Макка водийсида қўй-сурувларни боқадиган кичик бир чўпон бола бор эди. Халқ уни Умму Абднинг ўғли деб чақирарди. Унинг асл исми эса Абдуллоҳ ибн Масъуд эди.
Масъуд Маккадан бир пайғамбар чиққани тўғрисидаги хабарларни эшитарди. Аммо унинг ёши кичик бўлгани ва Маккадан анча узоқда яшагани учун бу хабарларни яхшилаб суриштирмасди. Қўйларини боқишдан бошқа иш билан машғул бўлишга ҳали кичиклик қиларди. Қўйларини ўтлатиб юрадиган кунларнинг бирида у томон келаётган икки кишини кўрди. Улар ёнига анча яқинлашгач, бу икки ҳайбатли кишининг чарчагани ва сувсаганини англади. Ҳар иккисининг ҳам томоғи қуриган, лаблари ёрилган эди. Салом бердилар ва :
«Эй болакай, бизга чанқоғимизни қондириш ва теримизни совутиш учун сут соғиб бер», дедилар.
Бола:
«Иложим йўқ! Бу қўйлар меники эмас. Булар менга омонат!», деб жавоб берди. Меҳмонларга бу жавоб маъқул бўлди. Улардан бири «Ундай бўлса, менга сут бермайдиган қари бир қўйни келтир», деди.
Бола яқинда турган қари бир қўйни кўрсатди. Меҳмон бўлса ўша қари қўйни олдига кетди. Бир нималар деб,  сут соға бошлади. Бола бўлса ичидан кулиб:
«Ажабо қари қўйлар қачондан буён сут бермайдилар», деди.
Бир оздан кейин қари қўйнинг елинлари ишиб сут оқа бошлади. Меҳмонларнинг ҳар иккалари ҳам сутдан ичдилар. Ва болага ҳам ичирдилар. Бола бўлса кўрганларига ишонмасди. У: «Озгина олдин айтган сўзларингизни менга ҳам ўргатинг», деди.
Ҳанузгача у танимаган киши: «Сен яхши ўрганасан ва олим киши бўласан», деб жавоб берди.
Албатта, у Киши севимли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айнан ўзлари эдилар. Ёнидаги инсон эса У зот солаллоҳу алайҳи васалламнинг қадрдон дўстлари Абу Бакр розияллоҳу анҳу эди, албатта.
Улар Макка мушрикларидан етган азиятлардан сиқилган ва бироз нафас олиш учун шаҳар ташқарисига чиққан эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр розияллоҳу анҳу бу кичик чўпонни учратганларидан мамнун эдилар. Бир оздан кейин бу бола, яъни Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу мусулмон бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларини қилиш учун изн сўради ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ёнларига олдилар.
Шундай қилиб бу кичик чўпон бола қўй боқишни ташлаб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хизматчи бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Сен яхши ўрганасан ва олим киши бўласан», деган сўзлари эса ҳар бир айтган гаплари каби ҳақиқат бўлди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бутун саҳобалар ичида номи чиққан саҳобалардан бўлдилар…

Турк тилидан Эркинжонова Нодира таржимаси
Мухаррир: Мухаммад

80100cookie-checkКичик чўпоннинг қари қўйи
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting