“Албатта, (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан қўшиб яна бирор кимсага дуо (ибодат) қилмангиз!”.[1]

Масжид муқаддас даргоҳдир. Зеро,Аллоҳ таоло Ўзининг каломи шарифи Қурьонда шундай марҳамат қилади: “…У (масжид)ларда эртаю кеч Унга (Аллоҳга) тасбеҳ айтадиган кишилар бордирки, уларни на тижорат ва на савдо (ишлари) Аллоҳнинг зикридан, намозни баркамол адо этишдан ва закот беришдан чалғита олмас. Улар диллар ва кўзлар изтиробга тушиб қоладиган кун (қиёмат)дан қўрқурлар”[2].

Дарҳақиқат, масжид динимизнинг энг катта рамзларидандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга катта аҳамият берганлар. Жумладан, У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида биринчи қилган ишлари масжид бино қилишга киришганларидир. Чунки, масжид мусулмонларни бирлаштириш орқали бирдамлик, ҳамфикрлик ва иттифоққа чорлайди.

Ниятнинг холислиги: Мусулмон киши уйидан масжидга йўл олаётган вақтида ибодатга сабаб бўладиган ҳар бир қадамига савоб битилишини ҳис қилиши, таҳоратни мукаммал қилиб, кийимларини энг яхшисини кийиши, намозда эса гўё Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қилиши фазилатли амаллардандир. Зеро, намозхон намозда оламлар Роббиси Аллоҳ таолонинг ҳузурида бўлади. Аллоҳ таоло каломи шарифида шундай дейди: “Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширкдан) холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни баркамол адо этишга ҳамда закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (ҳаққоний) диндир”[3].

Ёки Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ”ларида ҳаммамизга машҳур бўлган 1-рақам остида ёзилган ва амалий жиҳатдан энг эьтиборли бўлган ҳадиси шарифда шундай дейилади: Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: “Амаллар ниятларга кўрадир. Ҳар бир кишига ният қилгани бўлур”. (Бухорий ривояти).

Тозаликка риоя қилиш:Ҳақиқатдан ҳам, динимиз мукаммал одоблар сари етаклайди. Динимизнинг кўпчилик покликка эътибор қилмайдиган 14 аср аввал поклик ва беқиёс одобга тарғиб қилишлиги бунинг яққол мисолидир. Масжидга кирганимизда, хусусан намоз ўқиш мобайнида ёнимизда сал нохуш ҳидни ҳис қилсак таъбимиз бузилади. Натижада, намозда шарт бўлган хушуь ва хузуъга путур етади.

Масжид одобларидан яна бири мисвоқ ишлатиш ва нохуш ҳидлардан холи ҳолатда киришдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Агар умматим учун машаққат деб билмаганимда эди, уларга ҳар намоздан олдин мисвак ишлатишни буюрган бўлардим”.[4]

Жобир розияллоҳу анҳудан: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким пиёз, саримсоқ пиёз ва кўк пиёз еган бўлса, масжидимизга яқинлашмасин. Чунки, бани одам азият чекадиган нарсадан фаришталар ҳам азият чекурлар”[5].

Бундан ташқари, ҳозирда баъзи футболкалар ёки кўйлаклар тор ва калта кўринишда, ёки у либосларнинг устиларида дин-диёнатимизга ва миллийлигимизга тўғри келмайдиган ёзув ва суратлар туширилган. Хусусан, саждага борилганда белимиз очилиб қолиш ҳоллари кузатилмоқда. Ёки, ёз кунларида йигитлар масжидга калта шортикларда келишади. Ваҳоланки, намозда тоза ва авратни ёпадиган либос кийиш фарз, энг яхши ва гўзалини кийиш эса суннатдир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Эй, Одам авлоди! Сизларга авратларингизни беркитадиган либос ва патлар (зийнат кийимлари)ни туширдик. (Аммо) тақво либоси – бу, яхшироқдир. Бу(лар) Аллоҳнинг мўъжизаларидандир. Шояд (буни) эслаб кўрсалар!”.[6]

Бошқа ояти каримада эса:“Эй, Одам авлоди! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингиз (пок кийимларингиз)ни (кийиб) олингиз!…”[7].

Пиёда бориш ёки кечки намознинг фазилати: Шу сабабли мусаффо динимизда масжид шаьни, иззати ва ҳурматидан келиб чиқиб, унга тегишли бир қанча фазилатли ва савобли амалларга тарғиб қилган. Масжидга пиёда бориш шулар жумласидандир. Абу Мусо Ашьарий розияллоҳу анҳудан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Инсонларнинг намоз борасида энг буюк ажрлилари унга узоқроқдан юриб келадиганлари ва янада узоқроқларидир…”[8]. Бу ҳадиси муборакда масжидга намозни адо этиш мақсадида узоқдан юриб келишнинг фазилати зикр қилинмоқда. Бошқа ҳадисда худди шу маьнони қувватлаб, масжидга уловда боришдан кўра пиёда боришнинг фазилати устун қўйилган ва мақталган.

Бурайда Асламийдан ривоят қилинади: “Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зулматда масжидга борувчиларга қиёматдаги мукаммал нур хушхабарини беринг!”, – дедилар”.[9] Яьни, якка намозхоннинг намозидан 25 – 27 баробар кўпроқ савобга эришиш мақсадида кечки хуфтон ва бомдод намозларини масжидда ўқиш учун борувчиларга зулматга қопланган қиёмат кунида “мукаммал нур” туҳфа этилиши ҳадисда ўз ифодасини топган.

Дуо ижобат бўладиган онларни қўлдан бой бермаслик: Анас  розияллоҳу анҳудан:  Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Азон ва иқоматнинг ўртасидаги дуо қайтарилмайди”[10],-деганлар. Динимизда мазлумнинг дуоси, жума кунида, яхши амал қилинганда, Қурьон хатм қилинганда, кечанинг учинчи қисмининг охирида, арафа кунида ва ҳайит кунларида қилинган дуолар қабул қилиниши ҳақида маълумотлар бўлганидек, ушбу ҳадиси шарифда азон билан иқоматни ўртасидаги вақтни ғанимат билиб ундан фойдаланишга тарғиб қилинмоқда.

Шовқин қилмаслик, намозхонларнинг фикрини бўлмаслик ва халал бермаслик: Яъни, масжидда ўзини оҳиста тутиш, намозхонларнинг хаёлини чалғитмаслик лозимдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар иқоматни эшитсангиз намозга юриб келинг. Хотиржам ва виқорли бўлинг. Шошилманг! (Намоздан) топганингизни ўқинг ва ўтиб кетганини (улгурмаганингизни) тугаллаб қўйинг”,-дедилар[11].

Масжидда намозхонлар кўп бўлганлиги, улар олдимизни кесиб ўтиб гуноҳкор бўлмасликлари учун намозни четроқда ёки бирор устунни ортида ё бўлмасам бирор бир сутрани олдимизга қўйиб ўқишимиз мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки, намоз ўқиётган кишини олдини кесиб ўтишдан қуйидаги ҳадисда қайтарилган: Абу Жуҳайм Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Намоз ўқигувчининг олдидан ўтаётган киши унинг зарарига нима бўлаётганини билганида эди, “қирқ” туриши унинг олдидан ўтишидан кўра яхшироқ бўларди”. Абу Назр: “Қирқ кун ёки ой ёки йил деганини эслолмаяпман”,-деди. Бухорий ва Муслим ривояти. Яъни, бу ҳадисни ривоят қилган Абу Назр  раҳматуллоҳи  алайҳ  ҳадис матнидаги “қирқ” сўзини аниқ “қирқ кун” ёки “қирқ ой” ёки “қирқ йил” эканини эслолмаган.

Демак, намоз ўқиётган одамнинг олдини кесиб ўтиш қанақа гуноҳ эканини билган одам ўша узоқ муддат кутиб туришни устун кўрган бўларди.

Намозхон эса сутрасиз ўқиганда ёки у ва сутранинг ўртасидан кесиб ўтувчини тасбеҳ айтиш яъни, “субҳаналлоҳ” дейиш билан ёки қўли билан ишора қилиш орқали қайтаради. Чунки, Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Саламанинг ҳужраларида намоз ўқиётган эдилар. Шунда олдиларидан Абдуллоҳ ёки Умар ибн Абу Салама ўтди. Расулуллоҳ қўллари билан ишора қилганларида қайтди”[12].

Баъзи ҳолларда намозхонларнинг фикрини ён чўнтакларимиздаги қўл телефонларимиз ҳам чалғитади. Айнан телефонларга эътиборли бўлиб, масжидга киришимиздан аввал уларни ўчириб қўйишимиз масжид одоби ва савобли амалдир.

Юқорида эслаб ўтилган масжид одобларидан кўзланган энг асосий мақсад Аллоҳнинг байтини эьзози ва намозхонларнинг хушуь ва хузуьларига халал бермасликдир. Бу кўрсатмаларнинг барчаси асрлар давомида миллатимиз, халқимиз урф – одатларининг ажралмас одоблари сафидан мустаҳкам ўрин олиб бўлган. Фақатгина, бу одоб дурдоналарини қўлдан бой бермай сақлаб қолиш ўз қўлимиздадир!

[1]Жин сураси, 18.
[2]Нур сураси, 36-37.
[3]“Баййина” сураси, 5 оят.
[4]“Саҳиҳи Муслим”, 252.
[5]“Саҳиҳи Бухорий”, 807.
[6]“Аъроф” сураси, 26 оят.
[7]“Аъроф” сураси, 31 оят.
[8]“Саҳиҳи Бухорий”, 614. “Саҳиҳи Муслим”, 1064.
[9]“Сунани Термизий”, 207.
[10]“Мишкотул масобийҳ”, 676.
[11]“Саҳиҳи Бухорий”, 636.
[12]“Ихтисосур ривоя шарҳу мухтасарул виқоя”. “Солат” китоби. –Б. 161.

“Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси,

Олмазор тумани “Аҳмаджон қори” жоме масжиди

имом ноиби Жаҳонгир Рўзиев

41850cookie-checkЖаннат остоналарининг одоблари
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting