Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир тундаёқ Маккаи мукаррама шаҳридаги Байтул Ҳаромдан Қуддусдаги Масжидул Ақсога бориб, у ерда намоз ўқиб, сўнг Аллоҳ таолонинг ҳузурига етти осмондан ўтиб бориб, уларнинг ҳар бирида Пайғамбарлар алайҳи саломлар билан учрашиб, гаплашиб ўтиб бориб, Сидратул мунтаҳога етиб бориб, ундан ўтиб, жаннат ва дўзахни кўриб, улардаги мукофот ва жазоларни кўриб, Аллоҳ таоло билан кўришиб, гаплашиб, сўнг зиммаларига фарзларни олиб тушаётиб Мусо алайҳи салом билан кўришиб, Аллоҳ таолонинг ҳузурига бир неча бор қайтиб бориб, сўнг ерга қайтиб тушдилар.

Сўнг эртасига Макка аҳлига буни айтиб берганларида мушриклар ва баъзи иймони мустаҳкам бўлиб улгурмаган мусулмонлар буни инкор қилишди. Чунки улар бир кечада бунча масофани босиб ўтиш мумкин эмас деб билишар эди, ва бу фикрлари ўша давр эътиборидан тўғри эди. Аммо улар бир нозик нуқтага эътибор беришмаган эди. У нозик жой эса Аллоҳ таолонинг каломида: “…бандасини сайр қилдирган…”[1], – деб айтилган. Улар бунга эътибор беришмади, беришган бўлса, инкор қилишди. Аммо Аллоҳ таоло Ўз каломида “бандасини сайр қилдирган”, –  деб сайр қилдириш нисбатини Ўзига бермоқда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эмас. Агар Пайғамбаримиз соллалллоҳу алайҳи васаллам ўзлари сайр қилиб, бунча масофани ўзлари босиб ўтганларида эди, Аллоҳ таоло: “бандаси сайр қилган”, деб айтган бўлар эди. Аммо ундай деб айтмади. Инкор қилувчилар эса “сен бир тунда биз икки ойда босиб ўтадиган масофани қандай босиб ўтасан?!”, – деб инкор қилишди. Ва бу масофани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари босиб ўтдилар деб ўйлашди. Ҳақиқат эса унинг акси эди.

Бизнинг Ер сайёрамиздаги ҳисоб бир йилдаги 365 кунимиз, бир ойдаги 30 кунимиз, бир кундаги 24 соат ва бошқа вақт ўлчовларимиз Ер сайёраси қуёшга нисбатан узоқлида 3 – ўринда жой олганлиги ва маълум бир муддатда ўз ўқи атрофида айланиб чиқиши эътиборидан шундай ўлчовларни ташкил қилган. Аммо бу дегани бутун оламда, барча сайёраларда вақт ҳисоби шундай дегани эмас.

Мисол учун:

24space.ru сайтининг аниқлашича:

  1. Қуёш атрофида жойлашиш эътиборидан 1-ўринни олган Меркурий сайёрасида бир кун Ернинг 58 кунига, бир йил эса 88 кунга тўғри келади. Қуёшдан узоқликда жойлашиш масофаси эса энг яқин нуқтаси 46.001.200 км, энг узоқ нуқтаси эса 69.816.900 кмни ташкил қилади.
  2. Қуёш атрофида жойлашиш эътиборидан 2-ўринни олган Венера сайёрасидаги бир кун Ернинг 243 кунига, бир йили эса 244 кунига тўғри келади. Жойлашиш масофасининг энг яқин нуқтаси эса  477.000 км, энг узоқ нуқтаси эса 108.939.000 кмни ташкил қилади.
  3. Қуёш атрофида жойлашиш эътиборидан 3-ўринни олган Ер сайёрасидаги бир кун 23 соат, 56 минут, 4,1 секундга, бир йили эса 365, 4 йилда бир эса 366 кунга тўғри келади. Жойлашиш масофаси эса энг яқин нуқтаси 150.000.000 кмни ташкил қилади.
  4. Қуёш атрофида жойлашиш эътиборидан 4-ўринни олган Марс сайёрасидаги бир кун Ернинг 24 соат, 39 минут, 35 секундга кунига, бир йили эса 686 кунига тўғри келади.
  5. Қуёш атрофида жойлашиш эътиборидан 5-ўринни олган Юпитер сайёрасидаги бир кун 9 соат, 55 минут, 30 секундга, бир йили эса 28 йилга тўғри келади.
  6. Қуёш атрофида жойлашиш эътиборидан 6-ўринни олган Сатурн сайёрасидаги бир кун 10 соат, 33 минут, бир йили эса 29,45 йилга  тўғри келади.
  7. Қуёш атрофида жойлашиш эътиборидан 7-ўринни олган Уран сайёрасидаги бир кун 17 соат, 14 минут, 24 секундга, бир йили эса 84 йилга тўғри келади. Жойлашиш масофаси 2.8 млрд кмни ташкил қилади.
  8. Қуёш атрофида жойлашиш эътиборидан 8-ўринни олган Нептун сайёрасидаги бир кун 16 соат, 6 минут, 36 секундга, бир йили эса 40  йилга тўғри келади.

Бундан кўрамизки, вақт ўлчови турли сайёраларда ҳар хил. Бу эса очиқ-ойдин далилки вақт ўлчови фақатгина биз тасаввур қилгандек эмас.

Исро ва Меърож ҳодисасини инкор қилишганида: “бир кечада бунча масофани босиб ўтиш мумкин эмас”, – деб айтишган эди. Энди бир ўйлайлик, агарда биз Меркурий ёки Венера сайёрасида бўлганимизда бир кеча бизнинг ҳисобимизга кўра Меркурийда 29 кун, Венерада 121,5 кунга тўғри келар эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кечада бориб кела олармидилар…?

Қисқача айтганимизда, вақт, Аллоҳ таолонинг мулки. Уни хоҳлаганидек тасарруф қилади. Шунингдек, юқорида айтганимиздек Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни Аллоҳ таоло сайр қилдирди, ўзлари сайр қилмадилар. Агар ўзлари сайр қилганларида эди, Ер сайёрасида белгиланган вақт у зот устида ҳукмрон бўлар эди. Аллоҳ таоло Ўзи сайр қилдирганидан кейин вақтни ҳам Ўзи хоҳлаганидек чўзиб ё қисқартириб қўяди.

Бу нозик нуқтани инкор қилувчилар ҳисобга олишни унутдилар…

Тошкент ислом институти талабаси
Нажмиддинов Бахтиёр

[1] “Исро” сураси, – 1 – оят.

75850cookie-checkМЕЪРОЖ ҲОДИСАСИ ВА ВАҚТ
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting