Ибн Шиҳоб раҳимаҳуллоҳ Анас розияллоҳу анҳудан қилган ривоятида: “…Сўнг жаннатга киргизилдим, қарасам унда маржондан бўлган қуббалар бор экан. Ва тупроғи миск экан…”, – деб айтилади.[1]
Муттафақун алайҳ бўлган ҳадис.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърожда жаннатга кирганларида нималарни кўрдилар?

Ҳар куни нарса экадиган ва ўрганидан кейин яна (ўрган нарсаси ўришдан олдин) бўлган ҳолига қайтиб қоладиган қавмни кўрдилар. Жибрил алайҳи салом: “Улар Аллоҳнинг йўлидаги мужоҳидлардир. Уларнинг яхши амаллари етти юз баробарига кўпайтирилади. Ва “Ҳар бир инфоқ қилган нарсангизни ўрнини У тўлдирур. У зот ризқ бергувчиларнинг яхшисидир”[2]

Сўнг намозни тарк қилувчиларнинг азобларини кўрдилар. Уларнинг бошлари тош билан босилар ва ҳар сафар янчилганида олдин қандай бўлса, ўша ҳолига қайтиб қолар эди.

Сўнг зония ва болаларини ўлдирган аёлларни кўкракларидан осилган ҳолда кўрдилар.

Сўнг умматларидан гап ташийдиган ва чақимчиларини кўрдилар. Уларнинг тарафларидан гўштлари кесилар ва уни ейишарди. Ва улардан бирига: “Ҳудди биродарингни гўштини еганингдек егин”, – деб айтилар эди.

Ва ғийбатчиларни ҳам кўрдилар. Уларнинг тирноқлари мисдан бўлиб, улар билан юз ва кўксларини тимталашар эди. Ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким улар эй Жибрил?”, – дедилар. Жибрил: “Улар инсонларнинг гўштларини ейишар ва уларнинг шаънига тегинишар эди”, – дедилар.

Сўнг зонийларнинг иқобини кўрдилар. Улар бир қавм бўлиб, уларнинг олдида қозонда тоза гўшт ва бир қозонда кир гўшт бор эди. Улар эса покизаси қолиб, кирини ейишар эди. Ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким улар эй Жибрил?”, – дедилар. Жибрил: “Умматингиздан бўлган бу киши унинг олдида ҳуш, ҳалол аёл бўлиб, нопок аёлга бориб, унинг олдида то тонг отгунча тунайди. Ва аёл ҳалол, ҳуш эрининг олдидан туриб, нопок эркакнинг олдига бориб, то тонг отгунча унинг олдида тунайди”, – дедилар.

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзи кўтаролмайдиган катта боғ ўтинни кўтаришга уринаётган кишини кўрдилар ва: “Ким у эй Жибрил?”, – дедилар. Жибрил: “У умматингиздан бўлган ўзи адо қилолмайдиган даражада кишиларнинг омонатини олади ва уни кўтаришга уринадиган  бир киши”, – дедилар.

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитна тарқатадиганларни кўрдилар. Улар тиллари ва лаблари темирдан бўлган қайчилар билан қирқилаётган кишилар эди. Ҳар сафар қирқилиб бўлганида, олдин қандай бўлса, шундай ҳолга қайтиб қолар эди.

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кичик бир тошни кўрдилар. Ундан катта ҳўкиз чиқар эди. Кейин ҳўкиз чиққан жойидан қайтиб киришга уринар, бироқ киролмас эди. “Бу нима эй Жибрил?”, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. Жибрил: “У катта гапирадиган, сўнг гапига надомат қилиб, лекин уни қайтариб оломайдиган киши”, – дедилар.

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам етимларнинг молларини зулм ила ейдиганларни кўрдилар. Уларнинг ҳудди туянинг лаблари каби лаблари бор эди. Оғизларига оловдан бир бўлак солишса, орқаларидан (тешиб) чиқар эди.

Болаларидан (яъни маҳрамларидан) бўлмаган эркакларнинг олдига (бемалол) кирадиган аёлларни кўкракларидан боғлаб қўйилган ҳолда кўрдилар.

Сўнгра хамр ва маст қилувчи ичимликларни ичадиганларнинг азобини кўрдилар. Улар Хобал(дўзахдаги йирингдан бўлган анҳор)нинг лойидан ичишар эди. У эса зинокорлардан чиқадиган йиринг эди.

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дўзахнинг фариштасини кўрдилар. У юзини буриштирган ва кулмайдиган эди. Ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “У дўзах яратилганидан бери кулмаган”, – дейилди.

Шунингдек, Мошита бинти Фиръавн қабрини кўрдилар. Ва унда ҳушбўй ҳид топдилар. “Бу ҳид нима?”, – деб сўрадилар. Жибрил: “У Мошита бинти Фиръавннинг қабри”[3], – дедилар.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир водийни кўрдилар ва  ёқимли, салқин бир шабода ва ҳушбўй ҳид сездилар ва овозлар эшитдилар. Ва “Бу нима эй Жибрил?”, – деб сўрадилар. Жибрил: “Бу жаннатнинг овози”, дедилар.

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир водийга бордилар ва ёқимсиз овоз эшитдилар ва сассиқ ҳид сездилар. Ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алаҳи васаллам: “Бу нима эй Жибрил?”, – деб сўрадилар. Жибрил: “Бу жаҳаннамнинг овози”, – дедилар.

Сўнг Байтул Маъмурни кўрдилар…

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Сидратул Мунтаҳодан ёлғиз ўтганларидан сўнг қаламларнинг шивирлашини эшитдилар. У фаришталар “Лавҳул Маҳфузга” ёзишларининг шивирлаши эди.

Тошкент ислом институти талабаси
Бахтиёр Нажмиддинов

[1] «Мирқотул мафотиҳ», 10 – жуз, 567 – бет, 5864 – рақам остидаги ҳадис.
[2] “Саба” сураси, 39 – оят. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Қуръони карим”,  Тошкент, “Шарқ” нашриёти, 2008.
[3]  Ривоятларда келишича Мошита бинти Фиръавн солиҳа аёл бўлганлар ва Фиръавн мулкининг соясида яшаганлар. “Мошита” деб номланишларининг сабаби, чунки у зот Фиръавннинг қизларини сочини тарар эдилар. Ва у уларнинг хизматчи ва тарбиячиси эдилар ва улар билан бирга яшар эдилар. Уни Фиръавннинг яқинларидан бўлган бир кишига никоҳлашган. Кейинроқ эри Мошита мусулмон бўлганларини билганидан кейин ўлдирган.
Унинг қиссаси бундай: “Бир куни Мошита раҳимаҳаллоҳ Фиръавннинг қизларининг бирини сочини тараётган эдилар ва тўсатдан тароқ қўлларидан тушиб кетди. Уни олаётиб “Бисмиллаҳ” дедилар. Фиръавннинг қизи “Отам – Аллоҳ” деди. У эса рад қилиб: “Менинг Роббим Аллоҳ”, дедилар. Ва Мошита ғазабини боса олмай “Йўқ, менинг Роббим Аллоҳ, сенинг ҳам, отангни ҳам Роббиси”, – деб бақирдилар. Фиръавннинг қизи отасига бориб бўлган воқеани айтиб берди ва Фиръавн қасрида ўзидан бошқасига ибодат қиладиган одам борлигидан ғазаб қилди ва уни олиб келишни буюрди. Ва Мошитадан: “Роббинг ким?”, – деб сўради. У: “Менинг Роббим ва сизнинг Роббингиз – Аллоҳ”, дедилар. Фиръавннинг ғазаби баттар чиқди ва Мошитадан динидан чиқишини талаб қилди. Азоблаши билан таҳдид қилди. Лекин, Мошита динидан қайтишдан бош тордилар. Шунда Фиръавн қозон олиб келиб, ичини ёққа тўлдириб, тагига олов ёқишга буюрди. Ва Мошитани қозон оғзига олиб келиб, азоб қандай бўлишини кўрсатишни хоҳлади. Бироқ, Мошита ундан қўрқмадилар. Шунда Фиръавн ғазабини Мошитанинг болаларига қилишни хоҳлади, токи у баттар азоб чексин деб. Ва Мошитанинг биринчи фарзандини ёққа ташлади, бола қичқирар, она эса йиғлар ва ёнаётган боласига қараб турар, қолган болалари эса уларнинг ҳоли нима бўлишини кўриб дахшатга тушишар эди. Сўнг Фиръавн Мошитага қараб, динидан қайтишни буюрди, бироқ у яна бош торди. Фиръавннинг ғазаби зиёда бўлиб, иккинчи болани ҳам ёққа улоқтиришга буюрди. Ривоятларда келишича навбат эмизикли фарзандига келганида чақалоқ Мошитага қараб: “Онажоним сабр қилинг, сиз ҳақдасиз”, – деди. Сўнг қозонга улоқтирилганда овози узилди. Шундан кейин ўзининг навбати келганида Фиръавнга қараб: “Сендан илтимосим бор. Мени ва болаларимнинг суякларини бир қабрга дафн қил”, – дедилар. Фиръавн илтимосини бажарди”.

78400cookie-checkРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жаннат, дўзах ва турли гуноҳкорларнинг ҳолини кўришлари
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting