Ўзини қутқарган дунёни қутқаради

ўзингизни тўғриламагунингизча, Аллоҳ сизни тўғриламайди

Олиймас, оддий математика…

Тинч турган ҳовуз сувига тош отиб кўрганмисиз… Чўлп… аввалига битта ҳалқа ҳосил бўлади… аммо бир неча сонияда ҳалқалар сони жуда кўпайиб, кенгайиб кетади. Ҳалқалар кенгайгани сари, янгилари пайдо бўлаверади. Буни қарангки, бу ҳалқаларнинг маркази битта, у ҳам бўлса, ўша, тош тушган жой.

Бу ҳалқаларни, яъни айланаларни мактаб математикасида “концентрик айланалар”, яъни “бир марказли айланалар” дейилади. Уларнинг маркази битта бўлиб, радиуси, диаметри турлича. Марказдан айлананинг узоқлиги, доиранинг кенглиги турлича. Буни қарангки, бутун коинотда бу ҳол намоён: Қуёш галактикаси атрофида айланиб юрган сайёралардан тортиб, атомнинг ядроси билан электрон булутлари муносабатига қадар.

Уммон узра отилган тош: Инсоннинг яшаш муҳити

Барчамиз инсонмиз. Шу жумладан, ҳар биримиз ўзимизга яраша жамиятда, одамлар орасида, яъни Ер шарининг қайсидир қитъаси, қайсидир мамлакатининг қанақадир вилоятининг маълум бир ҳудуди, аниқ бир кўчасининг ўзгармас бир манзилида яшаб, истиқомат қиламиз…

Қаранг, бундай ўйлаб қарасак, бизнинг аниқ манзил маконимиз ва яқинларимиз бор экан. Яъни, мана шу санаб ўтилган силсила бўйича, жамики башар аҳли билан робитамиз, яқинлигимиз бор. Аммо, бу яқинлик доира кенгайган сари заифлашиб боради. Доира масаласига келсак, унинг энг энг энг марказий нуқтасида ўзимиз жойлашганмиз. Не ажабки, унинг ҳам марказини руҳимиз эгаллаб олган, десак, ҳеч муболаға қилмаган бўламиз.

Келинг фикр ва тасаввур оламида доирани кенгайтириб борамиз:

Марказда МЕН, яъни РУҲ, ундан кенгроғи ЖОН, кейин ТАН, сўнг ОИЛА, сўнгра ҚАРИНДОШЛАР, кейинга ҳалқада дўстлар ва ЯҚИНЛАР, навбатдаги майдонда ТАНИШЛАР, сўнг ЮРТДОШЛАР, кейин МИЛЛАТДОШЛАР, ҚИТЪАДОШЛАР ва ниҳоят БАНИ БАШАР аҳли, яъни бир ота бир онадан тарқаган қариндошлар доираси.

Воажаб, Ер уммонига отилган бир жуфт тош – Одам алайҳиссалом ва Момо Ҳавво ҳосил қилган ҳалқанинг нечанчи поғонасида эканмиз-а?

Ёки, МЕН қайси бир сокин сой бағрига отилдим экан?

وَقُل رَّبِّ أَنزِلْنِي مُنزَلاً مُّبَارَكاً وَأَنتَ خَيْرُ الْمُنزِلِينَ

Ва: “Эй Роббим, мени муборак манзилга туширгин, Сен, Ўзинг манзилга туширгувчиларнинг энг яхшисисан”, дегин”, дедик (Мўминун, 29)

Мутаносиблик сири (пропорционаллик)

Хўш, МЕНинг юқорида саналганлар билан алоқам қай даражада?

Аслини олиб қарасак, инсон фақат ўзи ҳақида 100 фоиз ҳукм чиқариш ҳуқуқига эга. Иккита одам бўлганида эса, ҳукми 50 фоизга тушади. 4 та одам бўлганида, 25 фоиз. 100 та одам бор жойда менинг овозим 1% ни ташкил этади.

Кетма-кетликни шундай давом эттирадиган бўлсак, Ўзбекистонда менинг ҳиссам 32000000 дан 1 та, бутун дунёда эса 7000000000 дан 1 тага тенг экан.

Буни қарангки, мени ўраб турган муҳит қанчалик каттаргани сари, ундаги робитам ва масъуллигим кичрайиб, камайиб кетяпти. Аксинча, яшаш доирам қанчалик торайса, масъуллигим шунчалик ортиб бормоқда. Дейлик, оилам ва фарзандларим олдидаги бурчим ҳамда жавобгарлигим, туман ва вилоятдаги жавобгарлигим олдида ақл бовар қилмас даражада катта.

Ушбу боғлиқликни тескари мутаносиблик дейилади.

Демак, ақлан ва мантиқан масалага ёндашадиган бўлсак, яримта хурмо бериб бўлса ҳам ЎЗимизни (бошқаларни эмас) жаҳаннам оловидан қутқаришга чақирилганимизнинг мағзини янада яхшироқ чақа бошлаймиз.

Ички муҳосаба: кел сен билан бир ҳисоблашиб олайлик!

Айтишларича, осмонда қора булут кўринса, Имом Шофеъий роҳматуллоҳи алайҳ “Менинг дастимдан шаҳарга бало келмасин” деган хавфда шаҳарни тез тарк этар эканлар.

Имом Қушайрий эса, бир иқрорида “Мана йигирма йиллик тавба тазарру ва ибодатдан кейин, бугун биринчи марта Аллоҳдан Жаннатни сўрашга журъат қилдим” деган эканлар.

Бу каби фактларни яна узоқ давом эттиришимиз мумкин… лекин не ҳожат, тарбиячи ва ислоҳотчиларнинг энг буюги Устози Акмал соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир умрлик ўрнак ҳаётида ҳам доим ўзини тарбиялаш ва нафсини паст кўриш намунаси…

Эътибор қиладиган бўлсак, инсонларнинг улуғлари мудом барча қусур ва нуқсонларни ўзларидан қидирадилар ва нафсларини маломат қиладилар.

Ҳеч биримиз Имом Бухорий ёки Имом Нақшбандийнинг замондан, ёшлардан, одамларнинг амалсизлиги ёки ахлоқсизлигидан шикоят қилгани, ўзини қўйиб, ўзгаларни гапиргани ҳақида на эшитганмиз, на ўқиганмиз. Бу буюк зотлар мудом МЕНини тарбиялашган. Уни ерга уриб, камситгани сари эса юксалиб бораверган.

Хўш, келинг энди, биз ҳам бииир ҳисоблашиб олайлик-чи ўз МЕНимиз билан. Қўшнининг боласи тўполончи, хўш меники-чи, қариндошимнинг қизи бетгачопар, ўзимники-чи?!

Марказда МЕН ёхуд лаввома кимга йўналган?

Илоҳий битикда нафс даражотлари бир неча поғонада саналади: нафсил аммора, нафсил лаввома, … … …

Не ажабки, лаввома деганда инсоннинг нафси ўз-ўзини лавм қилиши уқтирилади. Ва ҳеч бир даражотда бошқаларни лавм қилиш сифати кўрсатилмаган.

Баъзи дунёқарашлар мана шу нуқтага бутун диққат эътиборни бошқа жиҳатдан қаратгани боис, инсон нави худбинлашади. Буни бугунги фан тили билан эгоизм деб аталади. Яъни, бу қарашларга кўра, ичингдаги хоҳишинг қандай бўлишидан қатъий назар, у олий истакдир ва мутлақо уни қондириш шарт. Эгоизмнинг асосий таг замини аслида мана шу.

Исломда эса, диққат эътибор умуман бошқа жиҳатдан йўналади. Энг катта ва муҳим кураш, бу нафс билан бўлиб ўтадиган курашдир. Мана пировард муаммоларнинг пайдо бўлиш ёки ечим топиш манбаи.

Аксар одамлар фарзандлари, оиласи, қариндош ва яқинлари, одамлар, жамият, дунё ҳамда замоннинг бузилиб кетганидан норози. Бир қисми эса, ўз-ўзича, ўзи тўғри деб билган услуб орқали шуни тўғрилаш пайида сарсон бўлиб юрибди.

80 га 20 мезони

Ривоятларга кўра, Нажмиддин Кубро (қ. с.) 40 кунлик ёлғизликдаги риёзатидан чиқишида, шогирд ва муридлари жонли коридор ҳосил қилиб кутиб олишаркан. Улуғ авлиё йўл-йўлакай уларга бир-бир назар ташлаб кетавераркан. Бу назар, бу қарашдан эса, ҳар бир шогирд олам-олам фазилат, олам-олам ладунний озуқалар олишаркан.

Гап бу ҳолнинг қанчалик ҳақиқий ёки муболағали эканида эмас, гап оддий замонавий психология хулосаларида…

Замонавий психология келтирган фактларга кўра, тарбияланувчи тарбияловчидан оладиган сифатларининг 20 фоизи қолан ва 80 фоизи ҳолан, яъни 20 фоизи гап-сўз орқали, қолгани эса мураббийнинг яшаб кўрсатгани орқали олинаркан.

Нега биз ўзимиз тўғри деб эътиқод қилган нарсамизни ўзимиз тўлиқ яшамасдан, бошқалардан талаб қиламиз. Мана масаланинг энг оғриқли нуқтаси! Нега бошқаларни ўз қарашларимиз доирасига мажбуран, сиқиб киритмоқчи бўламиз? Нега доим ўзимизни ҳақ деб биламиз? Нега ўзимиз чекиб, фарзандимизга сигаретани таъқиқлаймиз? Нега “Алкогол зарарлари” асарини ёзиб, тугатиб, китобимиз чоп этилишини ўртоқларимиз билан, йиқилиб қолгунча, бўкиб ичиб нишонлаймиз? Нега… Нега… Нега…

Энди ислоҳотларни бошламасам бўлмас!

Барча лавмлар сенга бўлсин, эй, ғаддор нафсим! Сени тарбияласам, сенинг хулқингни аҳсани тақвийм бўган халқинг каби гўзаллаштирсам, фарзанларимнинг ҳам хулқи гўзаллашади, оиламнинг ҳам хулқи гўзаллашади… Бу кетма-кетлик эса, ўз навбатида, гўзаллашган хулқлар ижтимоси сифатида тажаллий қилиб, бир-бирини йиқитиб борувчи ғиштлар мисоли бутун жамиятда, бутун дунёда инъикос этади.

Мен МЕНимнинг жаҳаннамга ўтин бўлишини мутлақо истамайман. Айниқса, МЕНимни яратган Роббим розилигини қўлдан бой бериб, абадий бахтиқаро бўлишига мутлақо қаршиман! Бунга асло тоқатим йўқ! Ўзгаларни лавм қилиш ва тарбиялашдан мутлақо йироқман! Ваҳоланки, ўзимни қутқарсам, дунёни қутқарган бўламан. Инчунун, МЕН – башарият вужудини ташкил этувчи етти миллион ҳужайранинг бириман.

Эй, буюк Эгам! Зеро Сен Ўзинг суйган бандаларингни само аҳлига ҳам Ер аҳлига ҳам суйдиргувчисан. Мен не қилай бошқаларни. Менга МЕНи бегона қилма, менинг МЕНимдан юз ўгирма, менинг МЕНимни абадий бахтиқароликдан Ўзинг қутқар!

Эй, мени ва МЕНимни йўқдан бор қилган Зот! Мен ҳам МЕНим ҳам мутлақ Сенинг мулкингдирмиз. Молик эса, ўз мулкини ўзи истаганича тасарруф қилади…

Я, мутасаррифал мулк, сарриф инний аълаа ризака!

“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси
Усмонова Нигора

62190cookie-checkМАРКАЗДА МЕН! ислоҳотларнинг бошланғич нуқтаси
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting