Дунё шу пайтга қадар Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламдек мукаммал, барчага ўрнак бўла оладиган гўзал ахлоқ соҳиби, дунёдаги барча яхши сифатларни ўзида мужассам этган зотни кўрмаган ва бундан кейин ҳам кўрмайди. Келинг, аввал у зотнинг айрим сифатларини эслаймиз: Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِّمَن كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا

“Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан  умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор” (“Аҳзоб” сураси, 21-оят).

عَبْد اللَّهِ بْنَ عَمْرٍو ، يَقُولُ : إِنَّ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم لَمْ يَكُنْ فَاحِشًا وَلا مُتَفَحِّشًا ، وَإِنَّهُ كَانَ يَقُولُ : إِنَّ خِيَارَكُمْ أَحْسَنُكُمْ أَخْلاقًا

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабиҳ сўзларни гапирмас ва фаҳш ишларни қилмас эдилар. У зот: “Сизларнинг яхшиларингиз ахлоқи яхшиларингиздир”, – дер эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хулқ жиҳатидан одамларнинг энг яхшиси эдилар”.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон на қўл остидаги ходимларини ва на аёлларини урмаганлар. Урушдан бошқа пайтда ҳеч нарсани қўллари билан урмаганлар. Икки ишдан бирини танлаган бўлсалар, гуноҳ бўлмаса, албатта, енгилини танлардилар. Агар гуноҳ иш бўлса, ундан узоқда бўлардилар. Ўзлари учун ҳеч қачон интиқом – ўч олмаганлар. Агар Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсалар содир қилинсагина, Аллоҳ таоло учун интиқом олганлар”, – дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг  ҳалимликлари энг олий даражага етган эди. Бир куни  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд  ибн Саънаҳ исмли мадиналик яҳудийдан хурмо бериш эвазига пул  олдилар. У бир неча кунга мухлат берган эди. Ваъдаси тўлмай туриб, хурмо сўраб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кийимларидан ушлаб: “Эй Муҳаммад, ҳақимни шу чоққача нега бермайсан? Ҳошимийлар  муомаласи  яхши  эмас,  деб эшитган  эдим, тўғри экан!” – деди: Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ва барча улуғ саҳобалар шу ерда эдилар. Умар розияллоҳу анҳунинг ғазаблари  келиб: “Эй одам, сизлар билан ўртамиздаги аҳдноманинг бузилишидан  қўрқмасам эди, таъзирингни берар эдим!” – деб ўринларидан сапчиб турдилар.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жилмайиб: “Эй Умар, иккимиз орамиздаги гапга бундан яхшироқ сўз ҳам бор эди. Мени яхши муомала қилиб беришга ва уни яхши гапириб олишга буюргин. Қайтарилиши керак бўлган кунга ҳали 3-4 кун бор эди. Энди, эй Умар, бунинг ҳақини сен бериб қўй. Уни қўрқитганинг учун 20 соъ ошиқча хурмо қўшиб бер”, – дедилар.

Бу сўзни эшитган ўша одам ҳайрон бўлиб: “Эй Муҳаммад, Таврот ва Инжилда охирзамон пайғамбари сифатларини ўқигандим, уларнинг ҳаммаси сизда тўғри келди. Синалмаган ёлғиз шу иш қолган эди. Китобда: “Ўзи учун ғазаби келмайди”, дейилган. Энди буни ҳам синаб кўрдим. Сизнинг Пайғамбар эканингизга ҳеч қандай шубҳа қолмади!”– деб шу вақтнинг ўзида дарҳол мусулмон бўлди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига қанчалик даражада шафқатли эканликларини билдириб Қуръони каримда бундай зикр қилинади:

لَقَدْ جَاءكُمْ رَسُولٌ مِّنْ أَنفُسِكُمْ عَزِيزٌ عَلَيْهِ مَا عَنِتُّمْ حَرِيصٌ عَلَيْكُم بِالْمُؤْمِنِينَ رَؤُوفٌ رَّحِيمٌ

“Дарҳақиқат, сизларга ўзингиздан бўлган, сизнинг машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган, сизнинг (саодатга эришишингизга) ташна бўлган, мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган Пайғамбар келди” (“Тавба” сураси, 128-оят).

Ояти каримада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асосий сифатларидан бир нечтаси зикр қилинмоқда. Дунё тарихида у зотдек ўзгаларга марҳаматли, меҳрибон инсон бўлган эмас.

Келинг, энди Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида жаҳон тан олган олимларнинг фикрлари билан танишиб чиқайлик.

Буюк немис файласуфи Ёханн Волфганг Гёте бундай деб ёзган: “Мен дунё тарихини ўқиб шундай хулосага келдим: дунё подшоҳлари тўплаган барча салтанату бойлик, қасрлару саройлар Муҳаммад алайҳиссаломнинг ямоқ яктакларига ҳам арзимас экан… Биз Европа миллатлари, маданий имконимиз юқори бўлишига қарамай, Муҳаммад алайҳиссалом сўнгги поғонасига қадар чиқа олган зинанинг биринчи пиллапоясидамиз, холос. Ҳеч шубҳа йўқки, бирон кимса у зотдан юқорироққа ўта олмайди”.

Бернард Шоу: “Агар Муҳаммад алайҳиссаломдек бир одам ҳозирги дунёни бошқарганида эди, бу дунёнинг мушкулликларини ҳал қилишга муваффақ бўлар эди, бу эса ўз навбатида, ҳозирги дунёга етишмаётган хотиржамлик ва саодатни олиб келган бўларди”, – деган эди.

Франциянинг таниқли олимларидан Ламартиннинг бундай сўзлари бор: “Агар кишининг буюклиги унинг қилган ишларига, қозонган зафарларига, имконияти оз бўлса-да, кўп иш қилганига қараб баҳоланадиган бўлса, Муҳаммад алайҳиссалом инсонларнинг энг буюгидир. У киши ҳам пайғамбар, ҳам нотиқ, ҳам сиёсатчи, саркарда, қалблар ҳимоячиси, ғоялар тарғиботчиси, имом, давлат арбоби, ер юзининг 20 та минтақасида исломий салтанат қура олган… Муҳаммад алайҳиссалом ана шундай зот эди! Унга ҳеч қайси буюк инсон тенглаша олмайди! Наҳотки у зот ўлчовларга сиғса!”.

Оксфорд университети профессори Вилям Монгомери: “Муҳаммад алайҳиссаломнинг зафар-ютуқлари унинг буюклигига далилдир. Бундай мартабага эришган бошқа шахс Ғарбда маълум эмас. У зотни сеҳргарликда айблаган кишилар ўз мақсадига эришолмай, ноилож қолган одамнинг чиранишидир”, – деган.

Ғарб кишилари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарихларини, сийратларини, ҳаёт йўлларини яхши ўргангани сабабли мана шундай хулосаларга келганлар. Шундан келиб чиқиб, биз суюкли Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳаёт йўлларини барчадан яхшироқ билишимиз, барча нарсада у зотга эргашишимиз лозим бўлади.

Тошкент ислом институти битирувчиси

Ҳошимжон Низомиддинов

51070cookie-checkРасулуллоҳ алайҳиссалом ҳақларида дунё олимларининг фикрлари
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting