Узоқ йўлга отланган бир мусофир киши бепоён ялангликда кетар экан, узоқдан бир дарахтга кўзи тушиб, отини ўша тарафга бурди. У дарахт тагига етганида отидан тушиб қўлига қозиқни олди ва уни дарахт сояси тушадиган ерга қоқиб унга отини арқонини боғлаб қўйди. Соясида овқатланиб бироз хордиқ чиқаргандан сўнг отига минар экан “Мендан кейин келган йўловчилар ҳам уловларини шу қозиққа боғлаб, ундан фойдаланса савоби тегар”, дея қозиғини қоқилган жойида қолдирди ва отига миниб йўлида давом этди.

Бир қанча вақтдан кейин бошқа  бир йўловчи ўша ердан ўтиб кетар экан у ҳам дарахт сояси остида дам олиш учун уловини дарахтга боғлади. Вақт пешиндан бироз ўтиб қолганлиги учун дарахт сояси ҳам ўзидан бироз узоқлашган эди. Йўловчи дарахт тагидан соя тарафга юрар экан оёғи ногоҳ ўтлар орасида нимагадир тегиб қоқилиб  тушди. Туриб қараса ерга қоқиб қўйилган қозиқ турибди. Мендан кейин келган йўловчилар унга чалиниб йиқилиб тушмасин, деб уни суғуриб олиб улоқтирди. Ҳикоя шу жойда тўхтайди.

Юқоридаги воқеада икки ҳил ва бир-бирига мутлақо тескари ҳолат юз берди. Йўловчиларнинг бири қозиқни қоқди, бошқаси эса уни суғуриб, олиб ташлади. Юзаки қараганда бири қилган ишнинг аксини иккинчиси қилди. Аслида бири иккинчисига қарама-қарши бўлганлиги учун ишларнинг бири тўғри, бошқаси эса нотўғри бўлиши керак. Аммо, Умар розияллоҳу анҳунинг Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган “Амаллар ниятларга қараб бўлади”, деган машҳур ҳадисига кўра бу йўловчиларнинг ҳар бири қилган иши учун мукофатланади ва уларга савоб ваъда қилинади. Чунки ҳар иккаласининг ҳам қалбида одамларга яхшилик қилиш ва эзгулик бор эди. Шунинг учун ҳам бу воқеада ҳар иккала ҳолат ҳам тўғри деб баҳоланади. Демак, ҳар қандай оддий ишни қилаётганимизда ниятимизни чиройли қилсак амалларимиз савобли ва икки дунёда ҳам фойдали бўлар экан.

Роббимиз нақадар меҳрибон!

“Тиллар” кафедраси мудири

Ш.Чулпанов

30650cookie-checkБир-бирига тескаридай кўринган иккита амалга бирдай савоб берилиши мумкинми?
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting