Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида ўтказилган тарбиявий соат мавзуси “Ихлос – илм ва амал пойдевори” деб номланди. Суҳбатни институтнинг Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси Ҳасан домла Қодиров ўтказди.

Домла суҳбатни “бошланган ўқув йилимиз баракали ва манфаатли бўлсин”, дея хайрли тилаклар ила бошлаб сўнг давом этди:

Ихлос – холис қилиш, дегани. Инсонни қилаётган амалларидан барча дунёвий ғаразларни олиб ташлашига холис амал дейилади. Ҳар қандай яхши амалда ихлос бўлмаса, уни бажаришда холислик бўлмаса ёки бирор-бир ғараз кўзланган бўлса, ундай амални Аллоҳ қабул қилмайди. Аллоҳ амалларни қабул қилмаслик билан тўхтаса қанийди! Аммо тўхтамайди, қилинган амалнинг ким учун қандай ҳолатда қилинганига қараб бу дунёда зажр (жазо) беради.

Айниқса толиби илм энг биринчи ихлосни маҳкамлаши керак.Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Кутилмаганда, олдимизга оппоқ кийимли, қоп-қора соқолли, уст бошида сафарнинг ҳеч бир аломати йўқ, бирортамиз ҳам танимайдиган бир киши кириб келиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига ўтирди-да, икки тиззасини У зотнинг тиззаларига суяди (теккизиб ўтирди), икки кафтини эса У зотнинг икки сонларига қўйди ва: “ Эй Муҳаммад, менга “Ислом” ҳақида хабар беринг! (Нима ўзи у?)”, деди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом – Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир, деб гувоҳлик бериб, намозни тўла-тўкис адо этишинг, закотни беришинг, рамазон рўзасини тутишинг ҳамда йўлга (борди-келдига моддий ва жисмонан) қодир бўлсанг Байт (Каъба)ни зиёрат қилмоғингдир”, дедилар. Ҳалиги одам: “Тўғри айтдингиз”, деди. (Умар ибн Ҳаттоб) Бу кишининг ўзи сўраб, яна ўзи тасдиқлашидан таажжубландик (ҳайрон қолдик). У: “Энди менга “Иймон” ҳақида хабар беринг! (Нима у?)”, деди. У зот: “Иймон – Аллоҳга, фаришталарига, (пайғамбарларига туширган) китобларига ва пайғамбарларига ишонишинг ҳамда қадар (тақдир)га, унинг яхшилик ва ёмонлигига ишонишингдир”, дедилар. У: “Тўғри айтдингиз”, деди-да: “Энди менга “Эҳсон” ҳақида хабар беринг! (Нима дегани у?)”, деди. У зот: “Эҳсон – Аллоҳга Уни кўриб турганингдек, гарчи сен (ожизлигингдан) кўролмаётган бўлсангда, У сени аниқ кўриб турганини ҳис қилиб (ҳаёт кечириб, бандалик) ибодат қилишингдир”, дедилар. У: “Менга “Қиёмат” ҳақида хабар беринг! (У қачон бўлади?)”, деди. У зот: “Бу масалада сўралувчи (яъни мен) сўровчидан (сендан)да билимдон эмас (яъни сен билмаганингдек, бу масалани мен ҳам билмайман”, дедилар. У: “(Ундай бўлса), Қиёматнинг белгилари ҳақида хабар беринг”, деди. У зот: (Биринчиси) “Она ўзининг қиз (бир ривоятда ўғил) хўжайинини туғмоғи яъни хали қиёматга яқин ота-оналарни фарзандлар бошқарадиган бўлиб қолганини кўрасан. (Иккинчиси эса) Ялангоёқ, яланғоч, камбағал қўйбоқарларнинг бино қуришда мусобақа (ким ўзар) қилаётганларини кўрмоғинг”, дедилар. Ҳазрат Умар: “Саволлари тугагач, ҳалиги киши кетди-ю, мен эса анча вақт (ҳайрон бўлиб) жойимда туриб қолдим. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “ЭйУмар, ана у савол сўровчи кимлигини биласанми?”, дедилар. “Аллоҳ ва расули билур”, дедим. У зот: “У Жаброилдир. Сизларга динингизни ўргатгани келган эди”, дедилар. (Имом Муслим ва Бухорий ривояти).

Ихлоснинг даражалари ҳам ҳар хил бўлади. Бунга қуйидаги ҳадисни эсласак бўлади. Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллалллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: “Инсон намозини тугатганда намозининг ўндан бир, тўққиздан бир, саккиздан бир, еттидан бир, олтидан бир, бешдан бир, тўртдан бир, учдан бир ёки ярмининг савобига эга бўлиши мумкин”. Насоъий ривояти. Намоздаги рукнларнинг тўла адо этилгани, хушуъ ва хузуънинг даражаларига қараб савобнинг миқдори ўлчанар экан. Ибодатда гарчи бир хил кўринишда бўлса ҳам савобнинг ҳаммага ҳар хил берилиши қалб ва ундаги ихлоснинг мезони билан ўлчанади. Бунга мисол қилиб, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисни кўришимиз мумкин: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир киши чанқоқликдан тупроқ ялаётган бир итни кўриб қолди. Сўнгра то ўша итнинг чанқоғи қонгунча калишига сув олиб уни суғорди “Шунда Аллоҳ ўша бандани мақтади ва жаннатга киргизди”, дедилар. Имом Бухорий ривояти. У инсон қилган амалида холис эди.

Ихлосни кимёвий моддалардан уранга ўхшатса бўлади. Ураннинг озгинаси ҳам катта-катта музёрар кемаларни юргизиб юборгани каби ихлос ҳам инсон қалбидаги кўзга кўринмайдиган, илм ва амалнинг даражасини кўтариб юборадиган бир қувватдир.

Шайтон толиби илмни қандай алдашни билади. Қуръони Карим Ҳижр сурасининг 39-40 оятларида: “(Иблис) айтди: “Эй, Раббим! Қасамки, энди мени йўлдан оздиргани сабабли, албатта, уларга (Одам болаларига) ердаги (барча гуноҳ ишларни) чиройли кўрсатиб қўюрман ва албатта, уларнинг ҳаммаларини йўлдан оздирурман. Илло уларнинг орасидаги ихлосли бандаларинггина (бундан мустаснодир)”, дейилганини унутмаслигимиз керак.

Улуғлардан Муҳаммад Мункадир деган олим ихлос ҳақида бир воқеани айтганлар: “Мадинаи Мунавварада қурғоқчилик бўлди. Масжиди Набавий жамоати чиқиб Аллоҳдан дуо қилиб ёмғир сўрашди. Ёмғир ёғмади. Ўша кечаси мен кичиккина масжидда хуфтонни ўқидим. Сўнг ҳамма кетгандан кейин бир юпунгина кийинган одам келиб бир устуннинг тагида намоз ўқиди, тун ярмида нафлларни ўқиди, тонггача намоз ўқиди. Сўнг тонгга яқин қўлларини самога кўтариб: “Эй Аллоҳим! Бугун масжиди набавий аҳли сендан ёмғир сўрашди, Сен бермадинг. Аллоҳ, сен ёмғир берасан!”, деб қаттиқ эркаланиб дуо қилди. Мен унинг Аллоҳга бунақанги талабини кўриб ақли заиф жинни бўлса керак деб ўйладим ва эътибор бермадим. Аммо у дуога кўтарган қўлларини туширмасданоқ ташқарида ёмғир томчилай бошлади. Ёмғир шу қадар ёғдики, мен эгним юпунлигидан ивиб кетмасдан уйга қандай етиб оламан деб ўйланиб қолдим. Шунда ҳалиги киши: “Эй Аллоҳим, нега мени дуоимни дарров ижобат қиласан, мен бир гуноҳкор қулинг бўлсам” деб йиғлаб яна дуо қилди. У одам бомдодни жамоат билан ўқидида уйига қайтди. Мен секин ортидан кузатиб бориб уйини тахминан билиб олдим. Сўнг эртаси куни кечаси яна шу ҳолат такрорланди. Яна ўша одам, ўша вақтда, ўша устуннинг тагида тонггача ибодат қилди, фақат дуосида ёмғир сўрамади. Мен яна унинг ортидан кузатиб бориб, уйини аниқ билиб олдим. Сўнг кундузи бориб у кишига бўлган воқеаларни гапириб бердим ва у инсон менга қарата “Нима деяпсан, қанақа дуо, қанақа ихлос. Мени ким биландир адаштиряпсан” деб бақириб кетди. Уйимга қайтдим. Учинчи куни тунда яна масжидда кута бошладим, аммо у келмади. Эртасига ҳам келмади. Охири уйига излаб бордим. Бир кампир чиқиб у йигитнинг касби косиб эканлигини ва иккимизнинг ўша кунги суҳбатимиздан кейин анжомларини йиғиштириб, бир халтага солиб уйдан чиқиб кетганини айтди. Қўни-қўшнилардан сўрадим, йўқ. Косиблардан сўрадим, йўқ. Хуллас бутун Мадинанинг ҳар бир уйини излаб чиқдим, натижа йўқ, топилмади. Мен у йигитни умримнинг сўнгига қадар кўрмадим”.

Демак, бу воқеа ҳам банданинг ихлосига кўра Аллоҳ таъоло мартаба беришини ҳатто дуолари ижобат бўлишини билдиряпти. Бундан ташқари воқеа соҳибининг Аллоҳга бўлган ихлосини инсонлар билиб қолгани учун бутун умрга у шаҳарни тарк этиб кетгани амалларимизда холисликни биринчига қўйишимиз кераклигини англатади.

Ихлос мисолида ҳикоялар кўп. Шулардан бирида қуйидагича ҳолат содир бўлади. Уч киши ғорга қамалиб қолишади. Шунда улар холис амалларини айтишади ва ғор оғзи аста секин очилади. Биринчиси зинога очиқ имконият бўла туриб Аллоҳ учун ундан тийилганини, иккинчиси эса, ота-онаси сут ичгиси келиб сўраганда то сут излаб топиб келгунча улар ухлаб қолгани, мабодо тунда уйғонса ичишади деб косадаги сутни тонггача қўлида кўтариб турганини айтади. Учинчиси эса, бир мардикор аразлаб ҳаққини олмасдан кетганда унинг пулини айлантириб тижорат қилиб кўпайтириб анча вақтдан кейин қайтиб келган мардикорга анча сармоя қилиб қайтариб берганини гапириб беради. Демак бу ҳикоядагиларнинг ғордан озод бўлишлари сабаби ҳам ихлос ила холис бажарилган амаллари экан.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кимда ким Аллоҳ розилиги исталадиган илмни фақатгина дунё (матоҳи)ни қўлга киритиш учун ўрганса қиёмат куни жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайди”. Абу Довуд ривояти. Ваҳолангки, жаннатнинг ҳиди беш юз йиллик масофадан келиб туриши ҳам ҳадислар билан собит бўлган.

Болалигимиздаги устозларимиздан бирларининг бирор марта суннатга зид амал қилганларини кўрмаганмиз. Бир куни сут ичиб бўлиб фақат бармоқларинигина ювдилар. Тушунмадик, ҳайрон бўлдик. Орадан йиллар ўтиб “Мишкотул масобиҳ” китобидаги ҳадисларни ўқиётганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сут ичганда фақат бармоқни ювса бўлади, мазмунидаги ҳадисни ўқидим ва устозни эсладим. Ваҳолангки у кишини олдига дуо олиб зиёрат қилишга келган мансабдорлар ҳам тер босиб, ҳижолат бўлиб тиллари айланмай қоладиган виқорли мухлис одам эдилар.

Илм, амал ва ихлос. Учаласи бўлсагина натижа, самара бўлади. Иккиси бўлиб бири бўлмаса кемтиклик тўлмай тураверади.

“Аллоҳ ўтганларимизни раҳматига олсин. Бизларни ихлосли бандалар сафида қилсин”.

Маънавият, маърифат ва иқтидорли

талабалар билан ишлаш бўлими услубчиси

Абдулқаййум Исмоилов тайёрлади

51260cookie-checkИхлос – илм ва амал пойдевори
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting