Маълумки, Ўзбекистон республикаси президентининг “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори имзоланди.

Унга кўра, “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” ички туризмни ривожлантириш Дастурини амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуслари билан диёримиздан етишиб чиққан буюк муҳаддисларнинг улкан илмий асарларини ўрганиш, тадқиқ қилиш ҳамда нашр этиш, буюк аждодларга муносиб ворисларни тайёрлаш мақсадида Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази, Ҳадис илми мактаби ташкил этилди.

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида ҳам юртимиз ҳамда ислом оламидан етишиб чиққан алломаларнинг илмий асарларини ўргатиш бўйича бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2018-2019 ўқув йили феврал ойи “Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис фан ойлиги” деб эълон қилингани муносабати билан очиқ дарс ҳамда талабалар ўртасида қуйидаги танловлар ўтказилди:

  • “Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис” илмига муносиб ҳисса қўшган юртимиз ҳамда дунё муҳаддислари ҳаёти ва ижоди тўғрисида мақола танлови;
  • “Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис” фанига оид савол-жавоблар танлови;
  • “Имом Термизийга муносиб авлод бўлайлик” шиори остида ҳадис ва мусталаҳул ҳадис мусобақаси.

“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” ички туризмни ривожлантириш дастурини амалга ошириш мақсадида, институт раҳбарияти томонидан профессор-ўқитувчилар, ишчи ходимлар ва танловда ғолиб бўлган ва иштирок этган талабалар ҳамда ташкилотчилар, жами қирқ кишини Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби билан таништириш ва улар билан илмий ҳамкорлик қилиш мақсадида Самарқанд шаҳрига зиёрат ташкил қилинди.Ушбу зиёрат Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Muslim Tour” саёҳат фирмаси лойиҳаси орқали, Вақф хайрия жамоат фонди ҳомийлиги ва ЎМИ Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими бошчилигида амалга оширилди.

Зиёрат саёҳати даврида жамоа аъзолари билан Самарқанднинг қадамжолари ҳисобланган “Имом ал Бухорий” зиёратгоҳи, “Шохи Зинда” ансамбли мажмуаси, “Бибихоним ансамбли” мажмуаси, Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактабига саёҳатлар уюштирилди. Саёҳат давомида жамоа аъзоларига ЎМИ Самарқанд вакиллиги ҳамроҳлигида зиёрат жойларнинг тарихи ва бугуни ҳақида қимматли маълумотлар берилди. Айниқса, Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактабида амалга оширилган юксак бинокорлик ишлари, яратилган шарт-шароит ва қулайликлар зиёратчиларни ҳайратга солди.

Жамоа аъзолари қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрига уюштирилган тарихий ташрифдан катта таассурот билан қайтдилар.

“Хадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири
Б.Аъзамов

69330cookie-checkСамарқанд сайқали рўйи заминаст!
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting