Қироат ва тажвид илми энг муҳим илмлардан ҳисобланади. Чунки  Қуръон Аллоҳ таолонинг Каломи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган энг охирги илоҳий китобдир. Шундай экан Қуръонни ҳар бир мусулмон киши бехато ва тажвид қоидаларига риоя қилган ҳолда ўқиши лозим.

Тажвид илмининг тарихи, у ҳақда ёзилган китоблар, тажвид илмида ижод қилган уламолар ҳақида жуда ҳам кўп рисолалар ёзилган, китоблар нашр қилинган. Юртимизда ҳам бу илм анчагина ривожланиб бормоқда. Устозларимиз томонидан тажвид ва қироат илмига доир китоблар чоп этилмоқда. Бу китобларни ўқиган юртдошларимизда эса тажвид илми, унинг нақадар муҳим илмлардан эканлиги хусусида етарлича тушунча шаклланиб улгурди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин саҳобалар ичида Қуръонни худди у зотга нозил қилинганидек ўқийдиган қорилар талайгина эди. Улар ўз билимларини тобеинларга, тобеинлар эса ўзларидан кейингиларга мерос қолдиришди. Қуръонни бизгача ҳеч қандай ўзгаришсиз, илк нозил бўлган пайтдаги каби етиб келишида ана шу зотларнинг хизматлари беқиёсдир.

Шундай уламолардан бири забардаст олим, тажвид илмининг етук намоёндаси, ҳофиз, фақиҳ, Шайх Ҳусайн ибн Сулаймон Жамзурий ҳисобланади.

У зотнинг тўлиқ исмлари Шайх Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Сулаймон Жамзурийдир. Афандия куняси билан машҳур бўлган бу олим ҳижрий 1160-йилларнинг робийъул аввал ойида Жамзур шаҳрида зиёли оилада дунёга келганлар. Жамзур шаҳри ҳозирги кунда Мисрнинг Танта шаҳрига тўғри келади.

Ҳижрий 12-асрнинг энг катта Қуръон уламоларидан бири бўлган бу зот шофеъий мазҳабига мансуб бўлганлар. У зот аввал фиқҳ илми билан шуғулланиб кейин Қуръон илмига киришганлар ва кўплаб шайх-у устозлардан таълим олганлар.

Улардан бири Нуриддин Али ибн Умар ибн Ҳамд ибн Умар ибн Нажий ибн Фанийш Алмийҳий бўлиб 1139 – 1204 йилларда яшаган. Мазкур зот Азҳар университетида бир муддат илм билан машғул бўлиб кейинчалик Тандата (ҳозирги кунда Танта)га кўчиб келганлар ва толиби илмларга Қуръон ҳамда тажвид илмидан дарс бера бошлаганлар. Шайх Жамзурий мазкур илмларни айнан шу зотдан олганлар. Демак Шайх Мийҳийни Сулаймон Жамзурийнинг хос устозлари деб атасак муболаға бўлмайди. Жамзурийнинг устозларидан яна бири Шайх Муҳаммад Абун Нажо Аҳмадий бўлиб Мужоҳид номи билан машҳурдир. Бу зот ҳам ҳижрий 12-асрнинг машҳур Қуръон уламоларидандир. Айнан Шайх Мужоҳид Сулаймон Жамзурийга “Афандий” (Турк тилига оид. Ҳурмат ва эҳтиромни ифодалайди) деб мурожаат қилганлар. Шундан кейин Афандий номи Сулаймоннинг кунясига айланган.

Шайх Сулаймон Жамзурий том маънода ҳақиқий олим бўлганлар. Маълумотларга кўра у зот узоқ умр кўрмаганлар. Бироқ шу фурсат ичида ҳам кўблаб асарлар ва манзумаланинг муаллифига айланганлар. Улар асосан тиловат, тажвид ҳамда фиқҳга оид бўлган.

  1. Туҳфатул атфол вал ғилмон фи тажвидил Қуръон. Мазкур асар назм яъни шеърий байтлардан иборат бўлиб, 61 байтни ўз ичига олади. Шайх Жамзурий бу асарда Устози Нуриддин Алмийҳийдан ўрганган айрим тиловат ва тажвид ҳукмларини баён этган.
  2. Фатҳул атфол бишарҳи туҳфатил атфол. Бу асар Туҳфатул атфол китобига ёзилган шарҳ ҳисобланади.
  3. Канзул мааний битаҳрири ҳирзил аманий номли манзума.
  4. Алфатҳур Роҳманий бишарҳи канзил мааний фи қироатис сабъ.
  5. Манзумату фи риваятил Имам Варш.
  6. Жомиул мусарроҳ фи шаваҳидиш Шотибийя вад дурроҳ.
  7. Ад дуррул манзум фи ъузрил маъмум.
  8. Ат тарозул марқум бишарҳи дуррил манзум.

Шайх ёзган асарларнинг кўп қисми назм шаклида эканлиги у зотнинг шеъриятда ҳам моҳир бўлганликларига далолат қилади.

Шайх Сулаймон Жамзурийнинг қачон вафот этганлари аниқ маълум эмас. Лекин у зотнинг 1208-йилларда ҳам ҳаёт бўлганликлари манбаларда келтирилади. Сабаби у зот ўзларининг “Алфатҳур Роҳманий бишарҳи канзил мааний фи қироатис сабъ” асарларини айнан шу йили таълиф этган эканлар. Аллоҳ таоло у зотдан рози бўлсин.

4-курс талабаси
Ҳамидуллоҳ Нажмиддинов

79400cookie-checkИмом Сулаймон Жамзурий
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting