Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло яратган жамики мавжудотлар туғилишиданоқ ўз маконларини биладилар, ҳаттоки ҳавода учувчи қушлар ҳам, денгиздаги балиқлар-у, асалари ҳам ўз уяларини ҳимоя қиладилар. Шунингдек, инсонлар ҳам қаерда туғилиб-улғайсалар ўша киндик қони тўкилган жойга меҳр қўядилар. Демак, Ватанни севиш ҳам Аллоҳ томонидан бандаларига берган неъматлардан биридир. Ушбу неъмат орқали инсон ватанпарвар бўлиб, ундаги бор нарсаларни ардоқлаб ва узоқлашса туғма-табиий равишда яшаш жойини соғиниб, ошиқади. Шунинг учун ҳам инсон ўз ихтиёри билан ватанидан узоқлашиб, сафарга чиқса албатта сафар давомида ўз ватанини қумсайди, она тупроғига талпинади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз ватанларига жуда муҳаббатли бўлганлар. Мадинаи мунавварага ҳижрат қилаётганларида туғилиб ўсган ватанлари Маккаи мукаррамага юзланиб, қалблари эзилиб, кўзлари ёшга тўлиб шундай хитоб қилганлар: “Қандай ҳам яхши шаҳарсан! Қандай ҳам мен учун севимлисан! Агар қавминг мени сендан қувмаганида, сендан бошқа жойда яшамас эдим!” (Имом Термизий ривояти).

Ватанпарварлик – ватанга меҳр қўйишдангина иборат эмас, балки Ватан билан ўзини бир бутун деб билиш, унинг тинчлигини сақлаш ҳар қандай вазиятда Ватанни, унинг манфаатларини ҳимоя қилиш, қадрлаш, меҳр муҳаббат қўйишдир. Унинг тинчлик ва осудалигини сақлаш барча касб эгаларининг, эркак ва аёлнинг, ёшу-қарининг бирдек бурчи ва вазифасидир. Доим ҳушёр ва огоҳ яшаш-бугунги кун талаби. Она Ватанда миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик муҳитини сақлаш ва ўзаро меҳр-муҳаббат, ҳақ-ҳуқуқ риоясини қилиш, тинчлик ва барқарорликни сақлашда ғоят аҳамиятлидир.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Аллоҳ таоло юртларни Ватан муҳаббати билан обод қилади”, дейди. Яна бир ўринда: “Агар Ватан муҳаббати бўлмаганда, юртлар хароб бўлар эди”, дейди. Демак, Ватанни севиш-элни севиш, элни севиш-Ватанни севишдир. Бу икки туйғу бир-бирига чамбарчас боғлиқдир.

Муқаддас юртимизда инсон, унинг ҳаёти, ҳуқуқ ва эркинлиги энг олий қадрият сифатида эъзозланиши, ҳаётимиздаги барча янгиланиш ва ўзгаришлар, турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, авваламбор, инсон манфаатларини таъминлашга қаратилганлигининг яна бир амалий ифодасидир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Моида сурасида шундай хитоб қилади: “Бас, хайрли (савобли) ишларда бир-бирингиздан ўзишга ошиқингиз!”. Зероки, жамиятдаги барча инсонлар наф келтиришга, зарарни даф қилишга саъй-ҳаракат қилмоқлари лозим. Албатта, иймон-эътиқодли инсон учун одамларга яхшилик қилиш иймондан кейинги энг улуғ ибодатлардан биридир. ​

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолога инсонларнинг яхшиси инсонларга манфаати энг кўпидир”, дедилар” (Имом Тобароний ривояти).

Хайрли ва савобли ишларда мусобақалашган инсонлар бир-бирига муҳаббатли бўлиб, бошқаларнинг муҳаббатига эга бўлдилар ва шу тариқа Ватан равнақига ўз ҳиссаларини қўшадилар. Улар  мукофоти дунё ва охиратда берилади. Аллоҳ таоло айтганидек: “Иймон келтирган ва солиҳ амалларини қилган зотлар эга (билиб қўйсинларки) албатта, Биз яхши амалларни қилган кишининг мукофотини зое қилмасмиз” (Каҳф сураси, 30).

Халқнинг манфаати учун фидоий бўлиш, инсонларга наф етказиш Аллоҳ таолога энг маҳбуб амалдир. Ҳар бир яхшилик самарасиз қолмайди. Банданинг ихлоси, ниятига қараб, зарра миқдоридаги амалига ҳам Аллоҳ таоло ажр беради. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мўминнинг дунёдаги ғам-ташвишларидан бир ғам-ташвишни енгиллатади. Ким бир қийналиб қолган кишига осон қилса, Аллоҳ таоло дунё-ю-охиратда осон қилади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ таоло унинг дунё-ю-охиратда айбини беркитади. Модомики, банда ўз ота-онасига кўмак бериш пайида бўлар экан, Аллоҳ таоло унга кўмак бериш пайида бўлади”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).

Яхшиликлар, саволи ишлар бардавом бўлган эл-юрт ҳар жиҳатдан мустаҳкам бўлиб, тараққий этади ва ривожланади. Миллатлар ўзаро бир-бири билан тотув, меҳр муҳаббатда ва яхшиликларни бир-бирларидан аямай яшасалар албатта, эл-юрт ҳимоясида асосий пойдеворни қўйган ҳисобланадилар. Чунки юртинг тинч-уйинг тинч. Тинчлик ва тотувлик билан нимагаки эришилса унда барака файз бўлади. Шу сабаб барчамизни доимо эзгу ишлар, яхши амалларга муяссар айлаб, юртимиз, маҳалламиз, хонадонларимизга файз-барака тинчлик-омонлик ато этишини Яратгандан сўраб қоламиз!

“Тиллар” кафедраси ўқитувчиси

Озода Маҳкамова

59090cookie-checkҚандай миллат бўлишимиздан қатъий назар Ватанимизни асрайлик!
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting