Фаридиддин Аттор ҳазратлари устози Шайх Рукниддин ҳазратларига бир қизиқ воқеани сўзлаб беради.

– Бир сўфий қишлоқ йўлидан ўтаётган эди, ит ташланди. Сўфий ўзини ҳимоя қилиб, қўлидаги таёғи билан итни урди. Итнинг оёғи синди. Бечора оғриқ азобида инграб, нола қила бошлади. Синган оёғини судраб, шайх Абусаид Абулхайр олдига борди. Шайх итга термилиб, раҳми келди. Чунки у бу итни билар, унинг бировга озор бермаслиги, диёнатли одамлар эшигида посбон бўлиб, хиёнат қилмаслигидан хабардор эди. Ит синган оёғини кўрсатиб, одамга ўхшаб тилга кириб, гапира бошлади:

– Эй шайх, фалон сўфий менинг оёғимни уриб синдирди. Чақириб жазосини бер, мен сендан сўрайман, – деб илтимос қилди.

Шайх сўфийни олдига чақириб деди:

– Бу тилсиз жониворга нега озор бердинг, қаттиқ жабр ўтказибсан. Бу адолатдан эмас, сен Худо йўлига кирган одамсан, раҳму шафқат, адолат йўли сенинг йўлинг эмасми?

Сўфий Абдулхайрга деди:

– Эй устоз, бунда менинг айбим йўқ. У менга ёпишиб, йўлимни тўсди ва тўнимни бенамоз қилди. Шу сабаб таёқ билан урдим. Ерда ётиб нола қилаётган ит эса шайхга термиларди. Шайх итга қараб деди:

– Сўфий гуноҳкор, сен ноҳақ жабрлангансан. Ўзинг айтгин, сўфийга нима жазо берайин? Ҳукмини ўзинг айт, токи жазо қиёматга қолмасин. Агар истасанг, мен уни калтаклатай, сенинг хушнуд бўлишинг учун нима чора бўлса қилурман. Шунда ит деди:

– Эй шайхи замона, бунинг эгнидаги сўфийлар тўнини кўриб, бу аҳлуллоҳдан экан, унга тегмайман, деб қарор қилгандим. Чунки Худо йўлида юрган одамларга итлар ҳам зиён етказмайдилар. Агар сўфийга озор етказсам, бутун вужудим ўртанар эди. Аммо сездимки, унинг тўни сўфиёна бўлгани билан, ўзи риё аҳлидан экан. Тўни саломатлик- фақирлик нишонаси, лекин ботини вайрон экан. Агар жазо бермоқчи бўлсанг, ҳозир бергил, ҳақиқатан ҳам жазони қиёматга қолдирма: унинг эгнидаги дарвешлар – мардлар тўнини ечиб ол. Шунда унинг касофати ва зараридан одамлар қутилади. Эгнидан саломат аҳли ҳирқасини ечиб олсанг, шу жазо унга қиёматга қадар етади. Мен ҳам шунда рози бўларман. Шайх Абдусаид Абдулхайр итнинг садоқатига қойил қолди ва айтганини бажо этди.

– Эй инсон! Туфроқ бўл, бир ҳовуч туфроқдан яралгансан. Нечун мунча лофу дағдаға, мунча ёлғон ва риё, бир қорнинг учун мунча азият ва азоб, фитнали амаллар?! Нега бунча беҳудсан, бехабарсан? Эранлар ўзларини ҳокисор билурлар, олтинни тупроққа тенг ҳисоблаб, шу мардликлари туфайли жон била танни пок сақларлар! Ҳикоят шу қадар таъсирли ўқилдики, ҳатто муаллифнинг кўзидан ҳам шашқатор ёшлар оқди. Шайх Рукниддин эса анчадан буён овозсиз йиғларди. Ниҳоят у ўзини босиб, юрак-юракдан:

– Офарин, офарин Фаридиддин, – дея хитоб қилди. Сўнг шогирд қўлидаги қўлёзмаларни авайлаб силар экан:

– Бу битиклар сўқир кўзни-да очиб, тош юракни-да эритишга қодир! –деди. Мезбон ҳамон ўзи ўқиган ҳикоят таъсирида эди, шу боис бош эгиб таъзим қилмоқдан ўзга сўз айтишга мажоли етмади.

– Ҳа рост фикр шуки, “Илоҳийнома”нинг ҳар бир достони, ҳар бир ривояти ислом қалъасига қўйилган олтин ғишт ҳисобида баҳоланур, – деди муршид қувончи ва завқини яширолмай. Дафъатан орадаги сукут муддати чўзилиб кетгандай туюлди. Устознинг йирик кўзлари чорбоғ адоғида шарқираб оқаётган ариқ тарафга тикилган ва у шу ҳолатда яна ниманидир ўйланиб ўтирарди. Бу жимлик шу қадар сирли, шу қадар ҳузурбахш эдики, гўё боғдаги сайроқи қушлар ҳам сокинлик сабосига қулоқ тутаётгандай чурқ этиб сайрашга ботина олмаётгандай эди.

Аллоҳим бизларда ҳам улардаги ўзгаришни насиб қилгин. Аллоҳумма солли васаллим ва барик ала набиййина Муҳаммад.

 “Диний фанлар” кафедраси кабинет мудири

Урол Назар Мустофо Термизий тайёрлади

34570cookie-checkИт оёғини синдирган сўфий
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting