Фиқҳ матнларини тўлақонли тушунишда фиқҳий истелоҳларга кўп рўбарў келамиз. Бундай вазиятда атамалар билан яқиндан танишиш катта кўмак беради.

Маълумки, баъзи истелоҳларни бир икки сўз билан ёки ўз она тилимизга таржима қилиш орқали осон ўзлаштириш мумкин! Бироқ, баъзи атамалар борки уларни изоҳлаб истеъмолга кўчириш учун бир неча саҳифалар керак бўлади.

Биз эътиборингизга ҳавола қилмоқчи бўлаётган “Истиҳлоф масаласи”  дея танилган атама ҳам ана шундай бир икки бетни талаб қиладиган “инжиқ” мавзулардандир.

Истиҳлоф арабча “حَلَفَ” ўзагидан олинган “истифъалун” вазнидаги “إستحلاف” сўзидир. Маъноси – бировдан қасам ичишини талаб қилишдир.

Бу атама, фиқҳий китобларнинг асосан даъво масалаларида учрайди. Яъни, бирор киши бир инсон устидан қандайдир ҳаққи борлигини даъво қилади. Аниқки, даъво қилган одам ҳужжат келтириши керак. Лекин, доим ҳам даъвогарнинг ҳужжати бўлмаслиги мумкин, ҳужжати йўқ деб даъво ишини ёпиб қўйиш эса, даъвогарнинг ҳаққини поймол бўлишига олиб келиши мумкин. Шариат бу вазиятда икки томоннинг ҳам риоясини қилиб “Истиҳлоф – қасам ичириш” масаласини жорий қилган.

Истиҳлофда гумондор шахсдан “Аллоҳга қасамки, даъвогарнинг менинг зиммамда ҳаққи йўқ” деб қасам ичирилади. Агар қасам ичса, даъвогарнинг даъвоси асоссиз деб топилади ва суд[1] ёпилади. Агар, қасам ичишдан бош тортса қози даъвогарни ҳақ деб топади ва гумондордаги ҳаққини олиб беради.

Бунинг асоси: агар гумондор киши ҳақиқатан “даъво қилинаётган ҳақ” ўзига тегишли деб билганида қасам ичиб тегишли ҳаққини сақлаб қолар эди. Қасам ичмадими демак гумондор “даъво қилинаётган ҳақ” ўзига тегишли эмаслигини тан олган бўлади.

Лекин, бу “Истиҳлоф” билан ҳукм қилиш ҳамма ўринда ҳам ишлайвермайди.

Мазҳабимизнинг уч имоми Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимлар бир овоздан ҳаддлар[i] ва лионларда [ii]  “Истиҳлоф” билан ҳукм қилинмайди, деганлар.

Қуйидаги етти масалада эса, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи қасам ичириш билан ҳукм қилинмайди десалар, икки шогирдлари, қасам ичириб ҳукм қилса бўлади, дейишган. У масалалар қуйидагилардир:

  • Никоҳ
  • Ражъат.
  • Ийлосидан қайтиш.
  • Бировни қулим деб даъво қилиш
  • Истийлод. Чўри хожасидан бола кўрганини даъво қилиб, “Умму валадлик”ни даъво қилиши.
  • Насаб.
  • Мавлолик.

Нега деган савол туғилади? Чунки, Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ва икки шогирдлари наздида қасам ичишдан бош тортиш икки хил талқин қилинади.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи, зиммасида бировнинг ҳаққи йўқлиги борасида қасам ичишдан бош тортишни “Базл – ўтиб юбориш” [iii] деб қарайдилар.

Икки шогирдлари еса, зиммасида даъво қилинган ҳақни иқрор қилиш деб қарайдилар.

Шу икки хил қарашдан келиб чиқиб юқоридаги 7 масалада Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи қасамдан бош тортгани учун даъвогарга ҳақ собит бўлди, деб ҳукм қилмайдилар, чунки бу саналиб ўтган ишларда “базл – ўтиб юбориш” билан ҳукм қилинмайди, қасамдан бош тортиш “базл – ўтиб юбориш” эди, демак истиҳлоф билан ҳукм қилинмайди, дейдилар.

Масалан, бир киши бировни қулим деб даъво қилса, бояги одам майли қул бўлиб қолавераман дейиши билан қул бўлиб қолмайдику, демак қасамдан бош тортганда ҳам қул бўлиб қолиши мумкин эмас. Яъни бу одамнинг қасам ичишдан бош тортишини қулликка иқрор қилиш деб қабул қилиб бўлмайди. Шундай экан, фойдасиз бўлгани учун қасам ичишни талаб ҳам қилинмайди.

Икки шогирдлари умумий маънода қасамдан бош тортишни “даъво қилинган нарсага” иқрор бўлиш деб қараганлари учун, юқоридаги етти масалада ҳам шу қоидани ишлатадилар ва гумондордан қасам талаб қилинади, дейдилар. Агар зиммамда ҳақ йўқ деб қасам ичса қазо-суд иши ёпилади. Агар қасам ичишдан бош тортса даъво қилинган нарсани унинг зиммасига юклайдилар.

Савол туғилади: нега икки имом лион ва ҳадлар борасида ҳам истиҳлоф билан ҳукм қилмадилар? Бу саволга: ҳадлар далилларда юз берган шубҳалар сабабли тарк қилинади, қасамдан бош тортиш эса шубҳали иқрордир, чунки бу ҳолатда очиқ ойдин иқрор йўқдир, лион эса эр-хотинга нисбатан ҳад ўрнида [iv] бўлгани учун ҳақиқий ҳадлар туркумига қўшилиб кетади, деб жавоб қиладилар.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ наздида эса, ҳад ва лионларда “базл – ўтиб юбориш” билан ҳукм қилиб бўлмайди. Демак, қасам ичириш билан ҳам ҳукм қилинмайди. Чунки, агар “Зиммамда фалон ҳақ” йўқ деб қасам ичса даъво тугайди. Агар қасам ичмаса, бу иши қасамдан бош тортиш, яъни, базл деб қаралади, натижада асл қоида “бу туришларда базл билан ҳукм собит бўлмайди” деган қоидага қайтилади ва истиҳлоф билан ҳукм қилиш бекор қилинади.

Аллоҳ барчамизни фиқҳ – теран англаш билан ризқлантирсин. Амин!

“Ҳидоя китоби” ва “Лакнавий” шарҳи асосида
3-курс талабаси Салоҳиддин Қурбонов тайёрлади.

[1] Яъни қозилик иши.
[i] Шаръий таъзирлар. Зинокорга жазо қилиш, ўғрини қўлини кесиш каби ҳукмлар умумий маънода “Ҳадлар” деб аталади.
[ii] Эр хотин бир бирини лаънатлаши. Бу эр хотинини зинода айблаб гувоҳ келтира олмаганида амалга оширилади.
[iii] Базл – хусуматлашишни тарк қилиб ундан юз ўгриш бўлиб, гўёки даъво қилинган ҳақни даъвогарга мубоҳ ҳақ қилиш ҳисобланади.
[iv] Эрга нисбатан қазф ҳадди ўрнига ўтади, хотинга нисбатан тошбўрон қилиш ўрнига ўтади.

73010cookie-checkИстиҳлофда уч имом ихтилофи
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting