Масжиддан қайтаётган икки қўшни суҳбатидан:
– Қўшни, янги имомизнинг қироатлари чиройли экан-а! Намозларни маза қилиб ўқияпмиз. Маърузалари ҳам маъноли, Қуръон-ҳадисдан гапирар эканлар. Аллоҳ рози бўлсин, илмли инсон эканлар.

– «Олим бўлма, одам бўл», дейишади. Илм бўлса-ю, илмига амал қилмаса бундан ёмони йўқ. Баъзи имом-домлалар илмига амал қилмайди. Бу янги домлаям эски имомимиздек илмига амал қилмас экан…

– Ҳой, қўшни, майли домлаларни қўйиб турайлик. Сиздан анчадан бери бир нарса ҳақида сўрамоқчи бўлиб тургандим. Ҳарқалай диний илмингиз мендан кўра тузукроқ. Айримлар ғийбат қилишни ҳанафий мазҳабидан бошқа мазҳабларда жоиз дейишяпти. Ҳақиқатан ҳам баъзи мазҳабларда ғийбат қилиш жоизми?

– Ким айтяпти шу гапни?! Ғийбатни мутлақ ҳаром қилингани айнан Қуръоннинг ўзида зикр қилинган. Тўртала мазҳабда ҳам ғийбат қилиш – ҳаром! Мен буни аниқ биламан!

– Ғийбат ҳукмини аниқ билсангиз нега ўзингиз амал қилмайсиз? Нега мулла-имомларни ҳадеб ғийбат қилаверасиз? Агар улар илмига амал қилмаса, сиз ҳам билганингизга амал қилмаяпсиз-ку! Бир вақтнинг ўзида «илмига амал қилмайди», деб иккала имомимизни ҳам ғийбат қилдингиз-а! Устига-устак, “Тўртала мазҳабда ҳам ғийбат қилиш – ҳаром! Мен буни аниқ биламан!” – дейишингиз мени ҳайрон қолдирди. Илмига амал қилмаётган бирор домлани кўрганимизда ўзимиз ҳам қанчадан-қанча билганларимизга амал қилмаётганимизни ҳам ўйлайлик! Мусулмон одам ҳар томонлама инсофли, адолатли бўлиши керак, қўшни!

– Гапингиз тўғри, қўшнижон. Ғафлатда қолибман, тавба қилдим! Кўзимни очдингиз. Сиздек инсонни менга қўшни қилиб берган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!…

Манба: fitrat.uz

Siz nima deysiz, fikr bildiring!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting