Ўзбек халқининг этник шаклланиши

0
2050

Ўзбеклар алоҳида этник жамоа (элат) бўлиб, Марказий Осиёнинг марказий вилоятлари – Мовароуннаҳр, Хоразм, Еттисув ва қисман Шарқий Туркистоннинг ғарбий минтақалари ҳамда Жанубий Туркистонда шаклланган.

 Ўзбек халқининг асосини ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида қадимдан ўтроқ яшаб, сунъий суғорма деҳқончилик билан шуғулланиб келган маҳаллий сўғдийлар, бахтарлар, хоразмийлар, фарғоналиклар, сак-массагетлар, қанғлар каби этник гуруҳлар ташкил этган. Шунингдек, Жанубий Сибирь, Олтой, Еттисув, Шарқий Туркистон ҳамда Волга ва Урал дарёси бўйларидан келган этник компонентлар ҳам Ўзбеклар этногенезида иштирок этганлиги тарихдан маълум. Бу қабила ва элатлар, асосан туркий ва шарқий эроний тилларда сўзлашган.

Ўзбекистон ҳудудида олиб борилган археологик ва антропологик тадқиқотлари натижасида Амударё ва Сирдарё оралиғида сўнгги бронза давридаёқ юқорида номлари қайд этилган қабила ва элатларнинг этник жиҳатдан дастлабки аралашуви содир бўлганлиги ва ассимиляция жараёни натижасида антик даврга келиб, ўтроқ ҳаётга мослашган туркий ҳудудий майдон таркиб топганлиги ҳамда ўзбек халқига хос антропологик типнинг макон ва замони аниқланган. Маълумки, милоддан авалги III асрда Сирдарёнинг ўрта оқимида туркий ва сўғдийлар иттифоқи асосида Қанғ давлати ташкил топган. Қанғ давлати даврида Мовароуннаҳр ва унга туташ минтақалардаги халқларнинг иқтисодий, сиёсий, этномаданий алоқаларнинг ривожланиши натижасида туркийзабон этнослар устуворлик қилиб, янги туркий этнослардан бири – қанғар элати пайдо бўлди ва ўзига хос уйғунлашган маданият шаклланди.

Тарихий ва археологик асарларда бу маданият «Қовунчи маданияти» номини олган. Антрополог олимларнинг таъкидлашларича, айнан шу даврларга келиб, Марказий Осиёнинг водий ва воҳаларида яшовчи сўғдийлар, қанғарларнинг ташқи қиёфаларида ҳозирги ўзбек ва воҳа тожикларига хос Помир-Фарғона антропологик типи тўлиқ шаклланган.

Академик К. Шониёзовнинг таъкидлашича, қанғар элати илк даврларда Марказий Осиёда ташкил топган йирик этник бирлик бўлган. Қанғ давлати емирилиши билан милодий V аср ўрталарида унинг таркибидаги халқлар ва қабилалардан Марказий Осиёда янги сиёсий уюшмалар ва этник бирликлар вужудга келади. Турк ҳоқонлиги даврларида VI-VIII асрларда турк ва сўғд тилли халқларнинг ўзаро яқинлашиши, аралашиш жараёни давом этади. Бу жараён бутун ўрта аср давомида ривожланиб келган. Ана шу жараён туфайли Марказий Осиёда маданияти ва турмуш тарзи, урф-одатлари жиҳатидан бир-бирига яқин бўлган икки қардош этнос ўзбек ва тожик халқлари шаклланган. Айнан мазкур даврда Мовароуннаҳрнинг асосан шимолий ва шарқий вилоятларида икки тил ва икки хил хўжалик маданий тип­ларининг яқинлашув жараёни кузатилади. Оқибатда аксарият туркийзабон деҳқон ва ҳунармандлардан иборат йирик ҳудудий бирлик ташкил топади.

Ўзбеклар этногенезида қатнашган нав­батдаги этник компонентлар Жанубий Олтой ва Шарқий Туркистондан кўчиб келган юэчжи қабиласининг бир тармоғи бўлиб, улар милоддан аввалги I милодий IV асрларда Кушон салтанатига асос солган кушонлар ҳамда милодий III-V асрларда Ўрта Осиёнинг марказий вилоятларига Жанубий Сибирдан, Жунғориядан, Шарқий Туркистондан силжиган хионий, кидарий ва эфталийлардир. Шунингдек, ўзбеклар этногенезига фаол таъсир ўтказган туркий этник компонентлар асоси Турк ҳоқонлиги (VI-VIII асрлар) даврида Марказий Осиёнинг марказий минтақалари (Тошкент, Зарафшон, Қашқадарё, Сурхондарё воҳалари, Фарғона водийси) ва Хоразмга келиб жойлашиб, маълум бир тарихий даврда,  бу этник компонентнинг аксарият қисми ўтроқлашди. Бу давр туркий ва сўғдий симбиозни ҳал қилувчи босқичларидан бири бўлган.

VIII-X асрларда ва ундан кейин ҳам, туркийзабон халқлар, қабилаларнинг талай қисми ўз этник номлари билан бир вақтда, турк ҳоқонлиги даврида онгларига сингиб қолган турк эканликларини ҳам эсдан чиқармай сақлаб келганлар. Турк ҳоқонлиги ҳудудида турк атамаси билан номланиб келган қабилалар қаерда яшамасинлар бир-бирларини қардош ҳисоблаганлар. «Турк» атамаси кўпчилик қабилалар учун этник ном эмас, тил умумийлигини анг­латувчи сўз бўлиб ҳам келган. Масалан, Маҳмуд Қошғарий Хитойдан то Рум чегараларигача бўлган катта ҳудудда яшовчи туркий қабилаларни тилга олиб, уларнинг кўпчилигини турклар деган.

VIII асрдан араб ва ажам (араб бўлмаган яқин ва Ўрта Шарқ) халқларининг Марказий Осиёга кириб келиши минтақадаги этник жараёнларга катта таъсир этмаган. Бу даврда аҳоли этник таркибида маълум бир ўзгаришлар юз берган бўлса-да, Мовароуннаҳрдаги ўтроқ ва яримўтроқ туркийзабон аҳоли сўғдийлар ва Хоразм­нинг туб ерли аҳолиси ўз ҳудудларида қолиб, араблар (VII-VIII аср), кейинчалик Сомонийлар (IX аср)  ҳукмронлиги остида яшаганлар.

Қорахонийлар даврида (X-XI асрлар) Мовароуннаҳр ва Хоразмда сиёсий ҳокимият туркий сулолаларга ўтиши муносабати билан ўзбек халқи этногенезининг якуний босқичи бошланди. Fарбий Қорахонийлар давлати доирасида ҳозирги ўзбекларга хос туркий этнос қарор топди ва айнан мазкур даврда элатни белгиловчи ҳудуд, тил, маданият, тарихий қисматининг умумийлиги, этник ўзликни англаш, этноснинг уюшқоқлиги маълум бир давлат доирасида бўлиши, дин умумийлиги ва бир қанча шу каби бошқа этник аломатлар шаклланган. Бу даврда ўзбекларнинг умум элат тили қарор топди. Мовароуннаҳр ва унга туташган минтақаларда яшовчи туркийзабон аҳоли: қарлуқ, чигил, яғмо, тухси, халач, арғин, ўғуз, қипчоқ, қангли сингари уруғлар ўзларини бир халқ (элат) сифатида англай бошлаганлар. IX-X асрлар давомида маълум бир ҳудудда яшовчи этнослар мураккаб этник ва маданий жараённи ўтайдилар. Мовароуннаҳрда ва унга туташ минтақаларда яшовчи халқлар бир-бирлари билан яқинлашиб, қоришиб борадилар, уларда иқтисодий ва маданий умумийлик ҳосил бўлади. Энг асосийси – уларнинг онгида ўзлигини англаш ҳиссиёти кучаяди. Ўзбек аждодлари IX-X асрларда (аниқроғи 840-940 йиллар давомида алоҳида этник бирлик (элат) бўлиб шаклланадилар.

Х аср ўрталарида ўзбек элатининг шакл­ланиш жараёни иккинчи босқичга ўтади. Бу босқич то XI аср ўрталаригача, яъни Қорахонлар давлатининг икки (ғарбий ва шарқий) ҳоқонликка бўлиниб кетганига қадар давом этади. Мазкур босқичда Мовароуннаҳр ва унга туташ минтақаларда яшовчи аҳоли этник, иқтисодий ва маданий жиҳатидан бир-бирлари билан яқинлашиб боради.

Ўзбек элатининг шаклланиш жараёнининг учинчи босқичи XI асрнинг ўрталаридан то XII асрнинг ўрталаригача давом этган. Мазкур босқич асосан Қорахонлар давлатининг ғарбий қисмида вужудга келган мустақил давлат доирасида ўтади. Бу даврда (XI-XII аср) элатга хос этник белгиларнинг ривожланиши меъёрига етиб, ўзбек халқининг шаклланиш жараёни ниҳоясига етади.

Умуман олганда, XI-XII асрнинг биринчи ярмида элат шаклланишидаги муҳим аҳамиятга эга бўлган аксарият этник аломатлар ўз маромига етиб ўзбеклар халқ сифатида шаклланган.

Ўзбек элатининг шаклланишида қатнаш­ган этник гуруҳлар нафақат Мовароуннаҳрда, балки Еттисув, шарқий Туркистон, Сирдарё бўйларида Орол денгизининг жанубий-ғарбий минтақаларида, Хоразмда, Афғонистоннинг шимолида, Хуросонда ҳам яшаганлар. Ўзбек аждодлари элат бўлиб, Қарлуқ, Сомоний ва Хоразм давлатлари чегарасида шаклланганлар. Бу давлатларнинг биронтаси ҳам ўзбек аждодлари яшаган ҳудудларнинг барчасини ўз ичига қамраб олган эмас. Ўзбек элатининг шаклланиш жараёнида қатнашган бир қанча этнослар бу давлатлар чегарасидан ташқарида қолиб кетган ҳам. Масалан, эфталийлар (абдал) ва қарлуқларни Афғонистон, Ҳиндистоннинг шимолида яшаган гуруҳлари ўша ерларда қолиб, кейинчалик маҳаллий аҳолига аралашиб, сингиб кетган эди.

XI-XII асрларда Қорахонлар давлати деярли Мовароуннаҳр билан чегараланиб қолади. Маълумки, Қорахонлар давлати XI асрнинг биринчи ярмида икки: Ғарбий ва Шарқий давлатга бўлиниб, улар мус­тақил тараққий эта бошлайди. Балки шу тарихий бўлинишни назарда тутиб айрим тарихчилар ўзбек элати XI-XII асрларда Мовароуннаҳр ҳудудида, яъни Қорахонлар давлатининг ғарбий қисмида шаклланган деб тушунганлар. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, Ғарбий Қорахонлар давлати вужудга келишидан олдин ўзбек элати асосан шаклланиб бўлган эди.

Қорахонлар давлати икки таркибий қисмга бўлингач, элатнинг этник тараққиёти унинг ғарбий қисмида бирмунча кучаяди. Ғарбий ҳоқонликда иқтисодий ва маданий жиҳатдан ривожланиш тез суръатда бориши натижасида давлат мавқеи тобора ошиб боради. Ўзбек элатининг шаклланиш жараёнида қатнашган этносларнинг катта қисми, ҳоқонликнинг ғарбий ҳудудига кўчиб ўтади ва улар маҳаллий аҳоли билан бирлашиб ҳоқонлик аҳолисининг кўпчилигини ташкил қилади. Эндиликда (X-XII асрларда) этник жараённи тобора ривожланиб бориши ҳам Мовароуннаҳр ўлкасига кўчади. Ўзбек элатининг шаклланишида қатнашган этносларнинг айрим қисмлари (қарлуқ, қанғли, қипчоқ, арғу, тухси ва бошқалар) Қорахонлар давлатининг шимоли-шарқий қисмида қолиб, вақт ўтиши билан ўз қариндошларидан ажралиб, кейинчалик қозоқ, қирғиз ва уйғур халқларига аралашиб, бу халқларнинг этник жараёнида қатнашганлар. Аммо уларнинг маълум қисмлари бир неча асрлар давомида этник номларини сақлаб келган эди.

XIII аср бошларида Чингизхон истилоси даврида мўғул қўшинлари таркибида кўп сонли туркий этнослар ҳам кириб келди. XV асрга қадар эса ушбу этносларнинг деярли кўп қисмида маҳаллий аҳоли билан аралашув жараёни содир бўлди ва улар шаклланган ўзбек элатининг кейинги тараққиётида маълум даражада из қолдирди.

Чиғатой улуси тилининг ривожланиши ҳамда кейинчалик Амир Темур ва темурийлар даврида иқтисодий, маданий тараққиёт натижасида Мовароуннаҳрда адабий тил такомиллашиб, «туркий» ёки «чиғатой» тили деб номланган. Тараққий этган ўзбек адабий тили айниқса Алишер Навоий даврида энг юқори нуқтага кўтарилди. Аммо халқнинг жонли тили кўп диа­лектли бўлиб, адабий тил шаклланишида учта асосий шева  – қарлуқ, қипчоқ ва ўғуз диалектлари асос бўлган. Маълумки, шакл­ланган ўзбек элатининг Амир Темур ва темурийлар давридаги этник тарихи ва этномаданий тараққиётига барлос, жалойир, қовчин, арлот, қипчоқ каби этник гуруҳлар ҳам фаол таъсир қилган.

Ўзбеклар этник тарихида XV аср охири XVI асрлар ҳам муҳим давр ҳисобланади. Ушбу босқичда Марказий Осиёга манғит, қўнғирот, найман, уйғур, сарой, қатағон, қушчи, дўрмон, кенагас, қирқ, юз, минг, баҳрин ва бошқа Дашти Қипчоқ ўзбек этник гуруҳларининг навбатдаги тўлқини кириб келиши кучайган. Натижада Мовароуннаҳр аҳолисининг этник қиёфасида мўғулий ирқ аломатлари ҳам фаоллашган. Дашти Қипчоқдан икки дарё (Амударё ва Сирдарё) оралиғи ва Хоразмга келиб ўрнашган этник гуруҳлар «ўзбек» номи остида маҳаллий аҳоли этник ранг-баранглигини бирмунча кўпайтирган бўлсалар ҳам, лекин унинг этник таркибини тубдан ўзгартира олмаган.

Шарафиддин Али Яздий Амир Темурнинг хос гвардияси таркибида ўзбек баҳодирлари бўлганини ёзган (А. Семёнов). Бу гвардия Олтин Ўрдага тобе Дашти Қипчоқ ўзбекларига мансублиги ҳақиқатдан йироқ, аксинча, улар Мовароуннаҳрда яшаган ўзбек қавмига мансуб бўлганининг эҳтимоли катта.

«Ўзбек» номининг келиб чиқиши хусусида ҳам турли фикрлар мавжуд. Бу ном Чингизий Ўзбекхон яшаган даврдан анча аввал ҳам қайд этилган. Араб адиби Усома ибн Мунқизнинг «Адаб китоби»да Ҳамадон амири Бўрсуқнинг Ўзбек исмли қўшин бошлиғи Мосул шаҳри ҳокими бўлганини қайд этган Абулфазл Рашидиддин маълумотига кўра, Табризда Ўзбек Музаффар исмли амир ҳокимлик қилган Темурийлар давлати ўрнида дастлаб XVI аср бошларида вужудга келган Бухоро ва Хива хонликлари ва XVIII аср бошларидан Қўқон хонлигининг вужудга келиши натижасида ягона тарихий маконда яшаган халқлар сиёсий жиҳатдан турли давлатлар тасарруфига тушиб қолган бўлса-да, бу ҳолат ўзбек элати бирлигига путур етказа олмаган. Сиёсий чегаралар бўлишига қарамасдан уч давлат таркибидаги аҳоли ўзаро доимий этник, иқтисодий ва маданий алоқада бўлишган.

Юқоридагиларга асосланиб таъкидламоқчимизки, Мовароуннаҳрда ХIV-XV асрларда яшаган туркийзабон этноснинг кўпчилигини муқим яшовчи маҳаллий аҳоли ташкил қилган. Қайси ном билан номланишидан қатъи назар, булар аллақачонлар этник бирлик бўлиб шаклланган ва кейинчалик ўзбек номини олган узоқ тарихга эга бўлган халқ эди…

Ўзбекларнинг миллат сифатида ривож­ланиш жараёни Ўзбекистон мустақилликка эришган санадан бошлаб янгича мазмун касб этди. Тарихий томирларидан куч олган ўзбек халқи маданияти, миллий тафаккури, урф-одатлари, турмуш тарзида ўзига хос уйғониш ва янгиланиш палласига қадам қўйди.

Адҳамжон АШИРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси

Тарих институти бўлим бошлиғи, тарих фанлари доктори, профессор

“Постда” газетасининг 2018 йил 24 февраль 9-сони

http://postda.uz

27900cookie-checkЎзбек халқининг этник шаклланиши
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting