Бир муҳаддис айтади: “Ҳадис ёзиб ўтирган эдим. Мен ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга фақат саловат айтиб, саломни тарк қилардим. Тушимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. У зот менга: “Китобингда саловатингни тўлиқ қилмайсанми?” дедилар. Шундан сўнг ёзадиган бўлсам, у зотга саловат ва салом айтадиган бўлдим”.

***

Сулаймон ибн Нуайм айтади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тушимда кўрдим ва: “Эй, Аллоҳнинг Расули, ану у кишилар Сизнинг муборак равзангизни зиёрат қилиб, Сизга салом айтишмоқда. Сиз уларнинг сўзларини тушунасизми?” деб сўрадим. У зот алайҳиссалом: “Ҳа, уларга алик оламан”, деб жавоб бердилар”.

***

Шайх Абдулғаний Нобулусий айтади:

“Бўёқчи шайх Ризвон тушида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрди. Сайдодаги катта “Умарий” масжидида экан. Инсонлар жуда кўп экан. Бир киши шайх Ризвонга қараб: “Эй, Ризвон, ичкарига кир”, дебди. Ўша пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гапираётган эканлар. Ризвон у киши билан ичкарига кирибди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрибди. У зот алайҳиссалом унга қараб: “Эй Ризвон, чиқиб ҳадисимни айт”, дебдилар. Сўнг ушбу ҳадисни айтибдилар:  “Истаганингча яша. Бир кун келиб вафот этасан. Истаган кишингни яхши кўр. Бир кун келиб ундан ажраласан. Истаган ишингни қил. Бир кун келиб у ила ҳисоб қилинасан”. Шайх Ризвон чиқиб, худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек ҳадисни инсонларга етказибди”.

***

Абул Хайр Тайтоний айтадилар:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак шаҳарларига кирдим. Ейишга ҳеч вақоим йўқ эди. 5 кун ўтди ҳамки, туз тотмадим. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак қабрлари олдига келдим. У зотга, Абу Бакр, Умар розияллоҳу анҳумоларга салом бердим ва: “Эй, Аллоҳнинг расули, бу кеча мен сизнинг меҳмонингизман”, дедим-да, бориб, минбарнинг ортида ухладим.

Тушимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўнг томонларида, Умар розияллоҳу анҳу эса, чап томонларида, Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу олдиларида эди.

Али мени туртиб: “Тур, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келдилар”, деди. Мен туриб, икки кўзлари орасида ўпдим. У зот алайҳиссалом менга битта нон бердилар. Мен унинг ярмини едим. Уйғониб кетдим. Қарасам, қўлимда нонинг иккинчи ярми турган экан”.

***

Али розияллоҳу анҳунинг авлодларидан бўлган бир киши оиласи билан Балҳ шаҳрини ватан тутишган эди. Унинг аёли ва қизлари бўлиб, уларга фақирлик етганди. У киши вафот этиб, аёли душманларнинг ичи қоралигидан қўрққани сабаб қизларини олиб Самарқанд томонга йўл олди.

Унинг сафари қаттиқ совуқ тушган пайтга тўғри келди. Улар шаҳарга киришгач, аёл фарзандларини масжидга олиб кирди. Ўзи озуқа излаб ташқарига чиқди. Икки тўда олдидан ўтди, уларнинг бири мусулмон тўдаси, иккинчиси мажусий кишилар тўдаси эди.

Аёл бир мусулмоннинг олдига келиб, ўзини таништирди – Али розияллоҳу анҳунинг авлодларидан эканини айтди ва:

– Бир кечалик егулик излаяпман, – деди. Мусулмон:

– Ҳақиқатдан ҳам Али розияллоҳу анҳунинг авлодларидан эканингни исботловчи далил келтир – деб жавоб қилди. Аёл:

– Бу шаҳарда мени танийдиган бирор кимса йўқ, – деди. Мусулмон унинг гапини эшитиб, ёрдам беришни истамади.

Аёл мажусийнинг олдига бориб, бор гапни айтди ва мусулмон билан ўрталарида бўлган суҳбатни ҳам сўзлади. Мажусий уйдагиларини аёл билан масжидга юборди ва улар болаларни унинг уйига олиб келишди ва ажойиб кийимлар кийдиришди.

Тун ярмига борганда бояги мусулмон туш кўрди. Гўё қиёмат қоим бўлган эмиш. Байроқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошлари узра турган экан. Яшил зумраддан бўлган қаср ҳам бор экан. Шунда мусулмон: “Эй, Аллоҳнинг расули, бу қаср ким учун?” деб сўради. У зот алайҳиссалом: “Тавҳид калимасини айтган мусулмон учун”, деб жавоб бердилар. “Ахир мен ҳам мусулмонман-ку!” деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ундай бўлса, менга мусулмон эканлигинг далилини келтир”, дедилар. Мусулмон ҳайратланиб қолди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Алининг авлоди сендан ёрдам сўраб келганида “Менга далил келтир” дединг. Сен ҳам ҳужжат келтир”, дедилар.

Мусулмон йиғлаганича ўзини ўзи уриб уйғонди. Ташқарига чиқиб, шаҳардан аёлни излай кетди ва ахири қаерда эканини билди. Мажусийга одам юборганди, у етиб келди. Ундан:

– Али розияллоҳу анҳунинг авлодидан бўлган аёл қаерда? – деб сўради.

– Менинг уйимда.

– Уни менга бер.

– Бунинг иложи йўқ, – мажусий қаттиқ туриб олди.

– 1000 динор бераман, уни менга топшир.

– Асло ундай қилмайман. Мендан меҳмон қилишимни сўрашди. Улар ортидан барака келди.

– Барибир менга топширишинг керак.

– Сен талаб қилаётган нарсага мен ҳақлиман. Тушингда кўрган қасринг мен учун яратилган. Исломинг билан ўзингни мендан устун қўйяпсанми? Аллоҳга қасамки, бу кеча мен ҳам, оилам ҳам ўша аёлнинг қўлида ислом динига кирдик. Худди сен кўрганинг каби мен ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тушимда кўрдим. У зот менга: “У аёл ва унинг қизлари сенинг олдингдами?” деб сўрадилар.Мен: “Ҳа”, деб жавоб қилдим. Шунда у зот алайҳиссалом: “Бу қаср сен ва оиланг учун. Сен ва оиланг Жаннат аҳлидандир. Аллоҳ таоло сени азалда мўмин ҳолда яратган”, дедилар.

“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси кабинет мудири
Абдуллоҳ Қосим

65930cookie-checkРАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИ КЎРДИМ
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting