Бир бадхулқ савдогар бозор олдидан ўтиб кетаётиб ичида саккиз юз олтин бўлган ҳамёнини тушириб қўйди. У ҳар томонга зир югуриб қидирдию, бироқ ҳамёнини кўрган бирор кишини учратмади. Сўнг жарчи орқали кимки унинг ҳамёнини кўрган бўлса ва келтириб берса юз тилло беришини эълон қилди. Унинг ҳамёнини жуда ҳалол ва ростгўй бўлган Вали исмли косиб топиб олган эди. У бу топилмани эгаси топилгунга қадар сақлаб қўйишга қарор қилган эди. Косиб жарчининг эълонидан сўнг тўғри савдогарнинг олдига борди ва ҳамёнини қайтариб берди. Савдогар эса ўта бахил, ўзгаларнинг яхшилигини қадрламайдиган киши эди. У ичида пуллари топилганидан роса хурсанд бўлсада, буни билдирмади. Пулларни дарҳол санаб чиқди ва: ”Эй биродар, сен ҳамёнимдан ўзинга берилиши керак бўлган пулни олиб қўйибсан-ку”-, дея бечора косибга туҳмат қилди. Шунда косиб савдогарнинг ёқасидан тутиб шундай деди: “Менга қаранг хожам, мен камбағал бир одамман аммо асло бирор кишининг ҳаққига хиёнат қилмайман. Ўғри ва фирибгарликдан ҳазар қиламан. Сиз менга ваъда қилинган ўша пулингизни бермаслигингиз мумкин аммо мени ўғирликда айблай олмайсиз!” – деди. Юзсиз савдогар эса Валини айблашда давом этди. Шундан сўнг улар қозига мурожаат қилишди. Икки томонни эшитгач қози савдогар ёлғон гапираётгани ва жазога маҳкум эканлигини билди. Аммо у ўзининг жаҳли чиқаётганини билдирмасликка ҳаракат қилиб шундай деди: “Савдогар таъкидлашича, ҳамёндан юз олтин танга олинган, косиб эса ҳеч қандай пул олмаганини таъкидламоқда. Мен уларнинг иккисига ҳам ишонаман. Демак ушбу ҳамён савдогарга тегишли эмас ва бу эгаси топилгунга қадар шу ерда сақланади”,- деди. Бахил савдогар қилиб қўйган ишидан пушаймон бўлди. Аммо энди кеч эди. Бу ношукр савдогарнинг воқеаси бизга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларини эслатиб юборади:

من لا يشكر الناس لا يشكر الله

“Инсонларга шукр қилмайдиган киши Аллоҳга ҳам шукр қилмайди”.

Рус тилидан Охунжон Аҳмад ва Муаттар Абдулқаюм таржимаси

80160cookie-checkҲамён
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting