Бугунги илм нури камайиб, жаҳолат илдиз отган кунимизда олимларга, ҳақиқий олимларга ҳар қачонгидан кўра муҳтожроқмиз. Таассуфлар бўлсинки, бироз арабча билиб, беш-олтита дафтарсимон китоб ўқиб олган айрим одамлар ўзларидан олим ясаб олган ҳолда кўплаб яхши инсонларнинг адашишларига сабабчи бўлмоқдалар. Энг нозик ва қалтис масалаларни кўтариб, мусулмонлар бирлигига раҳна солиш билан шуғулланмоқдалар. Динда ғулувга кетиб қолмоқдалар. Уламоларнинг Исломдан бошқа нарсаларга эътиқод қилувчи ҳақиқий ғайридинлар ҳақидаги айрим сўзларини нотўғри тушуниб олган ҳолда мазкур сўзларни мусулмонларни кофирга чиқаришга қурол қилмоқдалар. Бу жуда ҳам хатарли ва қалтис йўлдир. Бу йўлда кўпчилик тойилиб, адашиб кетган.

“Такфир” арабча сўз бўлиб, луғатда “(бировни) куфрга нисбат бериш”, “куфрга ҳукм қилиш”, “кофирга чиқариш” маъноларини англатади. Куфр сўзи луғатда неъматни инкор қилиш, нонкўрлик қилиш, неъматга ношукрлик қилиш, беркитиш яшириш маъноларини англатади. Шундан келиб чиқиб, тунни араблар кофир дейишарди. Чунки, тун ўзининг қоронғулиги билан одамларни кўздан пана қилади. Шунингдек, деҳқон ҳам арабларда кофир деб аталган, чунки, у уруғни ерга яширади. Шунингдек, куфр иймоннинг зиддини ҳам англатади. Қуръони Каримда ворид бўлган “куфр” ёки “кофир” сўзларининг ҳаммаси ҳам иймоннинг зидди маъносида келавермайди. Балки, фосиқлик, иймонга мос келмайдиган иш, ношукрлик маъноларида ҳам келган кўп ўринларда. Лекин на тилни яхши биладиган, на тузукроқ бир шаръий билим олган илмсиз айрим кимсалар эса муйян хатти-ҳаракат “куфр” ёки “кофирлик” сифатида баҳоланган бирор оят ёхуд ҳадисга дуч келсалар, дарров мазкур ишларни диндан чиқарувчи куфр маъносида талқин қилиб, одамларга кофирлик ёрлиғини ёпиштиришга тушиб кетадилар. Бу Ислом таълимотига буткул зид келадиган ишдир.

Агар «такфир» сўзини мусулмонлик даъвосидаги бирор шахсни кофирга ҳукм қилиш деб тушунадиган бўлсак, шуни билиб олиш керакки, бу ҳамманинг иши эмас. Бу фиқҳий, шаръий ҳукм бўлиб, фақат муайян ҳолатда мутахассис кишилар томонидан айтилиши мумкин. Бу масаланинг назарий жиҳати. Ҳолбуки, амалда бундай муҳит ва ҳолат аллақачон йўқолиб кетган.

Аҳли сунна вал-жамоа куфр амалини содир этган мусулмонни, унга қилаётган амали куфр эканлиги ҳақидаги ҳужжатни очиқ-ойдин тушунтирмагунича, кофир демайди. Ҳужжатни қоим қилиш ҳуқуқи эса инсоннинг илм даражаси ва ваколатига боғлиқ бўлади. Қилинаётган иш куфр ишларидан экани тушунтирилгандан сўнг ҳам, у ишни қилувчи буни тан олмасдан, ўз нафси амморасига эргашган ҳолда мазкур ишини ҳалол санаса, ояту ҳадисларни инкор қилса, ана шундагина ундай одам иймондан чиқиб, куфр доирасига кириб қолади, Аллоҳ асрасин!..

Бордию шундай ҳолат юз берса ҳам ундай инсонга насиҳат қилинади, ҳикмат ва яхши гаплар билан ҳақ йўлга чақирилади, дарров уни “кофир бўлди!” деб, атрофга жар солиб юрилмайди.

Аммо, маъсият содир қилувчи киши модомики уни ҳалол санамас экан, асло кофир бўлиб қолмайди.

Бир инсонни кофир деб аташ, кофирга ҳукм қилиш осон иш эмас, аксинча, аниғини билмасдан туриб бир мусулмонни кофир дейиш ўша одамнинг ўзининг иймонини хатар остига қўйиб қўяди.

Мусулмонни кофир деб аташдан Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир нечта ҳадиси шарифларда қаттиқ қайтариб, бу ишнинг ёмон оқибатидан огоҳлантирганлар.

Жумладан Имом Муслим томонидан келтирилган ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Киши ўз биродарини кофирга чиқарса, бас, у иккисидан бири муқаррар унга (яъни куфрга) дучор бўлажак”. Бошқа ривоятда шундай дейилади: “Қайси бир киши ўз биродарига (эй) кофир, деса, албатта бу нарсага у икковидан бири дучор бўлади. Агар у (биродари) айтганидек бўлса, хўп-хўп, бордию ундай бўлмаса, бу (сўз, яъни куфр сўзи) албатта унинг ўзига қайтади”.

Энди, ғулувга кетган такфирчиларнинг энг кўп таянадиган шубҳаларига келсак, у шундан иборатки, уламолар Исломдан бошқасига эътиқод қилувчи яҳудий, насроний, бутпараст ва ҳоказоларни кофир деб билмаган ёки уларнинг йўлларини тўғри деб билган инсонни гарчи у ўзини мусулмон санасада кофир ҳисобланади, деган мазмундаги сўзлари мавжуд. Аммо, бу сўз кофирлиги муҳаққақ бўлган, Исломдан бошқасига эътиқод қилувчи кишилар борасида айтилган сўз бўлиб, уни мутлақ ҳолда қабул қилиш катта хатодир.

Бугунги кунда мусулмон кишиларни кофирга чиқаришга ишқибоз бўлган, шундан нафсини қондирадиган қизиққон, шошқалоқ ва жоҳил кимсалар юқоридаги қоидани мутлақ тушуниб олганлари етмагандек, уни мусулмон одамларга қўлламоқдалар, у орқали мусулмонларни кофирга чиқармоқдалар ва бу ҳам етмагандек, ўзлари мазкур аҳмоқона йўл билан кофирга ҳукм қилган одамларни кофир деб ҳисобламаган ёки уларнинг кофирлиги борасида иккиланган бошқа мусулмонларни ҳам юқоридаги нотўғри тушуниб олган сўзлари орқали кофирга чиқармоқдалар. Бундай жаҳли мураккабни, қават-қават бўлиб кетган қоронғулик ва зулматни кўриб беихтиёр Нур сурасидаги «ظُلُمَاتٌ بَعْضُهَا فَوْقَ بَعْضٍ إِذَا أَخْرَجَ يَدَهُ لَمْ يَكَدْ يَرَاهَا» ояти каримаси эсга тушади.

Бу ғулувга кетган кишилар масалан, бир илмсиз мусулмонни ёхуд ўзини мусулмон санайдиган, куфрни даъво қилмайдиган бирор мусулмон раҳбарни қайсидир иши учун кофирга чиқаради, сўнгра сиздан ҳам ўша одамни кофир деб тан олишингизни талаб қилади. Агар сиз уни кофир деб айтмасангиз, ёки иккилансангиз сизни ҳам осонлик билан кофирга чиқаради. Ва бу ишдаги бор-йўқ далили ва бисоти ўша юқорида келтирилган қоида бўлади.

Ваҳоланки, мазкур қоида ҳам куфрнинг бир тури борасида мусулмонларни адашувдан сақлаш учун, огоҳлантириш учун айтилган илмий бир сўз бўлиб, уни суистеъмол қилиб, одамларни пала-партиш тарзда кофирга чиқариб юриш учун васила қилиш жуда катта залолат ва адашувдир. Такрор айтамизки, у сўз ўзини мусулмон санамайдиган, кофирлиги кундек равшан бўлган ғайримуслим тоифалар ҳақида айтилган.

Аллоҳни ягона деб билмайдиган бутпарастларни мусулмон санаш бу Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқариш билан баробар. Бу эса ўта хатарли нарсадир. Демак, кофирни кофир деб билмаслик куфр бўлади(!) деган сўз бу фақатгина кофирлиги муттафақун алайҳ бўлган, Исломдан умуман бегона бўлган кишиларни мусулмон санаш ҳақида айтилган. Лекин, илмсизлиги ва қандайдир таъвилотлари билан кимдир масалан аҳли китоб ва бутпарастларни кофир деб ҳисобламаса, у инсон ўша заҳоти кофир бўлиб қолмайди ва ундай инсонни то ҳужжат қоим қилинмагунча кофирга ҳукм қилинмайди.

Ғулувга кетган тоифалар ёпишиб олган ва нотўғри ишлатаётган юқоридаги қоидани муайян кишиларни кофирга ҳукм қилишга қурол қилиш асло мумкин эмас. Зеро, мазкур сўз оят ва ҳадислардан кучли эмас. Ваҳоланки, баъзи ишларни қилувчилар кофир бўлиб қолиши ояти карималарда ва ҳадиси шарифларда ҳам ворид бўлган. Лекин, шундай бўлса ҳам мазкур нусуслар иймонга зид келувчи ишларнинг турини баён қилиш ва мусулмонларни Аллоҳнинг азобидан сақланишга чақириш учун айтилган бўлиб, уларни муайян бир шахсни куфрга нисбат бериш учун ишлатиб бўлмайди. Негаки, бирор ишнинг исломга зид келиши бошқа, аммо муайян шахсни кофирга чиқариш умуман бошқа масаладир.

Шунга биноан, инсонни иймондан чиқарувчи ишларни билмасдан, жаҳолат билан ёки қандайдир таъвил билан содир этган мусулмонни кофир ёки мушрикка чиқариш жоиз эмас. Балки, унга бундай ҳукмни ёпиштирмаган ҳолда қилаётган амали иймонга зид келувчи иш эканлигини айтиб, огоҳлантириш мумкин, холос.

Сўзимиз чўзилиб кетгани учун узр сўрайман. Масала ғоятда муҳим ва нозикдир. Агар кимдир мусулмонларни куфрга нисбат беришга ҳарис бўлса билингки, у аниқ залолатдадир, ғулувга кетгандир. Унинг тўсон-тўққизта тўғри сўзи сизни алдаб қўймасин. Ёки зоҳирий кўриниши, тақвоси ва ҳатто юзидаги нури ҳам ғурурга кетказиб қўймасин!.. Бугунги такфирчиларнинг тарихдаги бобокалонлари бўлмиш хорижийларнинг юзларидан нур ёғиларди. Кундузлари соим, тунлари қоим бўлган, ўта тақводор, ниҳоят даражада ибодатда жидду жаҳд кўрсатувчи кишилар эдилар. Шу билан бирга манҳажда адашган, эътиқодда залолатга кетган, кўз кўриб қулоқ эшитмаган қотиллик в шафқатсизликни Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш ва Унинг ризосини топиш деган ўй ва тушунчада содир этувчи адашган бечора одамлар эдилар. Динга ҳаддан зиёда ғаюрлик ва жонкуярлик уларни мўътадилликдан айириб, ифротга тушириб қўйган эди.

Бугун ана шу тоифаларнинг баъзи белгилари айрим кишиларда кўриниб қолмоқда. Улар ҳеч қандай тайинли бир устоз ёки олимга эргашмайдилар. Балки, фақат нафслари зийнатлаб кўрсатаётган саробга эргашмоқдалар. Бу такфирчиларнинг бирорта эргашадиган устози йўқ. Ҳатто, салафийлар, зоҳирийлар ҳам, ваҳҳобийлар ҳам улардан безор. Ашъарийю Мотуридийлар ҳам, ва барча фиқҳий мазҳаб олимлари ҳам уларга қарши. Лекин, илмда шу қадар пастлаб кетдикмики, қайсидир бир илмсизга кунимиз қолган бўлса?! У инсоннинг дастлабки устозлари ҳам аслида унга қарши ва ундан безор бўлган.

Хулоса ва хайрихоҳлик сифатида шуни айтишим керакки, шошилманг биродарим! Илмни кимдан олаётганингизга қаранг! Тўғри йўлдаги аҳли илмларда топмаганингиз шижоат ва ҳақгўйлик, тақво ва амални нотўғри йўлдаги инсонда кўришингиз сизни зинҳор янглиштириб қўймасин!.. Динни мўътадил кишилардан, ҳаммага олим сифатида танилган, узоқ йиллар давомида илм йўлида юрган, васатийликдан оғишмаган инсонлардан олинг!..

Аҳли илмларимиз айтадиларки, мингта кофирни билмасдан мусулмон санаш битта мусулмонни билмасдан кофир санашдан яхшироқдир.

Алишер Султонходжаев,

Тошкент ислом институти мударриси

Манба: Azon.uz

Siz nima deysiz, fikr bildiring!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting