Китобдан яхшироқ дўст йўқ жаҳонда,

 Ғамхўринг бўлгай у ғамли замонда.

 У билан қол танҳо, ҳеч бўлмас озор,

 Жонингга юз роҳат беради такрор.

 Абдураҳмон Жомий

Китоб – қалб гавҳари, кўнгил офтоби. Ҳар дақиқа у бизни донишмандларнинг билим хазинаси билан ошно эта олади. Инсон ҳаётида китобнинг ўрни беқиёсдир. Китоб ўқиш нафақат сўз бойлигини кўпайтиради, балки умумий саводхонликни ҳам оширади.

Бугун жадал суратлар билан равнақ топиб бораётган Ўзбекистон нашриётлари ва матбаа корхоналари қатор жанр ва мавзуларга бой бўлган китоб махсулотларини китобхонлар эътиборига тақдим этиб келмоқда. Шунга асосан, Тошкент ислом институтида жорий қилинган “Китобхонлик куни” муносабати билан 2018 йил 29 март куни устоз ва талабаларни диний-маърифий, маънавий, бадиий ва сиёсий саводхонлигини янада юксалтириш мақсадида ТИИ Ахборот-ресурс маркази  ташаббуси билан “Мовароуннаҳр” нашриёти ва “Шарқ зиёкори” китоблар маркази ҳамкорлигида китоб кўргазма савдоси ташкил қилинди.

Мазкур кўргазма савдода институт устоз ва талабалари иштирок этиб, уларга “Мовароуннаҳр” нашриёти ва “Шарқ зиёкори” китоблар маркази ходимлари томонидан жами 535 номдаги 1605 дона диний-маърифий мазмундаги адабиётлар, аср ошган асарлар, мумтоз адабиёт намоёндалари, бадиий тўқималарга бой асарлар, саломатлик рукнларидаги адабиётлар, сиёсий, бадиий, илмий-адабий, ҳажвий, жаҳон ва болалар адабиёти дурдоналари,  араб, инглиз, рус тилларидаги луғат китоблар, оила психологияси, тарих, юридик китоблар, шеърий тўпламлар ҳамда халқ табобатига оид асарлари намойиш этилди.

Эслатиб ўтамиз, бу каби китоб кўргазмаларини ўтказиш билан устоз ва талабалар юртимиздаги нашриётлар фаолияти ва уларда чоп этилаётган янги китоблар билан яқиндан танишиб бориш имкониятига эга бўлмоқдалар.

Ахборот-ресурс маркази мудири

Камолиддин Маҳкамов

 

30120cookie-checkКитоб – қалб гавҳари, кўнгил офтоби
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting