашиб келинглар” деганларида, худди бир умр Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга яшаб, энди ундан ажралаётган кишининг ҳолига тушиб қолар экансиз. Ўша кечаси Масжидун Набавийда номоз ўқиб меҳмонхонага қайтар экансиз, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам вафот этиб, у зотдан ажралиб қолган саҳобалар кўз олдингизга келади. Тенгсиз жасорат ва довюрак Умар розияллоҳу анҳунинг бу аламли айрилиққа дош беролмасдан силкиниб-силкиниб йиғлашлари, Худайбия сулҳида Али розияллоҳу анҳу: “Аллоҳнинг элчиси Муҳаммаддан Қурайш аҳлига” деб ёзган сулҳдаги ёзувга қарши чиқиб: “Эй Муҳаммад! Биз сени Аллоҳнинг элчиси деб билмаймиз. Агар сени Аллоҳнинг элчиси деб билганимизда, сенга қарши чиқмаган бўлар эдик. Шундай экан, Аллоҳнинг элчиси Муҳаммаддан деб эмас, балки Муҳаммад ибн Абдуллоҳдан Қурайш аҳлига деб ёз” деган Суҳайл ибн Амр, Макка фатҳидан кейин иймон келтириб, қолган умрини Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларида ўтказишни қасд қилгани, лекин орадан бир йил ўтмасидан севган ҳабибидан ажралиб қолар экан, ўзининг Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам билан озгина муддат бирга бўлганидан афсусланишлари, у зотга  қарши чиққан ўтмишини эслаб, уввос тортганларини, ҳар тонгда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг эшикларига келиб: “Хайя алас солаҳ Ё Расулуллоҳ! Хайя алал фалаҳ Ё Расулуллоҳ!” деб бомдод номозига чорлайдиган жаннат булбули Билол розияллоҳу анҳунинг айрилиқнинг аламли ва аччиқ кўз ёшлари билан Мадинани тарк этиб, кетишлари нақадар оғир кечганлигини ҳис қилиб, кўз ёшларингизни тўхтата олмайсиз.

Маккаи Мукаррамада ҳам иззат-икром ила бизларни кутиб олишар экан, юраклар Ер аҳлининг қибласи, исломнинг меҳвари бўлмиш Аллоҳнинг муборак байти сари талпинар эди. Қалбларни ларзага солувчи, бандасини Роббисига чорловчи азон садосини эшитганда юрак бўғзингизга тиқилиб қолади. Аллоҳнинг маҳобатли байтига илк бор кўзингиз тушганда эса тил айланмасдан, айланса-да, айтарга сўз топа олмасдан қолар экан. Байтуллоҳни тавоф қилаётганингизда беихтиёр Вуҳайб ибн ал-Вард рахматуллоҳи алайҳнинг Каъбани тавоф қилиб, йиғлаб айтган ушбу сўзлари ёдимизга келади. Бу зот Қуръондаги: “Эсланг Иброҳим (ўз ўғли) Исмоил билан бирга каъбанинг пойдеворини кўтарар экан, (шундай дуо қилар эди): “Эй Роббимиз! Биздан (ушбу ишимизни) қабул қил. Албатта сен эшитувчи ва билувчи зотсан” дер эди” деган оятни ўқиб: “Эй Халилур Раҳмон! Ўзинг Раҳмоннинг байтини қураяпсану, яна уни қабул қилмаслигидан ҳадикдасан-а. Нақадар мушфиқсан” деб йиғлашлари кўз олдимизга келади. Сафо ва Марва ораларида сай қилаётганда эса ташна ва оч ҳолга тушган она ўзининг очликдан йиғлаётган фарзандини ўлимдан сақлаб қолиш учун ўзи ҳам ҳолдан тойган, мадорсиз ҳолда бўлсаларда икки тоғ орасида бор кучини тўплаб, ножот истаб зир югуришлари, боласининг эса очлик ва ташналикдан зор йиғлашлари гўёки қулоқларимиз остида жаранглаётгандек ҳис қилар эдик.

Умуман олганда бу умра сафаримиз, биз учун ўта таъсирли ва мазмунли ўтди. Суҳбатимиз бошида айтилган саволга энди жавоб берадиган бўлсак, аввало у муқаддас маконга борган ҳар бир киши “Зуйуфур Раҳмон” (Аллоҳнинг меҳмони) ҳисобланади. “Зуйуфул Малик” (Қиролнинг меҳмони) эса, у ҳам Раҳмоннинг меҳмони ҳисобланади. Бошқалардан фарқи шундаки, бошқаларга махсус ишчи гуруҳ ходимлари хизмат қилса, қиролнинг меҳмонларига қиролнинг ходимлари хизмат қилишади. Энди уларнинг хизматларию биз учун яратган шароитларига айтадиган сўз йўқ. Шунинг учун биз зиёратчилар, юртимизни гуллатиб, яшнатиб, тараққиёт сари дадил қадам ташлаётган Муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёев жанобларига, диний қўмитамиз мутасаддиларию  диний идорамиз раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига ҳамда “Ўзимнинг меҳмоним” дея Муқаддас заминга чақирган Саудиянинг қироли Салмон бин Абдулазиз ас-Сауд жанобларига, самимий миннаддорчилик билдирамиз. Юртимиз янада чирой очиб, равнақ топаверсин.

Тошкент ислом институти

“Ижтимоий фанлар” кафедраси

Мудири А.Тошпўлатов

 

27080cookie-checkРавзаи саодатни истар кўнгил
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting