Халқимиз орасида “Бу бола жуда фаросатли-да!”, “Фаросатингга балли” ёхуд “шунга ҳам фаросатинг етмадими?” деган гаплар тез-тез қулоққа чалиниб туради. Фаросат деганда инсонлар нимани назарда тутадилар? Аслида ҳам фаросат нима?

Пайғамбаримиз Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминнинг фаросатидан қўрқинг, зеро у, Аллоҳнинг назари билан қарайди”, дея марҳамат қилганлар. (Термизий ривояти). Бу ҳадиси шарифда у зот фаросатнинг нақадар муҳим эканлигини билдирмоқдалар. Аввало у Аллоҳ таоло томонидан берилган бир неъматдир. Фаросат соҳиблари эса саодатманд инсонлардир. Чунки улар кўп инсонлар англаб етмайдиган воқеаларнинг ҳикматларини, сўзнинг нозик ва дақиқ нуқталарини англаб етадилар. Фаросат бу қалбдаги нур, кучли заковат, зиёда донолик, комил ақл ва энг муҳими имон тақозо этган фазилатдир. Шунинг учун фазилат соҳиблари ҳамиша ўзгалардан ажралиб турадилар.

Фаросат уч турга бўлинади:

  • Иймоний фаросат
  • Касбий фаросат
  • Хилқий фаросат

Иймоний фаросат. Бундай фаросат фақат мўмин бандаларда бўлади. Мўминларнинг ичидан ҳам Аллоҳнинг нурига мушарраф бўлганларгина сазовордирлар. Имон қанча кучли бўлса, фаросат ҳам шу даражада ўткир бўлади. Қалб ўзида ҳамма нарсанинг тўлиқ ва ҳақиқий аксини кўрсатадиган кўзгуга айланади. Улар Аллоҳнинг нури ила ҳақ ва ботилни, ҳалол ва ҳаромни, тоат билан маъсиятни фарқлайдилар. Аллоҳ ман этган чегараларни асло бузмайдилар. Улардаги фаросат мудом Роббилари рози бўладиган ишга ундайди, ғазаби бор амаллардан муҳофаза этиб туради. Пайғамбарлар, авлиёлар ва солиҳ бандалар иймоний фаросат соҳибидирлар. Одамлар Аллоҳ нури билан қарайдиган мўминларга озор беришдан сақланмоқлари керак.

Касбий фаросат. “Муктасаб” яъни касб қилиб эришиладиган фаросат нафақат мўминлар балки, бошқаларда ҳам бўлади. У имонни тақозо этмайди. Кўп ўқиб-ўрганиш, машқ қилиш ва риёзат билан юзага чиқади. Буни кўпроқ кашфиётчилар, даҳолар, машҳур сиёсатдонлар ҳаётини ва улар амалга оширган ишларда кузатса бўлади. Нъютон, Эйнштейн шулар жумласидандир.

Хилқий фаросат. Инсон мияси катта ёки кичик бўлиши, бурмаларининг қай даражада кўп бўлиши унинг ақлли ва салоҳиятли эканлигини кўп жиҳатдан белгилаб беради. Инсон миясининг оғирлиги тахминан 1400 грамм ва ундаги нейрон ҳужайралар 16 миллиярдга яқиндир. Одамзот бошқа жонзотлардан миясининг ҳажми ва оғирлиги борасидан фарқ қилади, ажралиб туради.

Одамзот ҳамиша ўзи сингари инсонларнинг табиати, ўй-фикрлари, қизиқишлари қўйингки ички оламини билишга ҳаракат қилиб келади. Ана шундай инсоннинг зоҳирига қараб ботини ўрганадиган илм “Фаросат илми” деб аталади. Яъни тана тузилиши, ранги, шакли, юз чегаралари ва бошқа ташқи жиҳатлардан одам табиати, хулқи, ички хусусиятлари ҳақида баҳс юритилади. Инсоннинг ташқи қиёфаси ботинидан хабар бериб туриши ҳақида Қуръони каримда ҳам далил бор: “Албатта бу (ҳодиса)да фаросатли кишилар учун аломатлар бордир.” (Ҳижр сураси, 75) “Уларнинг (фақир эканликларини) сиймоларидан (ташқи кўринишдаги белгиларидан) билиб оласиз… ” (Бақара сураси, 273)

Бу илм ҳақида илк китобни Арасту ёзган, ўз қарашларини берган. Гарчи илк қарашларни берган бўлса ҳам, мусулмонлар бу илмда жуда пешқадам бўлганлар Абу Бакр ар-Розий, Ибн Сино ҳамда Ибн Жавзийлар бу соҳанинг пешқадамлари бўлганлар. Кейинчалик мусулмонлардан европаликлар бу илмни ўзлаштира бошлаганлар.

Тошкент Ислом институти битирувчиси

Саидакбарова Нилуфар

49960cookie-checkМўминнинг фаросати
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting