Боғий сўзи араб тилида بغى يبغي  феълидан олинган бўлиб, ҳаддан ошувчи, зулм қилувчи ва тажовуз қилувчи деган маъноларни англатади.  Шаръий истилоҳда эса, мусулмонлар тарафидан сайланган ҳақ раҳбарга маълум қудратга эга бўлган қарши чиқувчилар боғийлар деб аталади. Фуқаҳолар боғийнинг таърифида мана шу жумла билан чекланганлар.  Таърифдаги қарши чиқиш деган сўзнинг маъноси – раҳбар талаб қилган бўйинларидаги вазифани бажаришдан юз ўгиришдир. Масалан, закот беришни рад қилиш каби.

Аллоҳ таоло айтади: «(Эймўминлар), агар мўминлардан бўлган икки тоифа (бир-бирлари билан) урушиб қолсалар дарҳол уларнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар! Энди агар улардан бирови иккинчисининг устига тажовуз қилса, бас то (тажовузкор тоифа) Аллоҳнинг амрига қайтгунича сизлар тажовуз қилган (тоифа) билан урушинглар! Энди агар у (тоифа тажовузкорликдан) қайтса, сизлар дарҳол уларнинг ўртасини адолат билан ўнглаб қўйинглар. (Мудом) адолат қилинглар! Зеро Аллоҳ адолат қилувчиларни суюр. Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир. Бас, сизлар икки оға-инингизнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар! Аллоҳдан қўрқинглар — шояд У зот томонидан бўладиган раҳматга эришсангизлар».

Ушбу оятнинг нозил бўлиши борасида уламолар тўрт хил ривоятни келтирадилар:

1. Ушбу оят Авс ва Ҳазраж қабилалари ўртасида юзага келган жанжал туфайли нозил бўлган. Ўшанда улар ҳурмо шохлари ва оёқ кийимлари билан бир-бирларига зиён етказган эдилар. Бу воқеа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида бўлиб ўтган.

2. Ансорлардан икки киши шерикчиликда иш қилишар эди. Бир куни улардан бири айтди: «Сен ўртадаги молдан кўп олиб юбординг». Бу гапни эшитган шериги масалани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдида ечишни таклиф қилди. Даъво қилган киши эса, бунга рози бўлмади. Бир-бирлари билан тортишиб, ҳатто қўллари ва шиппаклари билан ура кетишди. Шунда ушбу оят нозил бўлди.

3. Ансорлардан бир кишининг Умму Зайд номли аёли бор эди. У ота-онасиникига зиёратга боришни истади. Аммо, ансорий Умму Зайдга рухсат бермай уни хонага қамаб қўйди ва олдига бирор кимсани йўлатмади. Умму Зайд иложини қилиб, қавмига хабар юборди. Қавм уни хонадан чиқариб олди. Ансорий ҳам қавми-қариндошини ёрдамга чорлади. Амакисининг ўғиллари келиб, аёлни қавмининг қўлидан олишга уриндилар. Натижада, жанжал чиқиб, бир-бирларига шиппаклари билан тушура бошладилар. Сўнг ушбу оят нозил бўлди.

4. Бу оят Ҳазражликлар сардори мунофиқ Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ва Авс бошлиғи Абдуллоҳ ибн Равоҳа қавми борасида нозил бўлган. Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг эшакларида Убай ибн Салул қавми билан мажлис қилиб ўтирган жойга келиб тўхтади. Тўсатдан у зотнинг эшаклари чангитиб юборди. Шунда Убай ибн Салул Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёқаларидан ушлаб: «Эшагингнинг бадбўй ҳиди бизга озор бермоқда» – деди. Шунда Абдуллоҳ ибн Равоҳа ғазабланиб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эшакларининг ҳиди сенинг ҳидингдан ҳам отангнинг ҳидидан ҳам хушбўйроқдир», – деди. Бу гапни эшитган Убай ибн Салулнинг қавми дарғазаб бўлиб, Авсликларга шиппак ва қўллари билан ташланиб кетди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Ишларингиз бир кишининг қўлида жамланиб турган ҳолида биров сизларга келиб бирлигингизга путур етказишни ёки жамоатингизни бўлиб ташлашни истаса, уни ўлдиринглар!» .
Яна айтганлар: «Кимда-ким ушбу умматнинг жам бўлиб турганини бўлиб ташлашни истаса, ким бўлишидан қатъий назар, уни қилич билан уринглар!».

Саҳобалар боғийга қарши жанг қилишга ижмоъ қилганлар.

Аллоҳ таоло айтади: «Барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз!». Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйсунингиз!».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Сизларни Аллоҳдан тақво қилишга ва гарчи устларингизга бир қул амир бўлса-да, қулоқ солиш ва итоат қилишга васият қиламан». Бу зарур ишлардандир. Чунки, бунга одамларнинг эҳтиёжи бор, шу билан бирликни сақлаб қолинади, ҳамжиҳатлик ҳимоя этилади, ҳадлар ижроси амалга оширилади, ҳақ-ҳуқуқлар тўла-тўкис бажарилади, амри маъруф ва наҳий мункар барпо бўлади. Фуқаҳолар таъкидлаганлар: “Одамларни бошқариш диннинг энг улкан вожибларидан, балки диннинг ҳам, дунёнинг ҳам туриши шу биландир. Зеро, одамлар давомий равишда бир-бирларига эҳтиёжлари тушиб тургани туфайли уларнинг манфаатлари жамоаларнинг бир-бирлари билан жамланишлари воситасидагина амалга ошади. Жамланганда эса албатта бир бошлиқ бўлиши зарур бўлади. Шариат соҳиби бунинг нақадар зарурлигига диққатни қаратиш мақсадида ҳаттоки вақтинчалик жамоатларга ҳам бир бошлиқ бўлишини вожиб қилган.

Маълумки, одамларнинг салоҳияти раҳбарлар воситасида амалга ошади. Гарчи, раҳбарлар орасида золим ҳукмдорлар ҳам бўлиб турса-да, бу бутунлай раҳбарсиз туришдан кўра яхшироқдир. Айтилганидек, золим имом билан олтмиш йил туриш, имомсиз бир кеча туришдан яхши…” .

Агар шавкат ва қудрат эгаси бўлган бир қавм иштибоҳли бир таъвил билан имомга қарши чиқса, уни раҳбарликдан бўшатишни ёки унга мухолиф чиқишни, итоатидан бош тортишни, бирликка путур етказишни истаса, улар боғийлар ва золимлар саналади, имом улар билан сўзлашувлар олиб бориши, ўзига нисбатан нима айб қўйишаётганини сўраб-суриштириши, агар зулм ўтган бўлса, уни бартараф қилиши, агар шубҳали даъво билан чиққан бўлсалар, шубҳаларига ойдинлик киритиши лозим. Чунки, Аллоҳ таоло: «Уларнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар!», деди.

Агар бир қавм хаворижларнинг фикрини тўғри деб билса, яъни масалан, гуноҳи кабира эгаларини кофирга чиқарса, мусулмонларнинг қонини ҳалол санаса, саҳобаларни сўкишни дуруст деса, у қавм боғий ва фосиқ хаворижлардан деб қаралади. Агар янада ғулувга кетиб, имомга қарши чиқсалар, уларга қарши урушиш фарз бўлади.

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида ҳам баъзи фитначиларнинг чиқиш ҳоллари бўлган.

Ҳазрати Умар олим сифатида ўзлари билмаган нарсани гапиришдан қаттиқ қўрқар эдилар. У киши илмни даъво қилиб, одамлар ичида турли масалаларни ўринсиз қўзғайдиган кимсаларга қарши эдилар. Уларни доимо таъқиб қилар эдилар.

Имом Доримий ва бошқалар Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг мавлосидан қилган ривоятида Қуръондаги баъзи оятлардан ихтилофли муаммо чиқаришга уринган Бану Тамимлик  Субайғ ибн Ислга қарши Ҳазрати Умар қатъий чоралар кўрганлари, шу тариқа у тўғри йўлни топиб олгани айтилади.

Ибн Жарир Тобарий Ҳасандан қилган яна бир ривоятда эса, Ҳазрати Умар йўқ ердаги нарсаларни титкилаб топиб,  одамларни динга амал қилмасликда айблаб юрадиганларни чақириб, уларга танбеҳ берганлари, шу билан бирга, у киши илмига амал қилмайдиган бетавфиқлардан ҳам ҳушёр бўлиш кераклигини қаттиқ таъкидлаганлари айтилган эди.

Тошкент Ислом институти

2017-2018 ўқув йили битирувчиси

Тожиддинов Нурулло

47210cookie-checkБоғийлик ва унинг тарихий илдизлари
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting