Бидъат-хурофотнинг исломга ва мусулмон жамиятига етказадиган катта хатарлари, оғир оқибатлари ва хавфли зарарлари мавжуд. Шу вақтгача пайдо бўлган турли диний фирқа ва гуруҳларнинг келиб чиқишига бидъат сабаб бўлганлигининг ўзи унинг нақадар хавфли иллат эканлигини билдиради. Бидъат-хурофотнинг жамият учун келтирадиган иқтисодий-ижтимоий зарарларидан саноқлиларини келтириш билан кифояланамиз:

Бидъатчи тушунчасининг бузуқлиги. У яхшиликни ёмон деб, ёмонликни яхши деб билади. Суннатни бидъат деб, бидъатни суннат деб билади. Ҳузайфа ибн ал-Яман розияллоҳу анҳу айтади: “Бидъат шунчалар тарқаб кетадики, агар мабодо бир бидъат тарк қилинса: “Суннат тарк қилинди” дейишади.

Бидъатчининг гувоҳлиги ва ривояти қабул қилинмаслиги. Муҳаддис, фақиҳлар ва усул уламолари бидъати билан куфр келтирган бидъатчининг ривояти қабул қилинмаслигига ижмоъ қилишган. Бидъати билан куфр келтирмаган бидъатчининг ривоятини қабул қилиш борасида турли фикр билдирганлар. Имом Нававий: “Агар бидъатчининг ривояти бидъатга чорламаса, унинг ривояти қабул қилинади. Агар чорласа қабул қилинмайди”.

Бидъатчи ўз гуноҳи ва унга эргашганларнинг гуноҳини гарданига олади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бу ҳақида шундай дейди: “Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким ҳидоятга чақирса унга эргашганларнинг ажри каби ажр унга берилади. Унга эргашганларнинг ажридан ҳеч нарса озаймайди. Ким залолатга чақирса, эргашганларнинг гуноҳичалик гуноҳ унга берилади. Унга эргашганларнинг гуноҳидан ҳеч нарса озайтирилмайди”. Муслим ривояти.

Бидъатчи бидъат ишларини тўхтатмагунича унинг тавбаси қабул қилинмайди.

Бидъатнинг тарқалиши суннат амалларининг йўқолиб кетишига олиб боради натижада мусулмонларни диннинг тўғри йўлини англашида ноаниқликлар юзага келади.

Бидъат ширкка олиб боради ва исломдан чиқаради. Агар мусулмонлар қабристонда ширк амалини бажараётган бўлса, бу ўзлари маъқуллаган ва ашаддий суфийларидан кўриб олган бидъатлари амаллардир.

Бидъат инсонлар ҳаётига жоҳилият асрини қайтариб олиб киради. Халқ ичида парокандалик ва низоларни уйғотади. Шунда ҳар бир фирқа ўзиникини бошқа фирқаникидан тўғри ва яхши деб ҳисоблайди. Аллоҳ Таоло улар ҳақида шундай дейди: “Ҳар фирқа ўз ҳузуридаги нарса ила ҳурсанддирлар”. Мўминун сурасининг 53-оятида “Бошқа йўлларга эргашманг! Бас сизни унинг йўлидан адаштирмасинлар”. Айни шу нарса катта-катта уруш-жанжал, қон тўкилишлар, хўрлашлар, жабру-зулмларни келтириб чиқаради. Суннат эса инсонларни бирлаштиради, қалбларини бир-бирига боғлайди. Натижада Аллоҳ Таолонинг “Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг” деган сўзига ўхшаб бир йўлдаги ва бир диндаги аҳил оға-инига айланишади.

Бидъат шаҳвоний амаллардан хам хатарлироқдир. Чунки шахватпараст кимса маъсият эканлигини билса гуноҳлари учун тавба қилиб қайтади. Бидъатчи эса ўзини ибодатдаман, яхшилик қиляпман, тўғри йўлдаман деб ўйлайди. Аллоҳ Таоло уларни қуйидаги сўзларида шундай таърифлайди: Сен: Сизга амаллари юзасидан энг зиёнкорларнинг хабарини берайми? Улар бу дунё ҳаётидаёқ сайъ-ҳаракатлари ботил бўлган, ўзлари эса, гўзал иш қиляпман, деб ҳисоблайдиганлардир-дегин”.

Бидъат инсонларни Аллоҳнинг динидан тўсади. Кофирларни исломга киришига монеълик қилади. Агар мусулмон бўлмаган ва исломни ҳақиқатини билмаган инсон кўп мусулмонларнинг бажараётган жоҳилона, бидъат-хурофот амалларини, бемаъни расм-русумларни кўрса, бу ислом экан, дин шунақа бидъат ва залолат амалларга буюрар экан деб ўйлайди. Айни шу нарса уни ислом динини қабул қилишдан қайтаради.

Кофирликдан воз кечиб ислом динини қабул қилган янги мусулмонлар ҳали динни ўрганиб улгурмай, диний амал деган ўйда бидъатчини бидъат амалларини ихлос билан қила бошлайди. Шунда исломни қабул қилган янги мусулмон куфрга олиб борадиган бидъатларни содир этиб қўяди. Бир куфрдан воз кечиб иккинчи куфрга кириб қолади.

4-курс талабаси

Сайфуддинова Маҳфуза

39340cookie-checkБидъат-хурофотнинг ижтимоий зарарлари
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting