Фузайл ибн Иёз:
Беш нарса бадбахтлик нишонасидир: аввали, кўнгил қаттиқлиги, иккинчи – кўздан ёш келмаслиги, учинчи – ҳаёсизлик, тўртинчи – дунёга рағбат қилмоқ, бешинчи – дунё учун узун ҳаёллар суриш.
***
Ҳамиша очиқ кўнгилли бўлинглар. Чунки Аллоҳ очиқ кўнгиллиларни севади.
***
Ҳар ким ўзини баланд тутса паст бўлур, паст тутса баланд бўлур!
***
Икки нарса аҳмоқлик нишонасидир: бири ажойиб нарсани кўрмайин кулмоқ ва бири хабар сўрамасдан туриб хабар бермоқ.
***
Оқил киши шуки, аҳмоқ билан ҳолва ейишдан сақланади.
***
Уч нарса кўнгилни ўлдиради: кўп емоқ, кўп ухламоқ ва кўп гапирмоқ. Қуръон, ҳадис ва машойихларнинг сўзи бўлса ундоқ эмас.
***
Агар бир киши сендан «Аллоҳни севасанми?» деб сўраса унга жавоб бермагин! Чунки агар севмайман десанг кофир бўласан, агар севаман десанг ва унга лойиқ амал қилмасанг ёлғончи бўласан!
***
Суфёни Саврий:
Кимки ихлос билан бир амални қилсаю, кейин ўша амалга мақтаниб, мен фалон ишни қилдим, деса, қабул бўлган ўша амали яхшилик рўйхатидан ўчирилиб, риё рўйхатига ёзилур…
***
Боязид Бистомий:
Ҳаёт – илмда, роҳат – маърифатда, завқ – зикрдадир. |
Халқнинг ҳалокати икки нарсададир: биттаси – халқни ҳурмат қилмаслик, иккинчиси, Ҳаққа шукр қилмаслик.
Ҳақ севгиси уч нарса билан белгиланади: саховатда денгизга, шафқатда қуёшга, тавозе ва мискинликда тупроққа ўхшайди.
Иброҳим ибн Адҳам:
Ҳар ким уч ўринда кўнглини ҳозир тутмаса, унга раҳмат эшиги очилмайди: Қуръон ўқилганда, иккинчи зикр айтилганда, учинчи, намоз ўқиётганда.
***
Иброҳим ибн Адҳамдан насиҳат сўрадилар, деди:
– сен боғлиқни очгин, очиқни боғлагин.
У киши:
– бу гапни тушунмадим.
-Боғланган чўнтагингни очгин ва улашгин, яъни саховатли бўлгин ва очилган оғзингни ёпгин, яъни беҳуда ва бефойда сўзларни гапирмагин.