Мусулмонлар жамийки пайғамбарларга имон келтирадилар

0
209

Қутбиддин Муҳаммад ибн Султон ҳазратлари ҳанафий фиқҳининг кўзга кўринган олимларидан биридирлар. Ҳижрий 870 йил (милодий 1465 йил) да Шомда таваллуд топганлар. Мадраса таҳсилидан сўнг, “Зоҳирийя” мадрасаси ва “Умавийя Жоме”сида мударрислик қилдилар. Ҳижрий 950 йил (милодий 1544 йил) да Шомда вафот этдилар. Улардан бизга улкан меърос қолган. Бир дарсларида шундай дейдилар:

“Имоннинг тўртинчи шарти, Пайғамбарларга имон келтиришдир. “Аманту” (имон калимаси) даги “ва русулиҳи” калимаси, “Аллоҳ Таолонинг жамийки Пайғамбарларига имон келтиришни билдиради”. Пайғамбарларнинг аввали Одам алайҳиссалом ва сўнггиси, бизнинг Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Иккалаларининг ораларида жуда кўп пайғамбарлар ўтдилар. Ададлари аниқ эмас. Бир юз йигирма тўрт мингдан ортиқликлари машҳурдир. Пайғамбарларга имон келтириш, ораларини ҳеч ажратмаган ҳолда, барчалари Аллоҳ Таоло тарафидан танлаб олинган содиқ,тўғри сўзли эканликларига ишониш демакдир. Улардан бирига ишонмаган кимса, ҳеч бирига ишонмаган кабидир. Пайғамбарликка узоқ риёзат чекиш, кўп ибодат қилиш, очлик ва ҳузн чекиш билан эришилмайди. Фақатгина, Аллоҳ Таолонинг эҳсони, танлови билан берилади. Аллоҳ Таоло ер юзидаги илк инсон ва илк пайғамбар бўлмиш Одам алайҳиссаломдан бери ҳар минг йилда янги пайғамбар юбориш воситаси ила давр инсонларига дин ва унинг аҳкомларини баён қилди. Бундан мақсад, инсонларнинг дунёда роҳат ва ҳузур ичида яшамоқлари ва охиратда ҳам абадий саодатга эришиш йўлини кўрсатиш эди. Ўзлари билан янги дин олиб келган пайғамбарлар “Расул” дир. Расулларнинг буюклари эса “Улул Азм” дейилади. Булар, Одам (алайҳиссалом), Нуҳ (алайҳиссалом), Иброҳим (алайҳиссалом), Мусо (алайҳиссалом), Исо (алайҳиссалом) ва севикли пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломдирлар. Машҳур бўлган пайғамбарлар адади ўттиз учтадир.

Улар:

  • Одам (алайҳиссалом)
  • Идрис (алайҳиссалом)
  • Шис (алайҳиссалом)
  • Нуҳ (алайҳиссалом)
  • Ҳуд (алайҳиссалом)
  • Солиҳ (алайҳиссалом)
  • Иброҳим (алайҳиссалом)
  • Лут (алайҳиссалом)
  • Исмоил (алайҳиссалом)
  • Исҳоқ (алайҳиссалом)
  • Яъқуб (алайҳиссалом)
  • Юсуф (алайҳиссалом)
  • Айюб (алайҳиссалом)
  • Шуайб (алайҳиссалом)
  • Мусо (алайҳиссалом)
  • Ҳорун (алайҳиссалом)
  • Ҳизр (алайҳиссалом)
  • Юша ибн Нуҳ (алайҳиссалом)
  • Илёс (алайҳиссалом)
  • Ал Ясаъ (алайҳиссалом)
  • Зулкифл (алайҳиссалом)
  • Шамъун (алайҳиссалом)
  • Исмоил (алайҳиссалом)
  • Юнус ибн Мато (алайҳиссалом)
  • Довуд (алайҳиссалом)
  • Сулаймон (алайҳиссалом)
  • Луқмон (алайҳиссалом)
  • Закариё (алайҳиссалом)
  • Яҳё (алайҳиссалом)
  • Узайр (алайҳиссалом)
  • Исо ибн Марям (алайҳиссалом)
  • Зулқарнайн (алайҳиссалом)
  • Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)

Булардан йигирма саккизтасининг исми Қуръони Каримда келган бўлиб, Зулқарнайн, Луқмон, Узайр ва Ҳизр (алайҳиссалом) ларнинг пайғамбар ёки пайғамбар эмасликлари ҳақида ихтилоф бор. Одам алайҳиссаломдан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган жамийки пайғамбарлар Аллоҳдан айни имонни олиб келганлар ва умматларидан ушаларга ишонишни талаб этганлар. Яҳудийлар Мусо алайҳиссаломга ишониб,Исо алайҳиссалом ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ишонмайдилар. Християнлар эса, Исо алайҳиссаломга имон келтириб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни рад этадилар. Мусулмонлар эса, бутун пайғамбарларга имон келтирадилар”.

Тошкент Ислом институти битирувчиси

Сайдаҳмедова Барнохон

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг