Аллоҳ тоало Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“Биз Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат қилиб туширдик”.

Олимлар аниқлашича, доим Қуръон ўқийдиган одам руҳий безовталикдан юқори даражада ҳимояланади. Бундан ташқари, Қуръон ўқийдиган одам ҳузур-ҳаловат топади, хотиржамликка эришади. Қуръон ўқиш иммунитетни кучайтиради. Қуръон ўқийдиган одам руҳан ва жисмонан соғлом бўлади. Қуръон ўқийдиган инсон учун юрак хасталиги бегонадир. Мусҳафга қараб Қуръон ўқиш кўзни равшан қилади, хотирани мустаҳкамлайди, мия фаолиятини ривожлантиради, инсоннинг фикрлаш қобилиятини ўстиради, дунё қарашини кенгайтиради. Инсоннинг ўзига ишончини орттиради, тўғри қарор қабул қилиш қобилиятини ривожлантиради. Дунёга ҳирс қўйиш, тама, ҳасад, ғийбат каби иллатлар оқибатида келиб чиқадиган моддий касалликлардан асрайди. Қуръонни тажвид қоидаларига мувофиқ ўқиш нутқни ривожлантиради, кишини сўзга чечан қилади. Қуръон ўқиган киши васваса, ҳадиксираш, беҳуда хавотирланишдан йироқ бўлади. Қироат бош оғриғини самарали даволайди… дейилади “Қуръон – қалблар шифоси” китобида.

Ҳа, азизлар, Аллоҳнинг марҳамати кенг. У зот бизга берган ваъдасига асло хилоф қилмайди. Фақат биз ихлос билан, чин қалбимиздан, Аллоҳнинг розилигини кўзлаб адо этсак, ваъда қилинган ажр-у мукофотларга албатта эришамиз. Аллоҳ таоло барчамизни Қуръонни доимий тарзда ўқиб, унга амал қилувчилардан қилсин.

Қуръон карим инсониятни жаҳолат зулматидан нурга, куфрдан ҳидоятга, торликдан кенгликка, қувончга олиб чиққан муқаддас Каломдир. У ўзига амал қилган, маъноларини тушуниб ҳаётига тадбиқ қилган жамики инсониятга ҳар икки дунёда ҳам жаннат томон йўл кўрсатувчи маёқ бўлиб келмоқда.

Қуръони карим илм биносининг аввалги дарвозасидир.

Аллоҳ таоло ўзининг каломида: “Сизларга равшан нур (Қуръон)ни нозил этдик”, деб марҳамат қилади. Дарҳақиқат, Қуръон нурдир. Ким унга эргашса, Қуръон унинг йўлини ёритиб боради. Шундай ёритадики, унинг зиёсидан кўзлар қамашади, инсонлар ҳавас билан назар солишади. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларида: “Қуръон – бу дунёда мўминга нур ва қиёмат кунида савобга муҳтож бўладиган пайтда захира бўлади, дея марҳамат қилганлар. Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир куни мен: “Ё Расулуллоҳ, менга насиҳат қилинг?”, дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга тақво қилгин, чунки у барча ишларингнинг бошидир”, дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, яна зиёда қилинг”, дедим. Шунда у зот: “Сен Қуръон тиловатини ўзинга лозим тутгин. Зеро у сен учун ерда нур ва осмонда захира бўлади”, дедилар.

Аллоҳнинг каломи Қуръон Карим муборак китобдир. Унинг фазли, қадр-қиммати ғоятда беқиёсдир. Қуръон қиёмат кунида ўз эгасини шафоат қилади. Уни ўқувчи ҳар бир инсонга Аллоҳ таола ҳар бир ҳарфи учун ажр мукофот беради. Саҳобалар Қуръони каримнинг барча оятларини қалбларига шундай муҳрлаб олишган эдики, уни ҳеч бир нарса билан ўчириб ташлашнинг иложи йўқ эди. Қандай қилиб бу даражага эришишган дейсизми? Ҳа, бу жуда ўринли савол. Улар Қуръони карим оятларининг ҳар бирини бутун вужудлари билан ўқишар ва ҳаётларини у билан мунаввар этишарди. Шу боисдан улар шундай улкан мартабаларга эришишган. Саҳобаи киромлар бу илоҳий китобни авлоддан авлодга узилмай етиб бориши учун жуда улкан ҳаракатлар қилишган. Айниқса, ёш авлоднинг Қуръони каримни ёд олишларига алоҳида эътибор қаратганлар. Уларнинг бу эътиборлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон ўргатишга бўлган буйруқларига тўлақонли жавоб тариқасида бўлар эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ўғлига Қуръонга қараб ўқишни ўргатса гуноҳлари кечирилади. Ким ёддан ўқишни таълим берса, Қиёмат куни Аллоҳ таоло уни кечадаги тўлин ой каби (нурли қилиб) қайта тирилтиради. Ўғлига: “Ўқи!”, дейилади. Ҳар оятни ўқиганида Аллоҳ таоло отасининг даражасини кўтаради. Қуръондан билганича ўқийди”, дедилар.

Юқорида Қуръони каримни ёд олган қорига бериладиган ажр савоблар ҳақида мухтасар қилиб баён қилишга ҳаракат қилдик. Ҳадисдан маълум бўладики, Қиёмат кунида Аллоҳ таоло Қуръон ҳофизининг отасининг ҳам даражаси янада юксалиши айтилмоқда. Бу улкан мукофотдир. Ҳар бир ота-она фарзанди улар учун шундай ҳадя инъом этишини озру қилади. Лекин орзу қилишнинг ўзи билан иш битиб қолмайди. Фарзандингиз Каломуллоҳ ҳофизи бўлишини истасангиз ҳозирданоқ ўзингиз унга гўзал намуна бўлинг. Сизнинг бу муқаддас китобга бўлган муҳаббатингизни кўриб улғайган фарзандингиз ҳам албатта, унга меҳр қўяди. Ҳайсамий қуйидаги ҳадисни ривоят қилган: “Кимики дунёда фарзандига Қуръон ўргатса, қиёмат куни жаннатда у одамга тож кийдирилади. Жаннатдагилар бу (тож) билан фарзандига дунёда Қуръон ўргатганини билишади”.

Имом Аҳмад ривоятида: “Ота-онасига дунёда бебаҳо бўлган икки кийим берилади. Улар: “Нима сабабдан бу кийимни кийдик”, дейишади. Уларга: “Фарзандларингиз Қуръони каримни ёдлагани учун”, дедилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қорилар умматимнинг шарафлиларидир”, деб марҳамат қилганлар. Барчамизга Аллоҳнинг каломини қалбга ва ҳаётимизга жо айлаган ҳолатда фарзандларимизга ҳам уни етказиш билан Фирдавс жаннатида фарзандларимиз томонидан виқор тожини кийишлик насиб этсин.

2-курс талабаси

Раҳмонова Мадина

55330cookie-checkФарзандингизга Қуръон ўргатинг
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting