Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича устувор вазифаларга мувофиқ кадрлар тайёрлашнинг мазмунини тубдан такомиллаштириш, халқаро стандартлар даражасида олий маълумотли мутахассислар тайёрлашга зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда олий таълим муассасалари фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш жараёнларини мувофиқлаштириш мақсадида Олий таълим тўғрисидаги низом тасдиқланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштиради.

Олий таълим тўғрисидаги низомга кўра, олий таълим узлуксиз таълим тизимининг мустақил тури бўлиб, олий таълим муассасаларида умумий ўрта (11 синф) ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими амалга оширилади.

Олий таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

олий таълимни иқтисодиётнинг тармоқ ва соҳалари учун юқори малакали кадрларни тайёрлашга қаратилганлиги;

таълим ва тарбиянинг инсонпарвар, демократик характерда эканлиги;

олий таълимни умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий ўқув юртидан кейинги таълимлар билан узлуксизлиги ва узвийлиги;

таълим тизимининг дунёвий характерда эканлиги;

давлат таълим стандартлари доирасида таълим олишнинг ҳамма учун очиқлиги;

таълим дастурларини танлашга ягона ва табақалаштирилган ёндашув;

билимли бўлишни ва истеъдодни рағбатлантириш;

олий таълим тизимида давлат ва жамият бошқарувини уйғунлаштириш;

олий таълим, фан ва ишлаб чиқаришни интеграциялаш.

Мамлакатнинг истиқболини ҳисобга олган ҳолда замон талабларига жавоб бера оладиган малакали, рақобатбардош, юксак билимли, республиканинг илм-фан, маданият, иқтисод, ижтимоий соҳаларини ривожлантиришда ўз ҳиссасини қўшадиган, мустақил фикрлай оладиган, юксак маънавиятга эга бўлган юқори салоҳиятли мутахассисларни тайёрлашдан олий таълимнинг асосий мақсади ҳисобланади.

Олий таълимнинг асосий вазифаларига қуйидагилар киради:

давлат таълим стандарти, малака талаблари, ўқув режа ва ўқув фан дастурларга мувофиқ ўқитиш сифатини таъминлаш;

ўқув жараёнини (амалиёт, стажировка) кадрлар истеъмолчиларининг таклифларини инобатга олган ҳолда ташкил этиш;

олий малакали мутахассислар, шунингдек илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш;

илм-фан, маданият, техника, технологиялар, иқтисоднинг замонавий ютуқлари, мамлакатнинг иқтисоди ва маданиятининг ижтимоий истиқболини ҳисобга олган ҳолда кадрлар тайёрлаш услубларини тизимли такомиллаштириш;

ёшларда инсонпарварлик руҳиятини шакллантириш, уларнинг тарбиясига миллий ватанпарварлик ғояси асосида умуминсоний қадриятларни ҳамда Ватанга, жамиятга, оилага ва атроф-муҳитга муҳаббатни сингдириш;

ўқитишнинг интерфаол усулларини, инновацион педагогик ҳамда ахборот коммуникацион технологияларини, мустақил таълим олиш, масофавий таълим тизимини амалиётга жорий қилиш;

олий таълимда фан ва ишлаб чиқариш уйғунлиги механизмларини ишлаб чиқиш ва амалиётда қўллаш;

илмий-педагогик кадрлар ва таълим олувчиларнинг илмий–ижодий фаолияти, илмий тадқиқотлари ёрдамида фан, техника, технологияларни ривожлантириш, олинган натижаларни мамлакат иқтисодиётида ва таълим жараёнида қўллаш бўйича тавсиялар тайёрлаш;

давлат ва нодавлат олий таълим муассасаларини ривожлантириш асосида таълим хизматлари бозорида рақобатни юзага келтириш;

олий таълим муассасаларини бошқаришни такомиллаштириш ва мустақиллигини кенгайтириш, жамоат бошқарувини васийлик кенгашлар шаклида олиб бориш;

таълим ва кадрлар тайёрлаш сифатини таъминлаш борасида илмий, услубий тадқиқотларни олиб бориш, битирувчиларни касб йўллаш ҳамда меҳнат билан бандлиги мониторингини олиб бориш;

олий таълим соҳасида ўзаро фойдали халқаро ҳамкорлик алоқаларни ривожлантириш.

Олий таълим тизими қуйидагилардан иборат:

давлат таълим стандарти ва малака талабларига мувофиқ таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича таълим дастурларининг бажарилишини таъминлайдиган давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари;

олий таълимни норматив-ҳуқуқий ва илмий-услубий таъминоти бўйича тадқиқот ишларини олиб борувчи илмий-педагогик муассасалар;

олий таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат органлари, шунингдек, уларга бўйсинувчи корхона, муассаса ва ташкилотлар.

Олий таълим икки босқичдан иборат: бакалавриат ва магистратура.

Олий таълим муассасаларида бакалавр ва магистрларни тайёрлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 16 августдаги 343-сон “Олий таълимнинг давлат таълим стандартлари. Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари Классификатори”га мувофиқ олиб борилади.

Олий таълим муассасаси Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари Классификаторига мувофиқ меҳнат бозори талабларидан келиб чиқиб, бакалавриатнинг янги таълим йўналиши ва магистратуранинг янги мутахассислигини очиш бўйича таклифлар бериш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикасида олий таълим муассасаларининг қуйидаги турлари мавжуд: университет, академия, институт (қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ мавқе (статуси) уларга тенглаштирилган бошқа олий таълим муассасалари).

Университет:

таълимнинг бир неча йўналишларида олий ва олий ўқув юртидан кейинги таълим беради;

турли соҳалардаги мутахассисларни малакасини оширади ва қайта тайёрлайди;

фаннинг турли йўналишларида фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқотларни амалга оширади;

хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма дастурлар асосида кадрлар тайёрлашни амалга оширади;

тааллуқли илм соҳаси бўйича таянч илмий-услубий маркази ҳисобланади.

Академия:

таълим соҳасида маълум белгиланган олий ва олий ўқув юртидан кейинги таълим беришга мўлжалланган таълим дастурларини бажаради;

муайян соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни амалга оширади;

фан, маданият ёки санъатнинг аниқ соҳаларида фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқотларни амалга оширади;

хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма дастурлар асосида кадрлар тайёрлашни амалга оширади фаолияти соҳасида етакчи илмий ва услубий марказ ҳисобланади.

Институт:

таълим ва фаннинг маълум бир соҳасида олий ва олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг айрим дастурларини амалга оширади;

маълум бир соҳада ва ҳудуддаги мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш билан шуғулланади;

хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма дастурлар асосида кадрлар тайёрлашни амалга оширади фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқот ишларини олиб боради.

kun.uz

60210cookie-checkЎзбекистонда олий таълим тўғрисидаги янги низом тасдиқланади
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting