“Фасх” арабча сўз бўлиб, бекор қилмоқ, бузмоқ, йиртмоқ, ажратмоқ маъноларини англатади. Забидий ўзининг “Тожул урус шарҳул қомус” китобида фасхни ақл ва бадандаги заифлик, ташлаш, айириш, фикрнинг бузилиши, нодонлик каби маъноларини айтиб ўтган. Никоҳ, олди-сотди ва азму қарор бузилганда ҳам мажозан фасх калимаси ишлатилади. Ҳадис китобларида Пайғамбаримиз соллоллоҳу алйҳи ва салламнинг ҳажга эҳром боғлаб йўлга чиққан саҳобаи киромларга эҳромдан чиқиб, умрага ният қилишларига берган рухсатларини “фасх” сўзи билан ифода этилган.

Истилоҳда эса келишувни бекор қилишни ҳам, келишувнинг ҳукмини худди келишув бўлмагандай буткул йўққа чиқаришни ҳам фасх дейилади. Яъни фасх сўзи хиёр ҳолатида келишувни бузишга ўхшаш, келишувнинг ҳукмини худди келишув бўлмагандай буткул йўққа чиқаришга ҳам, шунингдек, жоиз ёки мажбурий бўлмаган ақдлардаги каби, келишувни келажакка нисбатан бекор қилишга ҳам ишлатилади.

Ақд боғлангандан кейин уни бузишликка ҳеч қандай йўл йўқ, фақатгина баъзи ҳолатларда уни бузишга рухсат этилади. Масалан, байъдаги ихтиёрларда, иқолада, сотилган нарсани харидор қўлига олишидан олдин ҳалок бўлганда, келишув лозимий бўлмаганда фасх қилиш мумкин. Бу нарса келишганларнинг, ёки улардан бошқасининг хоҳши билан ўз ниҳоясига етади. Келишганларнинг ҳар бири келишувдан олдинги ҳолатларига қайтадилар. Агар битим савдода бўлган бўлса, сотувчига сотилган нарса, ҳаридорга эса пул қайтарилади.

Имом Суютий ўзларининг “Ал-Ашбоҳ ван Назоир” китобида фасхга шундай таъриф беради: “Фасхларда ақдларда кечирилмайдиган нарсалар кечирилади. Шу сабабдан у қабулга муҳтож бўлмайди. Ва яна фасхлар ақдлардан фарқли ўлароқ таълиқларни қабул қилади”.

Ислом дини инсонларни доимо аҳдга вафо қилишга буюрган. Аллоҳ таоло “Моида” сурасида шундай марҳамат қилади: “Эй, иймон келтирганлар! Битимлар (аҳдлар)га вафо қилинг!”

Ояти каримадаги “Битим” (келишувлар) сўзидан икки томон ўзаро келишиб тузиладиган ва имзолаб тасдиқланадиган ҳозирги урфдаги келишувларнигина тушунмаслик керак. Балки бу ерда барча зарурий ва жоиз келишувлар назарда тутилган. Уларнинг аввалида банданинг ўз Парвардигорига берган аҳдлари туради. Буни иймон аҳдномаси дейилади. Бу Аллоҳнинг ягона илоҳ, Робб ‒ яратувчи, тарбия этувчи ва Ҳоким ‒ буткул ҳукмрон эканини эътироф этишни ҳамда У Зотга бандалик қилиш, итоат этиш ва тўла таслим бўлишга аҳд қилишни ўз ичига олади. Бу аҳднома ‒ мийсоқ ҳар бир инсон учун бевосита тааллуқлидир.

Тошкент ислом институти 4-курс талабаси Мирзаходжаев Рамзиддин

41100cookie-checkФасх тушунчаси
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting