Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг даврида одамлар қаҳатчиликка учрашди. Аҳвол жуда оғирлашгач, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдига бориб, «Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўринбосари! Ёмғир ёғмаяпти, ердан ҳеч нарса унмаяпти. Одамлар ҳалок бўлишяпти!» дейишди. У зот: «Боринглар, сабр қилинглар. Умид қиламанки, Аллоҳ сизлардан ғам-ташвишни аритгунича сабр қиласизлар», дедилар. Кун охирлаб қолганда Шомдан Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг карвони келгани ҳақида хабар тарқалди. Карвон Мадинага келгач, одамлар у зотни кутиб олишга чиқишди. Карвондаги мингта туяга буғдой, ёғ ва майиз ортилган эди. Усмон розияллоҳу анҳу ўз уйларининг эшиги олдида тўхтадилар. Юкларни ҳовлига тушираётган эдилар, бир гуруҳ савдогарлар келишди. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу уларга: «Сизларга нима керак?» дедилар. Улар: «Бизга нима кераклигини яхши биласан. Олиб келган нарсангга ҳамма муҳтожлигиниям биласан. Уларни бизга сот», дейишди. Усмон розияллоҳу анҳу: «Майли сотаман. Лекин устига қанча фойда берасизлар?» деб сўрадилар. Улар савдолашишга тушиб кетишди:

– Бир дирҳамига икки дирҳам берамиз.

– Мен бундан кўпроғига сота оламан.

– Тўрт баравар қилиб берамиз.

– Ундан ҳам кўпроғига сотаман.

– Беш баравар қилиб тўлаймиз.

– Ундан ҳам кўпроқ фойда кўришим керак.

– Мадинада биздан бошқа савдогар ҳам, биздан кўп берадиган одам ҳам йўқ. Ким сенга биз бергандан кўпроқ беради?

– Аллоҳ таоло. У зот бирга ўн баравар қилиб беради. Ораларингда бундан ҳам кўпроқ тўлайдиганлар борми?

– Йўқ.

– Унда Аллоҳ гувоҳки, мен бу карвондаги ҳамма нарсани Аллоҳ йўлида мискин ва фақир мусулмонларга садақа қилдим.

Ҳазрати Усмон шундай деб, молларни тақсимлай бошладилар. Мадинадаги камбағаллар ичида ўзига етарли нарса олмаган бирор киши қолмади.

“Солиҳлар гулшани”дан

71250cookie-checkАллоҳ билан тижорат
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting