Нақд пулсиз, пулини кейин тўлаш шарти билан бўлган ёки бўладиган савдо муомаласи тилимизда насия савдо деб аталади. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида насия сўзи “муҳлатни чўзиш”, “кечиктириш”, “қарз” маъноларини англатади. Араб тилида бу савдо “بيع بالنسيئة”  ёки “بيع مؤجل” дейилади. Насия савдо умумий бўлиб унинг бир неча турлари бор.  Сотувчи ва олувчи нархни келажакда, маълум белгиланган жойда кечиктириб тўлашга  келишиб олинган савдо туридир. Тўлов бир маротаба тўланадиган ёки бир неча маротаба бўлакларга бўлиб тўланадиган бўлиши мумкин.

Шунга кўра: байъ муажжал – тўлов нархини кечиктириб тўланадиган савдо, байъ тақсит – тўлов нархини кечиктириб, бўлакларга бўлиб тўланадиган савдо. Савдода тўлов нархини эмас балки сотиладиган нарсанинг кечиктириб берилиши муажжал савдонинг тескариси бўлиб салам савдоси дейилади.

Бу савдонинг жоизлигига Қуръони каримдан ушбу оят далил бўлади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِذَا تَدَايَنْتُمْ بِدَيْنٍ إِلَىٰ أَجَلٍ مُسَمًّى فَاكْتُبُوهُ

“Эй иймон келтирганлар! Маълум муддатга қарз олди-берди қилган вақтингизда, уни ёзиб қўйинг”. (Бақара. 282)

Суннатдан далил:

عن عائشة  قالت: اشترى رسول الله من يهودي طعاماً بنسيئة، فأعطاه درعاً له رهناً

Оиша розияллоҳу анҳо айтади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир яҳудийдан таомни насияга сотиб олдилар ва унга (яҳудийга) ўзининг совутини гаровга қўйдилар”. Муттафақун алайҳ.

Насия савдо қилганда унинг муддатини белгилаш шарт:

Юқоридаги оятга кўра Аллоҳ рухсат бераётган насия савдоси маълум муддатга бўлишига қайдланяпти. Яъни: “…маълум муддатга қарз олди-берди қилган вақтингизда…”

 Ва яна Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бу тўғрида қуйидагича кўрсатма берганлар:

قال قدم النبي صلى الله عليه وسلم المدينة وهم يسلفون بالتمر السنتين والثلاث فقال من أسلف في شيء ففي كيل معلوم ووزن معلوم إلى أجل معلوم

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида Мадина аҳли ҳурмони икки йил ёки уч йилга насияга савдо қилишар эди. Бу ҳолатга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Ким бирон нарсани салаф байи қилиб олди берди қилса, бас, ўлчами аниқ бўлсин ёки вазни аниқ бўлсин ва аниқ муддатга бўлсин”. Бухорий ривояти.

Булардан билиндики, насия савдода пулни тўлаш муддати аниқ белгиланиши керак.

Тошкент Ислом институти битирувчиси

Робиа Муҳаммад Ризо қизи

39240cookie-checkНасия савдоси
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting