Муовия розияллоҳу анҳу Масжидул Ҳаромни янада кенгайтиришга эътибор берди. Унга қандиллар ва байтулмолдан чироқ ёғи ажратди, бу билан тавоф қилаётганлар ишини осонлаштирди. Яна Масжид ул-Ақсони ҳам таъминлади. Муовия розияллоҳу анҳу томонидан Мисрга амир этиб таъйинланган Маслама ибн Махлад ҳижрий 53 йили Фустотдаги жомеъ масжидига янги бинолар қўшди ва деворларига гипс билан безак берди. Тўртта баланд миноралар қурди. Остига бўйра тўшади. Шаҳар аҳлига ҳам бу миноралар фойда берди. Мисрликлар узоқ вақт буни гапириб юрди. Шу билан бирга муаззинларга ибодат учун кечки ва кундузги азонни бир вақтда айтишга буюрди[1]. Муғира ибн Шуъба ҳам Куфадаги масжидни кенгайтирди. Кейинчалик Зиёд ибн Абиҳ қайтадан пухта архитектура асосида мустаҳкам қилиб қурди ва саҳнига бўйра тўшади. У доим: “Куфа  масжидларининг ҳар бир устунига (бир юз йигирма саккиз) 128 дирҳам харажат қилганман”-деб айтарди. Масжид ёнига қаср ҳам қурди. Кейинчалик бу қасрни Холид ибн Абдуллоҳ Қасрий Ироқда волийлиги пайтида янгилади. Шунингдек,  Убайдуллоҳ ибн Зиёд ҳам масжид биносига яна бино қўшди ва бўйра тўшади[2]. Зиёд ибн Абиҳ яна Басрадаги масжидни катталаштириб, уни пишган ғиштдан қурди ва гипс билан безади. Ҳамда қурилишда устунлардан фойдаланди ва шифтига саж дарахтидан қўйди, минорасини тошдан ясади. Дарҳақиқат, Зиёд Басрада кўпгина масжидларни қурган. Кейинчалик ўғли Убайдуллоҳ ҳам марказдаги “Масжиди Жомеъ”ни катталаштирди[3].  Муовия розияллоҳу анҳу давлатдаги умумий халқ фойдаланган нарсаларни ташкил қилишга алоҳида эътибор берди ва ўзи ҳам шахсан бошчилик қилди. Мадина шаҳрини тўлиқ сув билан таъмилашга эришди. Маккадаги Ҳарам аҳлига булоқдан сув чиқартирди[4]. Давлатнинг ҳар бир йўли ёнига қудуқлар қаздирди. Натижада мамлакатнинг барча томонига бемалол сафар қилинадиган бўлинди[5].


[1]Исмоил Аҳмад Ёғий. Диросату фит тарихил хулафоил уммавийин. – Байрут: Дор ас-Салом, 1985. – Б 347.

[2]–ўша асар б 347.б ва аҳмад ибн яҳё ибн жобир болозарий “футуҳул булдан қоҳира:дор ал-улум ват тирос,1958. –Б 340. 399.

[3]– Ўша асар. –Б 426.427б. Исмоил Аҳмад Ёғий. Диросату фит тарихил хулафоил уммавийин. – Байрут: Дор ас-Салом, 1985. –Б 348.

[4]Абул Валид Азрақий. Ахбару макка. – Ар- Риёд:Дор ан-нажд, 2010. Ж 2. – Б 227. Абдуроҳман Абдулвоҳид аш-шужо. “Диросату фи аҳдин-нубувва вал-хилафар-рошида” – Санъо: Дор ал-фикр муосир, 1999. – Б 341.

[5]Муҳаммад Саййид ал-Вакк. Алуммавиюн байнаш-шарқ вал ғарб. – Байрут: Дор ал-Қолам,1995. – Б 25.

“Ҳадис ва Ислом тарихи фанлари” кафедраси

ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

49980cookie-checkМуовия розияллоҳу анҳу масжид ва ариқлар қурилишида олиб борган ишлари
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting