Ушбу саҳобанинг тўлиқ исми Муовия ибн Абу Суфён ибн Сохр ибн Ҳарб ибн Умайя ибн Абдушамс ибн Абдулманноф ибн Қусай ибн Килоб бўлиб, куняси Абу Абдуроҳмандир[1]. Нубувватдан беш йил олдин Маккада туғилган. Бўйи узун, оқдан келган, кўркам, ҳайбатли бўлган. Ота-онаси фарзандини келажагига катта умид боғларди. Кунларнинг бирида отаси Абу Суфён ўғлига қараб: “Бу фарзандимнинг боши катта, у қавмига бошлиқ бўлиши учун яратилган”,– деди. Шунда аёли Ҳинд: “Фақат қавмига эмас барча арабларга етакчилик қилсин”, – деди[2]. Отаси Абу Суфён ҳам қавмининг етакчиси бўлган. Онаси Ҳинд бинти Утба эса қабиланинг кўзга кўринган аёлларидан бўлган[3]“.

Муовия розияллоҳу анҳу отаси ва акаси билан бирга фатҳ куни исломни қабул қилишган.[4]

Муовия розияллоҳу анҳу Аллоҳнинг сакинати тушган Ҳунайн ғазотида Пайғамбар алайҳиссалом ва мўминлар билан бирга иштирок этган саҳобалардан ҳисобланади. Аллоҳ бу борада:

“Сизлардан (Макка) фатҳ бўлишидан илгари эҳсон қилган ва (кофирларга қарши) урушган кишилар (фатҳдан кейин эҳсон қилган ва урушганлар билан) баробар бўлмагай. Улар кейин эҳсон қилган ва урушган кишилардан улуғроқ мартабададирлар. Барчаларига Аллоҳ гўзал (мукофот – жаннат) ваъда қилгандир. Аллоҳ қилаётган (барча) амалларингиздан хабардордир”.[5]

Муовия розияллоҳу анҳу ҳам Аллоҳ гўзал мукофот–жаннат ваъда қилинганлардан эди. Зеро, Аллоҳ йўлида Ҳунайн ва Тоифда жанг қилган ва эҳсон қилганлардан ҳисобланади.

Пайғамбар алайҳиссалом ҳам унинг ҳаққига: “Аллоҳ Муовияни инсонларни яхшиликка далолат қилувчи ҳамда ўзини яхшилик устида қил ва ҳидоятлантир”[6], яна “Аллоҳ унга китобат ва ёзишни ўргат, ҳамда дўзах азобидан асра”[7]– деб дуо қилганлар.

Имом Бухорий Умму Ҳарам бинти Милҳон розияллоҳу анҳодан: “Пайғамбар алайҳиссаломни: “Умматим ичида биринчилардан бўлиб денгизда жанг қиладиганлари бор, уларга жаннат вожиб бўлади”–деганларини эшитдим шунда мен “Мен ҳам улар ичида бўламанми?”-дедим, “Сен улар ичида бўласан”[8],– дедилар. Муҳаллиб[9] бу ҳадис таълиқида: “Бу ҳадисда Муовия розияллоҳу анҳу назарда тутилган, чунки биринчилардан бўлиб денгизда ғазовот қилган”[10],– дейди.

Муовия розияллоҳу анҳу Макка фатҳидан сўнг 18 ёшидан бошлаб, доим Пайғамбар алайҳиссалом билан бирга бўлиб, 163 та ҳадислар ривоят қилган. Имом Бухорий у саҳобийдан тўртта ҳадис, Имом Муслим бешта ҳадис ривоят қилишган.[11]

Масалан, Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳудан: “Пайғамбар алайҳиссалом: “Аллоҳ бирор бандага яхшиликни ирода қилса, бас уни динда фақиҳ қилиб қўяди”[12],–дедилар, каби ҳадислар ривоят қилинган.

Шу билан бирга у Пайғамбар алайҳиссаломнинг божаси ва котиби бўлган.

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси
Пўлатхон Каттаев

[1] Шамсиддин Абу Абдуллоҳ аз-Заҳабий. Сияру аълам ан-нубало. Муассасат ур-рисала, 1985. Ж. 3. – Б 120.
[2]Абул Фидо Исмоил ибн Умар ибн Касир. Ал-Бидоя ван-ниҳоя. Дор ал-ҳажр, 1997. Ж 11. – Б 398.
[3] Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Муҳаммадибн Қудома Мақдисий. Ат-табйин фи ансоб қурйшийин. Ал-мажмаъ ал-илмий. – Қоҳира. – Б 203.
[4] Аҳмад ибн Алий ибн Муҳаммад ибн Ҳажар Асқалоний Каноний Шиҳобиддин Абул Фазл Ал-исоба фи тамйизис саҳоба. – Қоҳира. Дор ал-кутуб  ал-илмия, 1958. Ж 3. – Б 433. Ва Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн  Муҳаммад ибн Қудома Мақдисий. Ат-табйин фи ансоб қурайшийин. Ал-мажмаъ ал-илмий. – Қоҳира. – Б 105.
[5] Шайх Абдулазиз Мансур. Қурьони Карим маьнолари таржимаси ва тафсири. – Т.:Тошкент ислом университети нашриёт-матбаа барлашмаси, 2004. – Б 617. “Ҳадид” сураси 10-оят.
[6] Ибн Аби Ҳотим. Аш-шариъа. – Байрут: Дор ал-улум вал адаб, 2012 Ж 5 – Б 2437. Исноди саҳиҳ.
[7] Ҳайсамийнинг “Мавориду замъон” китоби. Ҳусайн дороний таҳқиқи. – Қуддус: Дорул қудсий,1894. Ж 7. – Б 249.Исноди ҳасан.
[8]Ибн Ҳажар Асқалоний. Фатҳул Бори ала Саҳиҳул Бухорий. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмий, 1999. Ж 6. – Б 22.
[9]Муллаҳиб ибн Аҳмад ибн Абу Суфра Асадий Андалусийнинг “Шарҳи Саҳиҳул Бухорий”асари Мусаннифи бор 435 ваф. этган. Шамсиддин Абу Абдуллоҳ аз-Заҳабий. Сияру аълам ан-нубало. – Байрут: Муассасат ур-рисала, 1985. Ж17. – Б 589. ва Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир Табарий. Тарих ар-росул вал-мулук. – Миср: Дор ал-Маъориф.. Ж 6. – Б 27.
[10] Ибн Ҳажар Асқалоний. Фатҳул Бори ала Саҳиҳул Бухорий. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмий, 1999. Ж 6. – Б 120.
[11] Ибн Ҳазмнинг “Ровий саҳобалар исмлари” асари. – Риёз: Дор ал-китоб ал-арабий, 1998. – Б 55.
[12] Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг “Муснад” китоби. – Қоҳира:Дор ал-маориф, 1968. Ж 28. – Б 50.

68320cookie-checkСаҳобалар ҳаёти: “Бу фарзандимнинг боши катта, у қавмига бошлиқ бўлиши учун яратилган”
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting