Аллоҳ таолога беҳисоб шукрлар бўлсинким, мустақилликка эришганимиздан кейин, халқимиз миллий ва диний қадриятларини тиклаш йўлида кўплаб ижобий ютуқларга эришди. Хусусан, диний соҳада амалга оширилган ишлар таҳсинга лойиқ. Жумладан, республикамизда бир қанча диний уқув юртлари ўз фаолиятини бошлади. Натижада, диний илмларни чуқур эгаллаган имом хатиблар, мударрис устозлар каби соҳа ходимлари шаклланди. Бу эса, ўз навбатида халқимизнинг муқаддас динимиз доирасидаги кўникмаларга эга бўлишларига замин яратди.

Шунга қарамай бугунги кеча-кундузимизда омма халқ орасида кузатилаётган баъзи шариатимизга тўғри келмайдиган ҳолатлар мавжуд.

Шу маънода, биз бутун башарият ҳаётида кун келиб йўлиқиши муқаррар бўлган мавзу, яъни азадорлик ва унинг одоблари ҳақида сўз юритмоқчимиз. Шариатимизда барча масалаларнинг тартиби ва ўзига хос одоблари бўлгани каби, азадорликнинг ҳам ўзига яраша ҳукмлари ва одоблари бор.

Биринчи навбатда мусибат етган хонадонга таъзия учун борадиган кишиларнинг риоя қилиши керак бўлган одоблари ҳақида сўз юритсак.

Биринчидан, аза бўлаётган ерда овозни баланд қилиб гаплашиш, ҳазиллашиш ва кулиш яхши иш саналмайди. Зеро, таъзия жойида бундай ишларни қилиш динимизга ҳам, инсонийлик нормаларига ҳам тўғри келмайди.

Иккинчидан, таъзияга борган киши ўзини меҳмонман деб ҳисоблаб, мезбон томонидан шунга яраша муомала кутиши тўғри эмас. Баъзи таъзияларда, афсуски, худди шундай меҳмондорчиликка ўхшаш ҳолатлар кузатилади. Бу эса ҳам шаръан, ҳам одоб жиҳатидан ҳам номаъқул ишдир.

Учинчидан, мусибат эгаларидан ҳол аҳвол сўраганда кулиш, эътиборсиз муносабат кўрсатиш жоиз эмас, балки мусибат Аллоҳнинг иродаси экани ва унга сабр қилиш лозимлиги ҳақида насиҳат қилган ҳолатда кўнгил сўралади. Бунинг энг яхши кўринишларидан бири “Аллоҳ вафот қилганларни мағфират қилиб, ўз раҳматига олсин ва сизга сабру жамил берсин”, дейишликдир. Таъзия айтишдан асосий мақсад ҳам айнан мусибат етганларнинг қайғуларини озгина бўлса ҳам енгиллатиш ва Аллоҳ таолонинг тақдирига рози бўлишга чақириб панд насиҳат қилишдир.

Юқорида таъкидлаганимиз “меҳмондорчилик” кўринишидаги таъзиялар ҳақида узоқ гаплашиш мумкин.

Бундай бидъат ва хурофотлардан бирлари пайшанбалик, якшанбалик деб худойилар қилиш, йигирмалик, қирқлик дея катта қозонларда ош дамлаб, кўплаб меҳмонлар чақириб, катта маросимлар ўтказишдир. Тўғри Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам савобини ўтганларга бағишлаб эҳсон ва садақалар қилишга тарғиб қилган. Лекин, бу шаръан мажбурий иш эмас. Шу билан бирга ҳаддан ошиб, исроф қилиш натижасида савоб эмас, балки бу ишимиз уқубатга сабаб бўлиб қолиши мумкин.

Бундай ишлар шариатимиз буюрмаган амаллардан экани фиқҳий китоблардан маълумдир. Бу ҳақда уламолар: “Халқимиз ичида тарқалган кўп худойилар ношаръий садақалардандир, унда на маййитга ва на хонадон соҳибига савоби бор”, деб огоҳлантирадилар.

Ҳаттоки, баъзи бир мусулмонлар ислом таълимотлари ва шариат аҳкомларини тўғри тушунмаганлари туфайли бу маросимларни фарз ҳукми ўрнида кўриб, унга шундай катта эътибор билан қарайдиларки, гўё бутун мусулмончилик шундан иборатдек.

Мусулмонлар бундай бидъатларга берилмаслиги керак. Ҳолбуки хайр эҳсонлар қилиш мустаҳаб амаллардандир. Аксинча, уларни шариатга мувофиқ тарзда амалга ошириш шартдир. Маҳалла куйда хижолат қиламан деб, қарз олиб ёки борини ишлатиб худойи қилишлик, бу айни шариат номақбул санаган гуноҳнинг ўзидир.

Шундай экан, биз мана шу ҳолатларни тўғри амалга оширишимиз, ўтганларимизни йўқлашда фақат таом пишириб улашиш билан чегараланиб қолмасдан кам таъминланган оилалар, бева-бечоралар, муҳтож кишиларни турар жойини яхшилаш, фарзандларига кийим-кечак олиб бериш ёки кўпчилик манфаат оладиган баъзи-бир ишларни қилишга, доимий равишда уни савоби ўтганларимизга бориб туришини таъминлайдиган ҳолатларга ҳам ўтишимиз керак.

Тошкент ислом институти

4-курс талабаси Мамаюсупов Маъмуржон

40520cookie-checkАзадорлик одоблари
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting