Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи ишларни алоҳида зикр қилиб уларга риоя қилиш ҳақида мусулмонлардан аҳд олганлар. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай хабар берилган:

Убода ибн Сомитрозияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофларида саҳобалардан бир жамоа турганида: «Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаслигингиз, зино қилмаслигингиз, болаларингизни ўлдирмаслигингиз, қўл ва оёқларингиз орасидан тўқиган бўхтон келтирмаслигингиз ва маъруф (яхши) ишда осий бўлмасликларингиз ҳақида менга байъат қилинг. Бас, сиздан ким бунга вафо қилса, унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир. Ким ўшалардан баъзи нарсани қилиб қўйиб, дунёда уқубатини олган бўлса, бу унинг учун каффоротдир. Ким ўшалардан баъзи нарсани қилиб қўйса-ю, сўнгра Аллоҳ уни сатр қилган бўлса, у Аллоҳга ҳавола. Хоҳласа уни авф қилади, хоҳласа жазолайди», дедилар. Бас, биз У Зотга ана шу ҳақида байъат қилдик». Бухорий ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифда мазкур ишларга “байъат қилинг”, дейилган.   Бу ҳақида уламолар шундай деганлар: “Байъатсўзи луғатда «олди-сотди» деган маънони билдиради. Шариатда эса кишиларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоатлари ҳақида берган аҳдларидир. Бунда иккинчи томон, яъни байъат берувчи шахс ўз итоати сабаб номаи аъмолига савоб «сотиб олиш» маъноси борлиги учун ушбу сўз ишлатилади”.

Ушбу ҳадиси шарифдан кўплаб фойдалар олинади:

  1. Саҳобалар берган ваъдаларига амал қилишни фахр, устиларидаги масъулиятни эса шараф, деб билганлари;
  2. Мусулмон одам ёмонликлардан қайтиб, яхшиликларни қилишга аҳд бериши кераклиги;
  3. Ширкдан эҳтиёт бўлиш зарур экани;
  4. Ўғирлик, зино, ёлғон-бўҳтон, осийлик энг ёмон гуноҳлар экани;
  5. Гуноҳига яраша шаръий жазо олган одамнинг гуноҳи ювилиши;
  6. Гуноҳи беркилиб, шаръий жазо олмаган одамнинг ишини Аллоҳга ҳавола қилиш кераклиги.

Ушбу аҳдларга мусулмонлар доимо амал қилишлари зарурдир. Зеро, ҳар бир берилган аҳд инсон ахлоқи ва унинг камолоти учун ижобий натижа беради. Унга амал қилувчилар дунё ва охират саодатини топадилар.

Аллоҳ таоло барчамизга олаётган илмларимизни манфаатли қилсин!

Тошкент Ислом институти талабаси

Юсупова Феруза

52780cookie-checkПайғамбаримиз алайҳиссаломга берилган аҳдлар
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting