Инсон бу борлиқда мавжуд экан, тинимсиз атрофидагилар билан мулоқотда бўлади, у истайдими, йўқми?! Баъзида ёқтирмаган кишиси билан бир вагонда сафарга чиқиши ёки ҳеч қачон келиша олмаган ҳамкасби билан бир хонада йиллаб ишлашига тўғри келиши мумкин. Гоҳида кўргани кўзи йўқ одам билан шартнома тузишига ҳам тўғри келиб қолади. Ҳар нечук уларни доим бўлмасада тез-тез учратади. Инсон ўз яқинлари ва дўстлари билан мириқиб суҳбатлашади, бу шубҳасиз. Аммо жамиятдаги барча шахслар унинг дўстлари эмас-ку! Улар билан қандай суҳбат қуриш мумкин. Маданиятли шахс учун бу ҳеч қачон муаммо туғдирмайди. Муаммо шундаки, жамиятдаги турли табақадаги шахслар билан суҳбат қуришнинг саноқли қоидалари борки, уни ҳамма ҳам билавермайди ва шу сабаб катта-кичик кўнгилсизликларга учрайди. Кўп ҳолларда бундай инсонлар нафақат кўнгилсизлик, балки омадсизликларга ҳам дуч келади. Бу ачинарли ҳолат, албатта. Инсон бундай ҳолатга ҳеч қачон тушмаслиги ҳам мумкин. Бунинг учун турли инсонлар билан суҳбатлашиш жараёнида бир неча кичик қоидаларга амал қилса бас:

  • Суҳбатдошингизга оғир ботадиган, хафа қиладиган, ноқулай вазиятга солиб қўядиган, гапиришни истамайдиган мавзу бўйича суҳбатлашиш мумкин эмас
  • Суҳбатдошингизга ўзингизга таъриф, тасниф беришдан, ўз муаммо ва ютуқларингиз ҳақидаги маълумотга эътиборни кучайтиришдан қочинг. Суҳбат чоғида ўзингизни “мен”ингизни марказий жойга қўйманг, камтар бўлинг.
  • Ўзингизни фикрингизни уқтиришдан олдин уялиб қолмаслигингиз учун ҳамсуҳбатингизни ижтимоий келиб чиқиши, шахс сифатида айтилаётган масала юзасидан қандай маълумотга эга эканлигини билиб олгандан сўнг суҳбатга киришинг.
  • Суҳбатдошингизни ҳурмат қилишга ўрганинг, ҳатто унинг фикрини сиз нотўғри деб билганингизда ҳам охиригача эшитинг
  • Бошқа инсонларни ғийбат қилишдан, уларни муаммоси ҳақида гаплашиш ҳам ахлоқсизлик саналади

Ҳар қандай суҳбат биринчи навбатда маълумотлар алмашинувидир. Суҳбат жамоат жойларида ёки кўчада бўлса бошқаларни ўзига жалб қилмаган ҳолда овоз оҳангини пастлатиш лозим. Тез ёки ҳаддан ташқари чўзилиб гапириш ҳам маълумотни ўзлаштиришга халақит беради. Кам муомалада бўлган, яхши танимайдиган инсонлар билан мулоқатда бўлишда ҳаммага тушунарли бўлган енгил мавзу танлаб олинади. Масалан, футбол, сериаллар, телекўрсатувлар в.ҳ.к. ҳеч қачон оилавий муаммолар, шахсий ҳаётдаги келишмовчиликлар, ўзи тушунмаган ва маълумотга эга бўлмаган. Тор мутахассисликка оид мавзуларда гаплашиш мумкин эмас. Ҳамма хурсанд ҳолатда суҳбатлашаётган ҳолатда кайфиятни тушурувчи қўрқинчли воқеалар, кўнгилсиз ҳолатлар ҳақида гапириш бошқаларнинг кайфиятини тушуриб юборади. Касал кўргани борганда ўлим ҳақида, унинг касалининг тарихи, майда-чуйдалари ҳақида гапириш мумкин эмас. Унинг ўрнига ёлғон бўлган тақдирда ҳам, кўриниши яхшилиги, албатта тузалиб кетиши мумкинлиги борасида суҳбат қуриш лозим. Дастурхон атрофида иштаҳани бўғувчи мавзулар ҳақида гапирилмайди. Таомни ёмонлаш, камчилик ахтариш мумкин эмас, балки пиширган инсонни кўнглини кўтариш лозим. Тарбияли ва маданиятли инсон умумий таниш ҳақида фикр билдираётганда ёлғон ишлатмайди, у ҳақида нолойиқ сўзлар айтмайди. Бир инсон ҳақида (ҳатто у ёмон инсон бўлганда ҳам) фикр билдираётган пайтда у кириб қолса, мийиғида кулиб, иболи қараш, пичинг, қочириқлар қилиш, баъзида бетга айтган ҳақиқий фикрдан ҳам қаттиқ дилга озор беради. Суҳбатлашишнинг чоғида инсон тинглашни ҳам билмоғи даркор. Тинглаш фақат эшитиб ўтириш дегани эмас. Яхши суҳбатдош ўз суҳбатдоши фикрини мантиқий тугатгандан сўнг, ўз фикрини тўлиқ баён қилиб берувчи инсондир. Жуда ҳам керак бўлиб қолган вақтда кечирим сўраб, масалан, “Кечирасиз, менимча шу фикрингиз…” ёки “Фикрингизни бўлганим учун узр сўрайман, менимча…” бу вақтда гапираётган одам суҳбатдошига имкон бериши лозим. Инсоннинг дунёқараши ҳақида гап кетганда албатта ёшлар билан катталар ўртасида тушунмовчиликлар бўлади. Шундай пайтларда ёшлар ўзларини фикрларини ёқламасдан “хўп” деб мавзуни ўзгартиришлари катталарнинг дили оғриб қолишидан сақлайди. Суҳбатдошингизнинг фикрини нотўғри деб билган тақдирингизда ҳам тарбияли ва камтар инсон сифатида муносабатда бўлиб “менимча, адашдингиз”, “узр мен бошқа фикрдаман”, “кечирасиз, мен сизнинг фикрингизга қўшилмайман” деган иборалар билан мурожаат қилинади. Ҳеч қачон “умуман нотўғри”, “бу тўғрида ҳеч нарсани тушунмайсиз”, “бу нарсани ёш бола ҳам билади” деган ибораларни ишлатиш мумкин эмас.

Тошкент Ислом институти битирувчиси

Дарвешова Феруза

49680cookie-checkМулоқот маданияти
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting