Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

“Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур ва яхши амалларни қилувчи мўминларга, албатта, ўшаларга, улуғ ажр борлиги хушхабарини берур” (Исро, 9)

Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги илоҳий таълимотларини қамраб олган китоб – Қуръони каримни қиёмат кунигача инсониятни икки дунё саодатига элтиш учун, энг тўғри йўлга ҳидоят қилиш учун нозил этди. “Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур”.

Қуръон ҳамма замон ва макондаги инсонларни ҳам бу дунё, ҳам у дунё саодатига ҳидоят қилади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

“Биз Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қиламиз. У золимларга зиёндан бошқани зиёда қилмас”(Исро, 82).

Дарҳақиқат, Қуръони карим шифодир, Қуръони карим раҳматдир. Қуръони карим қалблардаги турли иллатларнинг-ҳиқду ҳасад, бахиллик, манманлик, мутакаббирлик ва бошқа касалликларнинг шифосидир. Қуръони карим турли ахлоқий, ижтимоий, иқтисодий, муомалавий ва бошқа касалликларга шифо бўлади.

Шунингдек, Қуръони карим мўминлар учун раҳмат ҳамдир. У ҳар бир нарсада-шахсий, ақидавий, оилавий, ижтимоий, сиҳҳий ва бошқа соҳаларда раҳматдир. Унга амал қилганлар ҳар тарафлама раҳматга сазовор бўладилар.

Қуръон тиловати ҳар бир мўминнинг кундалик вазифаси бўлиши афзалдир. Уламоларимиз оддий кишилар учун ҳар куни бир порадан ўқиб туришни тавсия қиладилар. Шунда бир ойда Қуръони карим бир марта ўқиб чиқилади. Ҳар бир мўмин Қуръонни бошидан охиригача ўқишни ўрганиб, ундан бир порани кундалик вазифа қилиб олиши гўзал ишдир.

Каломлар ичида улуғи бўлган Аллоҳ таолонинг каломидан кейинги мартабада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари–ҳадиси шарифлар туради. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам Қуръони карим фазли ҳақида зикрлар келган. Ана ўшалар Қуръони каримнинг фазли ҳақида келган маъноларнинг Қуръони каримнинг ўзида келганларидан кейинги ўриндагиси ҳисобланади.

Қуйида Расули Акрам алайҳиссаломнинг Қуръони карим фазли ҳақида айтган ҳадиси шарифларидан баъзиларини келтириб ўтамиз.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонга моҳир бўлган киши мукаррам, ўта яхши фаришталар билан бирга бўлади. Ўқиганда қийналадиганга икки ажр бордир”, дедилар”.Тўртовлари ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шарифда Қуръони каримга моҳир бўлиш учун тарғиб қилинмоқда. Қуръони каримга моҳир бўлганлар учун олий мақом ваъда қилинмоқда. Қуръони каримга моҳир бўлганлар Қуръони каримга масъул қилинган Аллоҳ таолонинг ҳузурида мукаррам ва ўта ҳурматли фаришталар билан бирга бўлишлари таъкидланмоқда.

Аллоҳ таоло турли бандаларига турли қобилият ва турли имкониятлар берган. Бандалар ичида ўткир қобилиятли ва яхши имкониятли бўлганлари Аллоҳ таолонинг ёрдами ила Қуръони каримга моҳир бўлиб мазкур олий мақомига эришадилар.

Аммо баъзи бандалар ўткир қобилиятли бўлмасликлари ва яна бошқалари имкониятли бўлмасликлари мумкин. Уларнинг рағбатлари бўлса ҳам Қуръони каримга моҳир бўла олмайдилар. Унда нима қилиш керак?

Ундоқ ҳолда ҳам Қуръони каримни ўрганишга ҳаракат қилавериш керак. Чунки бу ҳадиси шарифда Қуръони каримни ўқишда қийналган кишига қийналмаган кишидан кўра икки баробар кўп ажр берилиши ваъда қилинмоқда.

Ушбу маънолардан келиб чиқиб, ҳар бир мусулмон Қуръони каримни кўпроқ ўрганишга уриниши керак бўлади. Шунинг учун ҳам Қуръони каримни иложи борича кўпроқ ўқишга, кўпроқ ёд олишга, кўпроқ ўрганишга ва унга кўпроқ амал қилишга ҳаракат қилмоқ лозим.

Абу Довуднинг ривоятида:

“Ким Қуръонни ўқиса ва унда бор нарсага амал қилса, унинг отасига қиёмат куни зиёси бу дунёдаги уйларда бўлган қуёшнинг зиёсидан ҳам яхшироқ бўлган тож кийдирилади. Энди бунга амал қилганга нима бўлишини ўзингиз билиб олаверинг”, дейилган.

Яъни, Қуръони каримни ўқимаган отага шунчалик хурмат ва иззат бўлса, Қуръони каримни ўқиган ва унга амал қилганнинг ўзига қанчалар такрим ва ташриф бўлишини ҳар ким ўзи билиб олаверсин. Шундоқ бўлганидан кейин ҳар бир ота-она ўзининг ҳар бир боласига Қуръони каримни ўқитиши орқасидан қанчалик мартабаларга эришиши мумкинлигини ҳис қилган ҳолда таълим бериши лозим бўлади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қи­линади:

“Бир одам: «Эй Аллоҳнинг Расули, қайси амал Аллоҳга энг маҳбуб?” деди. “Тушиши билан қайта жўнайдиган”, дедилар. “Тушиши билан қайта жўнайдиган нима?” деди. “Қуръонни аввалидан охиригача ўқиб келиб, тушиши билан яна бошдан жўнаб кетадиган”, дедилар”.

Аллоҳ таоло фарз қилган ибодатлардан кейинги энг афзал ибодат Қуръони карим тиловатидир. Шунинг учун Қуръони каримни аввалидан ўқиб охирига етиб, хатм қилган одам яна аввалидан бошласа, ушбу ҳадисда мадҳ қилинган сифатга эга бўлар экан. У Аллоҳга энг маҳбуб бўлган амални қилган бўлар экан. Тушиши билан қайта жўнайдиганган бандалар сафидан ўрин олар экан.

Ким Аллоҳ учун энг маҳбуб бўлган амални қилишни истаса, Қуръони каримни тиловатини пухта ўргансин. Уни аввалидан тажвид билан ўқиб келиб, хатм қилишга ва яна дарҳол бошидан тиловат қилишни бошлашга одатлансин.

Шунинг учун ҳам уламоларимиз ва машойихларимиз ўз шогирд ва муридларига ҳудди шу ишни доимий қилишга одатланиш тарбиясини берадилар.

Шунинг учун ҳам қориларимиз Рамазони шарифда таровеҳ намозларида Қуръони каримни хатм қилиб бўлганларида, Нас сурасини ўқигандан кейин, дарҳол Бақара сурасидан бир оз тиловат қилиб якунига етказадилар.

«Ҳадис ва ислом тарихи фанлари» кафедраси ўқитувчиси
Жалолиддин Ҳамроқулов

Манба

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting