Аллоҳ таолога беҳад ҳамду санолар бўлсинким, бизларни мусулмон бандаларидан қилди. Шунга кўра ҳар бир инсон ислом кўрсатмаларига амал қилишга интилади. Буни қарангки, Аллоҳ таоло бандаларига енгилликни истаб яхши нияти учун ҳам савоб борлигини билдирди.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Мўминнинг нияти унинг амалидан яхшидир”.

Аҳли илмларнинг баъзилари бу ҳадис борасида шундай дейишади:  “Киши ниятнинг яхшилиги учун ҳам савоб олаверади, гарчи амал қилмаган бўлса ҳам. Амалига эса ниятсиз савоб ололмайди”.

Иброҳим Нахаий айтадилар:  “Киши ғазаб билан бир гап гапирди ва ундан яхшиликни ният қилди. Аллоҳ шунда унга нисбатан одамларнинг қалбига узр солади. Ҳатто улар “Фақат яхшиликни хоҳлаган эди” – дейишади. Яна бир киши яхши сўзни гапиради, лекин яхшиликни ният қилмайди, Аллоҳ буни одамларнинг қалбларида билдиради. Ҳатто улар “Бирорта каломида яхшиликни ирода қилмади”- дейишади.

Амал ва ният бир-бирига узвий боғлангандир. Ният амалсиз, амал эса ниятсиз бўлмайди. Амал билан ниятнинг мисоли ҳудди танадаги руҳнинг мисоли кабидир. Тана руҳсиз яшай олмайди, ҳудди шунингдек, руҳ ҳам бу оламда танасиз кўрина олмайди.

Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳи «Хутубот»ларида бир ҳикояни келтирадилар. Унда: “Бир улуғ зот янги уй қурган шогирдининг уйига меҳмонга келиб, девордаги ёруғлик тушиб турган туйнукни кўриб, «Бу туйнукни нега қўйдинг» дейдилар. Шогирд : «Ёруғлик тушиб турсин, деган ниятда қўйдим» жавоб берди. Устоз: “Афсус, меҳнат ва ҳаражат. Агар «Намоз вақти кирганини ва азонни эшитиш учун» деб ният қилганингда, модомики туйнук ўз жойида турар экан, ниятинга яраша савобга ҳам эга бўлар эдинг, ёруғлик ҳам тушиб турар эди” деган эканлар”.

Бу воқеадан шу нарса аён бўладики, кундалик қиладиган барча ишларимизга гўзал ниятларни эргаштирсак, кўзимизга оддий бўлиб кўринган кичик амалларимиз ҳам Аллоҳ таолога ибодат қилишишимиз учун ҳизмат қилувчи савобли амалларга айланади. Мисол учун, эрта тонгдан оила аъзоларимиз учун дастурхон тузаймиз шу ишимизга “Ота-онамга хизмат қилсам, Аллоҳ розилигига эришишим мумкин’’ деган ниятни эргаштирсак ёки ҳар куни ишга борамиз бу табиий ҳол, лекин ҳар куни эшикдан чиқиб кетишдан аввал ’’Оилам учун ҳалол ризқ топишни ният қилдим’’ десачи?!

Қуръони каримнинг Исро сурасида Аллоҳ таоло айтади:

قُلْ كُلٌّ يَعْمَلُ عَلَىٰ شَاكِلَتِهِۦ فَرَبُّكُمْ أَعْلَمُ بِمَنْ هُوَ أَهْدَىٰ سَبِيلًا

Сен: «Ҳар ким ўз ҳолича амал қилур. Бас, Роббингиз ким тўғри йўлдалигини яхши билгувчидир», деб айт.

Ҳар бир инсон ўз ҳолича амал қилади ва шу қилган амалига мувофиқ мукофот ёки жазо олади. Аллоҳ таоло ким нимага эътиқод қиляпти, унга қандай амал қиляпти барчасини билиб турувчи Зотдир.

Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитдим: “Амаллар фақатгина ниятлар билан эътиборлидир ва ҳар бир киши учун унинг ният қилган нарсасигина берилади. Бас, кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учун бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учун деб эътибор қилинажак. Кимнинг ҳижрати бирон дунё матоҳини қўлга киритиш ёки бирон аёлни никоҳлаб олиш учун бўлган экан, бас, унинг ҳижрати нима учун қилинган бўлса, ўша учундир”.

Албатта, бу ҳадис динимизнинг моҳиятини ифодаловчи ҳадислардан биридир.

Имом Абу Довуд айтадилар: «Амаллар ниятлар биландир» ҳадиси Исломнинг ярмидир. Негаки дин ё зоҳирда бўлади ё ботинда. Зоҳирда кўринадигани амал, ботиндагиси эса ният бўлади”.

Ҳадисдан билинадики, барча амаллар учун ният керакдир. Амаллар фақатгина ният билан амалга оширилсагина шаръан эътибор қилинишига уламолар иттифоқ қилишгандир.

Абу Ҳурайра р.а Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар. Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ таоло сизларнинг суратларингизга, молларингизга ва аҳволларингизга қарамайди, балки амалларингизга ва қалбларингизга қарайди”.

Бошқа бир ривоятда айтиладики, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам:

’’Огоҳ бўлингларки, дин самимиятдир’’ дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули, ким учун самимият?’’деб сўрашди. Аллоҳ учун, Расули, Китоби ва жамики мусулмонлар учун самимият’’ деб жавоб бердилар.’’

Аллоҳ учун самимият Аллоҳга иймон келтириш, одамларни ҳам иймонга чақириш ва одамларнинг барчасини мўмин бўлишини орзу қилишдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам учун самимий бўлиш эса, у кишига Аллоҳ таоло томонидан келган барча нарсани тасдиқлаш, суннатларига амал қилиш ва одамларни ҳам бу ишга бошлашдир. Китоби учун самимият бу уни ўқиш, ундаги буйруқларга амал қилиш ва одамларнинг ҳаммаси ўқишини ҳамда унга амал қилишини орзу қилишдир. Мусулмонлар учун самимий бўлиш бу ўзи яхши кўрган нарсаларни уларга ҳам яхши кўриш, ўзи ёмон кўрган нарсаларни уларга ҳам раво кўрмаслик ва улар орасида дўстлик ва иноқлик бўлишини хоҳлашдир.

Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий айтадилар: “Қанча ухлаётганлар бор, уларга намоз ўқиётганнинг ажри берилади. Қанчалаб уйғоқ намозхонлар бор, улар уйқуда деб ёзилади. Киши саҳар вақтида туриб таҳорат қилиб сўнг бомдод вақти чиққунича намоз ўқишга одатланган бўлса, аммо бир кеча ўша ният билан ётиб эрталабгача ухлаб қолсаю кейин уйғониб кетиб, намозини ўтказиб юборганига хафа бўлса, унга “намозини вақтида ўқиган”, деб ёзилади ва нияти билан унинг савобига эришади. Яна бир киши кечаси туриб, намоз ўқишга одатланмаган аммо кечасида тонг отди деб гумон қилиб, туриб таҳорат қилиб, масжидга кирса, ҳали тонг отмаган бўлса сўнг бомдод намози вақти киришини кутиб ўзига-ўзи, ҳали бомдод намози вақти бўмаганини билганимда, ўрнимдан турмасдим деса, шу нияти учун уйғоқ бўлса ҳам, ухловчилардан деб ёзилади.

Лекин бир нарсани унитмаслик керакки, қилган ниятимга савоб олар эканман амал қилишнинг нима кераги бор, деб гумон қилиб, Аллоҳнинг буйруқларига амал қилишни тўхтатиб, фақатгина яхши нарсаларни ният қилиб яшаб бўлмайди. Масалан бир киши “Агарда Қуръонни тўла ёд олганимда, кечаю кундуз ўқиган бўлар эдим” деса ва ёддан билган сураларини кечаю кундуз ўқиса, Аллоҳ таоло унга Қуръонинг қолга қисмини ҳам ёдлашни насиб қилади. Агар ўзида бор нарсани ҳам ўқимаса, ўз-ўзидан унинг нияти холис эмаслиги билинади.

Ҳар қандай фойдали ва яхши амал ният, ихлос ва Аллоҳ таолонинг розилигини исташ билан ибодат даражасига етади.

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Қуръони карим
  2. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Тафсири Ҳилол’’. Шарқ нашрёт матбаа акциядорлик компанияси. 2008 йил.
  3. Абу Лайс Самарқандий. Танбеҳул Ғофилин. Мовароуннаҳр нашрёти. 2013 йил.
  4. Имом Нававий. Арбаин шарҳи

 

2 курс талабаси Рахмонова Мадина

80070cookie-checkАмал ва ният бирлиги
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting