Инсон доимo бошқалар билан мулоқот қилишга муҳтож бўлади. Шу сабабли ўзига муносиб суҳбатдош ва дўстлар танлашга интилади. Мўмин инсон солиҳ кишиларни дўст тутиши, улар билан имкон қадар кўпроқ бирга бўлишга интилиши лозим. Чунки, солиҳ кишиларнинг сўзларидан кўра сийратлари инсонга таъсирлироқ бўлади. Улуғ имомларимиз бу борада ҳам бизга гўзал намуна бўлишган ва биз учун қимматли тавсияларни беришган.

Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг устози, Яҳё ибн Яҳё Найсобурий (226 ҳ./840 м. йили вафот этган) роҳимаҳуллоҳ Имом Молик роҳимаҳуллоҳдан  “Муватто” китобларини таълим олиб бўлгандан сўнг яна бир муддат зотнинг ёнларида яшадилар. Нима учун у ерда қолганликлари ҳақида сўрашганида: “Имом Моликнинг шамоилларидан таҳсил олиш учун у ерда қолдим. Чунки, у зотнинг сифатлари саҳоба ва тобеинларники каби эди”, дея жавоб берган эканлар.

Абдулфаттоҳ Абу Ғудда роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Намунали солиҳ инсонни кўриш ундан эшитилган нарсадан кўра таъсирлироқ бўлади ва унга қараган инсонда яхшилик асарларини қолдиради. Бу борада саҳобалар розияллоҳу анҳум улкан бахт соҳиби бўлганлар. Сабаби, улар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлар, доимий У зотни кўриб ёнларида юрар эдилар. Шунинг учун ҳам улар Расулуллоҳдан кейин энг яхши уммат бўлишди.

Солиҳ ва намунали инсонни кўриш Аллоҳни эслатади. Сабаби, унга қараган инсон унинг юриш-туриши, нутқи, сукут сақлаши ва ҳар бир ҳаракатида гўзал маъно, самимийлик, хотиржамлик, муҳаббат ҳамда сакинатни кўради. Унга қараш инсонга Аллоҳни эслатади, унинг сурати Аллоҳ томон юришга чорлайди. Ана шундай инсонлар уларни кўрилганда Аллоҳ эсланадиган кишилар бўлишади.

Бу иш салафи солиҳлар орасида кенг ёйилган эди. Инсонлар солиҳ кишини кўриб манфаат олиш учун у билан учрашишни мақсад қилишар эди. Чунки, уни кўришнинг ўзи қалбни нурлантиради, нафсда яхшиликка рағбатни уйғотади, динга муҳаббатни оширади ва Аллоҳ таолони эслатади”. Шунинг учун ҳам мусулмон инсон бу нур ва набавий меросдан насиба олиш учун улар билан доимий алоқада бўлиши лозим.

Юқоридаги олимларнинг сўзларидан маълум бўладики, солиҳ  инсонга биргина қарашнинг ўзи қалбга шу қадар таъсир қилар экан,  у  билан суҳбат қуриш, дўстлашиш ва узоқ вақт бирга бўлиш кишида ўз аксини топмай қолмайди. Бунинг акси ўлароқ бадхулқ инсонлар билан кўп бирга бўлиш аста-секин инсонни уларга ўхшатиб қўяди. Чунки, инсоннинг табиати ўғри бўлиб, атрофдагилардан яхшиликни  ҳам,  ёмонликни ҳам бир хилда “ўғирлаб” олади. Шундай экан, мўмин инсон доимо ўзига солиҳларни дўст тутиши ва улар билан ҳамсуҳбат бўлиши ўзи учун манфаатли бўлади. Зеро, ҳақиқий солиҳларгина ўз дўстининг кўзгусидир.

Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳнинг “Толиби илм тарбияси учун тўғри йўл маёқлари” номли китоблари асосида
2-курс талабаси Ийсохон Яҳё тайёрлади

60830cookie-checkСолиҳ суҳбатдош
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting