“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилганларида Кисро[1] Ануширвоннинг мустаҳкам саройи зилзила ва момоқалдироқ туфайли ёрилиб ўн тўртта айвони қулаб тушган, Форс империясидаги мажусийларнинг минг йилдан бери ўчмай келаётган “муқаддас олов”лари ўчиб қолган ва Сова[2] кўлининг суви ерга сингиб кетиб, унинг атрофидаги черковлар қулаган”, деган ривоят бор. Бу ривоятнинг исноди ҳақида уламоларимиз нима дейишади?

Имом Заҳабий “Ас-сийратун набавия” китобида (1/12) бу ривоятни: “Мункар, ғариб”, деган.

Ибн Асокир: “Бу ривоят ғарибдир, ҳужжатга ярамайди”, деган.

Аллома Ибн Касир “Ал-бидоя ван ниҳоя” китобида (2/329): “Бу ривоятнинг асли-асоси йўқ”, деган.

Шайх Абдул Фаттоҳ Абу Ғудда Мулла Али Қорининг “Ал-маснуъ фи маърифатил ҳадисил мавзуъ” китоби таҳқиқида (18-бет) ва доктор Абдул Муътий Қалъажий Имом Байҳақийнинг “Далоилун нубувваҳ” китоби таълиқи-изоҳида (1/129): “Бу ривоят саҳиҳ эмас”, дейишган.

Доктор Маҳдий Ризқуллоҳ “Ас-сийратун набавия фи зовъил масодирил аслия диросатан таҳлилия” китобида (112-бет): “Бу ривоят саҳиҳ йўллар билан собит бўлмаган”, дейди.

Шайх Холид Абду Раҳмон имом Мовардийнинг “Аъломун нубувваҳ” китоби изоҳида (271-бет): “Кучсиз-қониқарсиздир, ҳужжатга ярамайди”, деган.

Шайх Муҳаммад Ғаззолий: “Фиқҳус сийра” китобида: “Кучсиз-қониқарсиз”, дейиш билан мазкур маълумотни тасдиқламаган.

Шайх Сафийюр Раҳмон Муборакфурий “Ар-раҳиқул махтум” китобида (61-бет): “Бу ривоятларнинг бирорта ҳам собит исноди йўқ. Ўша халқларда тарихнавеслик кучли бўлганига қарамасдан, уларнинг тарихида бу воқеалар тилга олинмаган”, дейди.

Доктор Акрам Зиё Умарий “Ас-сийратун набавия ас-саҳиҳа” китобида: “Мазкур ривоятнинг ровийлари ичида Яъло ибн Имрон Бажаллий ва Махзум ибн Ҳониъ Махзумий каби мажҳул-номаълум шахслар бор бўлиб, уларнинг таржимаи ҳолларини топа олмадим”, деган.

[1] Кисро, кисров, хисрав – қадимги Эрон шоҳларининг унвони.

[2] Сова – Форс империясининг Ҳамадон ва Рай шаҳарлари ўртасидаги қишлоқ.

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари”

кафедраси катта ўқитувчиси

Абдул Азим Зиёуддин

50300cookie-checkРасулуллоҳнинг туғилишларига боғлиқ “ажойиботлар”
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting