Ҳозирги вақтда фиқҳ илмида алоҳида ўрганилаётган муҳим йўналишлардан бири у “Фиқҳул- авлавийят“дур. У ўзбек тилида “Фиқҳдаги афзаллик илми” деб юритилади. Бу фаннинг асосий мақсади замон ва маконга қараб ҳар бир шахс учун афзал бўлган амални очиб беришдир. Фазилат сўзи зиёдалик маъносидаги фазл сўзидан олинган. Агар икки нарсада бир хил сифат мавжуд бўлса, бирининг сифати бошқасидан кўпроқ афзалроқ, зиёдароқ дейилади. Бунда мазкур нарсанинг мукаммалига далолат қилувчи зиёдалик миқдори аҳамиятли эмас. Масалан оддий кундалик ҳаётимизда учратадиган ҳайвонлардан от эшакдан афзал дейилса, от билан эшак юк ташишда тенг аммо от чопиш, тез югуриш ҳамда чиройли суратда бўлиши билан эшакдан афзалроқ экани тушунилади. Илмнинг афзаллиги бошқа сифатлар билан қиёсланганда тушунилади. Масалан, тез югуришда от эшакдан нисбатан афзал саналсада, у мутлоқ фазилатли эмас.

Илм эса айнан фазилатлидур. Бошқа нарсага қиёс қилинмаганда ҳам мутлоқ афзал бўлиб қолаверади. Зеро, илм Аллоҳ таолонинг комил сифати, фаришта пайғамбарларнинг шарафидур. Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Илм пешво имомдир амал унга эргашувчидир”. Илм эса ўз соҳибига амал билан келганда фойда беради. Илмни кўпчилик олимлар бошқа амаллардан устун қўядилар ва бунга кўплаб далилларни келтирадилар, қуйида баъзиларининг зикри билан кифояланамиз.

“Бас, (эй Муҳаммад), ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Аллоҳгина бор эканлигини билинг ва ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин-мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг!“ (Муҳаммад сураси 19 оят). Бу ояти каримада Аллоҳ таоло ўз расулига аввало тавҳидни (Аллоҳнинг ягоналигини) билишга кейин эса истиғфор билан мақтамоқликка буюрмоқда, бу эса амалдур. Бу ҳитоб Расулуллоҳ учун бўлса ҳам бутун уммат учун умумийдир. Қурони каримда биринчи нозил бўлган оят “ўқи” калимаси билан бошлангандур, бу калима эса илмнинг калитидур.

Кейин эса амал нозил бўлган яъни Муддасир сурасининг 1-4 оятлари: “Эй (либосларига) бурканиб олган зот, туринг-да, (инсонларни охират азобидан) огоҳлантиринг! Ёлғиз Парвардигорингизни улуғланг! Либосларингизни пок тутинг!“

Юқоридаги ояти карима ҳам илмнинг амалдан устун эканига далолат қилади. Яна улуғ Аллоҳ марҳамат қилиб айтадики: “Айтинг: “Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?!”(Зумар сураси 9-оят).

Аллоҳ яна хабар беради: “Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур“ (Мужодала сураси 11 оят).

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Олимларнинг даражалари мўминларнинг даражаларидан етти юз даража юқори туради ва икки даража орасидаги фарқ беш юз йиллик масофада бўлади.

Яна Аллоҳ хабар бериб айтади: “Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларгина қўрқур“ (Фотир сураси 28 оят).

Имом Бухорий ва Муслимларнинг саҳиҳларида қуйидаги ҳадисни Муовия ибн Суфён  розияллоҳу анҳу ривоят қилдилар. У ҳадиси шаърифда Муовия розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аллоҳ кимга яҳшиликни ирода этса уни дин ишида олим этади” деганларини эшитдим. Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У зот айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида бири обид ва бири олим бўлган икки киши зикр қилинди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Олим кишининг обидга нисбатан фазли, яъни ортиқлиги ораларингиздаги энг қуйи табақа вакилига нисбатан менинг ортиқлигим кабидир”,-деб айтганлар.Сўнг яна у зот алайҳиссалом: “Дарҳақиқат Аллоҳ унинг фаришталари осмон ва ер аҳллари ҳатто уйчасидаги чумоли ва ниҳоят денгиздаги кит ҳам одамларга яхшилик ўргатувчи пайғамбарларнинг меросхўри бўлган олимларни дуо қилишади“ дедилар. Бу ҳадисни Имом Термизий ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: “Ким илм ахтариб бир йўлга чиқса, Аллоҳ унга шу илм билан жаннат йўлини осон қилади”. Яна пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади: “Ким исломни ривожлантириш йўлида илм талабида бўлсаю, нагоҳ унга ўлим келиб вафот этса жаннатда пайғамбарлар билан унинг орасида унинг орасини бир даража ажратиб туради холос. Имом Дорумий ривоят қилган.

Саҳоба Муоз Ибн Жабал розияллоҳу анҳу айтадилар: “Илм ўрганинглар зеро, уни Аллоҳ йўлида ўрганиш–билимдир, уни талаб этиш ибодатдир, илм ўқиш тасбеҳдир. Билмаган одамга илм ўргатиш садақадир, илмни илм аҳлига етказиш қурбат, яъни  Аллоҳга яқин бўлишдир. Илм ёлғизликда улфат, хилватда эса дўст, тўғри йўл кўрсатувчи далил хафалик пайтида кўмакчи дўстлар олдида вазир, бегоналар олдида яқин дўст ва жаннат йўли минорасидир. Аллоҳ илм билан қалбларни юксалтириб, етакчи қилиб қўяди. Зеро илм кўр қалбнинг кўзини очувчи, қоронғи зулматга нур бағишловчи ва заиф бандаларга куч-қувватдир. Илм билан банда аброрлар даражасига  кўтарилиб, олий мартабага эришади. Илм устида тафаккур қилиш кундузи рўза тутганга, уни музокара қилиш ибодат билан бедор ўтказганга тенгдир. Аллоҳга тоат-ибодат, тавҳидни англаш ва тақво қилиш илм билан бўлади. Илм билан қариндошлик алоқалари боғланади, ҳаром билан ҳалол ажратилади. Илмнинг аввали сукут, кейин тинглаш, сўнг ёд олиш, сўнгра эса уни бошқаларга ўргатиш.

Хулоса қиладиган бўлсак, одам фарзанди етиши мумкин бўлган энг улуғ мартаба, энг олий даража – саодати абадиядур. Демак, унга васила бўладиган нарса энг афзал нарсадир. Саодати абадияга илм ва амалсиз ҳаргиз етишиш мумкин эмас. Амалга эса – қандай амал қилиш илмини билмасдан эришиш маҳол. Дунё ва охиратдаги саодат асоси илмдур. Шу жиҳатдан илм амалларнинг энг афзалидир.

Тошкент Ислом институти битирувчиси

Шапиева Қизларгул

49920cookie-checkИлмнинг амалдан кўра афзал туриши
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting