Кувайтда чоп этиладиган нуфузли нашр — “Ас-сияса” газетаси Ўзбекистонда кейинги йилларда диний соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида мақола эълон қилди.
Унда мамлакатимизда диний бағрикенгликни қўллаб-қувватлаш, ислом илм-фани ва маданиятининг бебаҳо дурдоналари бўлмиш бой маънавий меросимизни сақлаш, ўрганиш, инсониятга эзгу ғоя ҳамда таълимотларини етказишга катта эътибор қаратилаётгани таъкидланган.
Ўзбекистонда 16 та конфессияга мансуб 2200 дан зиёд диний ташкилотларнинг эмин-эркин фаолият кўрсатаётгани, малакали диний ходимлар тайёрлашга устувор вазифа сифатида қаралаётгани, ушбу мақсадда ўндан ортиқ диний таълим муассасалари иш юритаётгани мамлакатда ижтимоий ­барқарорликнинг муҳим ­омили сифатида баҳоланган.
Айни вақтда Ўзбекистонда ислом дунёсининг маълум ва машҳур сиймолари — Имом Бухорий, Имом ­Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Муин Насафий, ­Баҳоуддин Нақшбанд каби аллома ва азиз-авлиёларнинг илмий меросини ўрганиш, улар хоки мангу қўним топган манзилларни обод этиш бўйича олиб бори­лаётган ишлар алоҳида таъкид­ланган.
“Сурхондарё вилоятида Имом Термизий мақбараси таъмирланди. Унинг ёнгинасида янги масжид ва кутубхона барпо қилинди. Бу ерда ҳадис ва бошқа ислом илмлари ривожига улкан ҳисса қўшган мусулмон уламоларининг илмий меросини чуқур ўрганиш мақсадида Имом Термизий халқаро илмий-­тадқиқот маркази ташкил этилди. Шу вақтга қадар буюк алломанинг 14 номдаги асари таржима қилиниб, ўзбек тилида нашр этилди”, дейилади мақолада.
Газетада ёзилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил октябрь ойида ўтказилган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессиясининг очилиш маросимидаги нутқида Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ғояси илгари сурилган эди. Бу ташаббус Имом Бухорийдек буюк алломанинг илмий меросини чуқур ўрганиш, ­дунёга тараннум этиш, ҳадис илмлари ривожига ҳисса қўшишни мақсад қилади.
Шунингдек, “Ас-сияса” ­газетаси ўз саҳифасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ҳадис илми мактаби, Мир Араб олий мадрасаси ташкил этилганини ислом маданияти ва илмий меросини ўрганиш йўлидаги муҳим қадамлар сифатида ёритган.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда диний таълим, ­тадқиқот йўналишларида ҳаётга татбиқ этилаётган ташаббуслар мусулмон дунёсининг қизиқишига сабаб бўлаётир. Бинобарин, юртимиз тарихан ислом илмлари, фан ва ­маданият кенг ­ривожланган диёр бўлиб, ҳеч шубҳасиз, бугунги мусулмон маданияти тараққиётини ­алломаларимиз, уларнинг беназир ­илмий меросисиз тасаввур этиб бўлмайди.
65550cookie-checkАраб нашри Ўзбекистоннинг диний соҳадаги ислоҳотларини эътироф этди
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting