Мустақиллик халқимизга кўплаб неьматларни инъом этди. Қаддимизни тик қилди. Жаҳон айвонида тенглар ичра тенг бўлдик. Шунингдек, умумэьтироф этилган инсон ҳуқуқларидан тўла фойдаланиш имконини берди. Бош қомусимизда инсоннинг эркин яшаш, ўкиш, ишлаш, ижтимоий ҳимояланиш каби асосий ҳуқуқлари кафолатлари мустаҳкамланди. Энг асосийси, инсон хуқуқлари олий қадрият этиб белгиланди. Ана шу олий қадриятдан келиб чикиб, халқимизга хос инсонпарварлик, бағрикенглик ғоялари асосида, ҳаётда билиб-билмай адашган, хато қилган инсонларга мурувват қўли чўзилди, уларни тўғри ҳаётга қайтариш чоралари кўрилди. Қайд этиш керакки, давлат раҳбарининг 2017 йил декабрь ойида Конституциямизнинг 25 йиллиги арафасида эълон қилинган фармони билан мамлакатимиз тарихида илк маротаба 2 минг 700 нафар маҳкум, жумладан, жазони ижро этиш колонияларидан 956 нафар турли шароитлар туфайли жиноят содир этган, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган, тузалиш йулига қатьий ўтган, яшаш жойи ва жазони ижро этиш муассасасида ижобий тавсифланган шахслар афв этилган эди. 2018 йил 12 июнда Рамазон ҳайити муносабати билан эълон қилинган афвга оид Президент фармони билан билиб-билмай жиноят содир этган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йулига қатьий ўтган озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган 226 нафар фуқаро афв этилди.

Ватанимиз Мустақиллигининг 27 йиллиги арафасида, янги 2018 йил 30 августда Президентимиз “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йулига қатьий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонга имзо чекди. Президентимизнинг афв этишга оид фармони эълон килингани халқимизга хос меҳр-шавқат, инсонпарварлик, бағрикенглик , кечиримли бўлиш, олижаноблик каби эзгу фазилатларни янада юксак намоён этди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига мувофиқ қабул қилинган фармон билан қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаёттан 261 нафар фуқаро афв этилди. Фармонга мувофиқ, 215 нафар шахс жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилиниб, оиласи ва яқинлари бағрига қайтарилди. Шунингдек, 46 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Афв этилганларнинг 5 нафарини 60 ёшдан ошган, 135 нафарини тақиқланган  ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади. Уларга ўз хатоларини англаб етишлари учун имкон бериш, уларни соғлом ҳаётга қайтариш, жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида кўриш, аслида, халқимизга хос бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатлик, кечиримлилик каби тушунчалар маънавият ва маданиятимизнинг ажралмас қисми эканини англатади.

Юртимизда нафақат ижтимоий-иқтисодий, сиёсий соҳалар, балки заминимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатлар ўртасида дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, диний бағрикенглик тамойилларини қарор топтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинади.

Бу, айни пайтда мамлакатимизнинг барча соҳадаги ислоҳотларида ўз аксини топган. Хусусан, 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг  бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналиши, айнан, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш масаласига бағишлангани мамлакат Президенти ва ҳукуматининг халқаро ҳужжатларда белгиланган умуминсоний вазифаларга қаратаётган юксак эътибори намунасидир.

Қолаверса, давлатимиз раҳбари 2017 йил 19 сентябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюция қабул қилиш ташаббуси билан чиққани жаҳон ҳамжамиятининг диққатини тортди. Мазкур ҳужжат барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашиш, энг муҳими, бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлашга қаратилгани билан эътиборга молик.

Ушбу глобал чақириқ, чорлов янграганигабир йилдан сал кўпроқ вақт ўтди. Шу муддат ичида бу эзгу ташаббуснинг нақадар долзарб экани, у она сайёрамиз истиқболи учун муҳим аҳамият касб этишини бутун дунё халқлари англаб етди. Натижада, 2018 йилнинг 12 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида Ўзбекистон томонидан таклиф этилган мазкур резолюция БМТга аъзо 193 та давлат томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди. Наинки, қўллаб-қувватланди, балки барча қитъаларнинг 50 дан зиёд мамлакати билан ҳаммуаллифликда қабул қилинди. Бу – халқаро ҳамжамият томонидан давлатимиз раҳбари ташаббусининг долзарблиги ва ўз вақтида илгари сурилган таклиф эканининг юксак эътирофидан далолатдир.

Дарҳақиқат, ҳужжат концепциясининг мақсади, мазмун-моҳияти ўта муҳим. У БМТ доирасида қабул қилинган муҳим ҳужжатлар қоидаларига тўлиқ мос келади. Резолюцияда маърифатпарварлик ғоясини илгари суришга  алоҳида эътибор қаратилиб, сайёрамизда хавфсизлик ва тинчликни мустаҳкамлаш йўлидаги интеграция, ўзаро ҳурмат, инсон ҳуқуқлари ҳимояси, муроса ва ўзаро англашувнинг нақадар муҳимлиги эътироф этилади.

Эътиборга лойиқ жиҳати шундаки, ушбу ҳужжат барча аъзо давлатларнинг фикр, виждон, дин ёки эътиқод эркинлигини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришга доир саъй-ҳаракатларини фаоллаштиришга ундагани билан ҳам аҳамиятлидир. Унда таълим, илм-фан маданият воситасида миллатлараро ҳамкорликни кенгайтириш орқали ЮНЕСКОнинг дунёда тинчлик ва хавфсизлик ўрнатишдаги муҳим роли эътироф этилади. Резолюциянинг қабул қилиниши натижасида энди БМТга аъзо давлатларнинг таълим муассасаларида диннинг инсонпарварлик моҳияти кенг тарғиб этилади. Шунингдек, давлатлар маълум мажбуриятларни хам ўз бўйнига олади. Бу мажбуриятлари нималардан иборат десак, аввало, дин ҳеч қачон зўравонликлар билан бир қаторга қўйилмайди, экстремизм, терроризм сўзлари дин билан боғланмайди. Чунончи, Президентимиз ўз нутқида аниқ ва тиниқ айтиб ўтган эдики, ислом терроризмни қоралайди, уни терроризм билан боғлаш мумкин эмас. Бугун муқаддас динимизни ниқоб қилган ҳолда инсониятга қарши жиноятлар авж олаётган бир шароитда бу чақириқ чуқур ўйланган, шунинг баробарида яқин тарихда йўл қўйилган хатолардан жиддий хулоса қилинган ҳолда айтилган таклиф бўлди. Бу таклифнинг айнан бизнинг давлатимиз раҳбари томонидан  илгари сурилиши эса мамлакатимиз буюк маърифатпарварлар юрти экани, халқимиз мудом  маърифатга ошнолигининг яна бир исботидир.

Эндиликда БМТга аъзо давлатлар резолюциядан келиб чиқиб миллий ва халқаро оммавий ахборот воситалари, жумладан, Интернет тармоғида кенг кўламли тарғибот ишларини йўлга қўйишади, бағрикенглик, зўравонликка барҳам бериш ҳамда дин ва эътиқод эркинлигига доир маърифий ахборот тарқатиш каби  тегишли коммуникацион стратегияни жорий этишади. Бу, ўз навбатида, диннинг, жумладан ислом динининг асл моҳиятини, унинг тинчликпарварлик ва эзгуликка асосланганини тарғиб этишга қаратилган. Зотан, тўғри талқин  қоидаларига тўлиқ мос келади.

Мухтасар қилиб айтганда, БМТ Бош Ассамблеясида мазкур резолюциянинг бир овоздан қабул қилиниши Президентимизнинг турли миллат ва конфессиялар ўртасида ҳамкорлик, ўзаро ҳурмат ва бирдамлик муҳитини мустаҳкамлаш, маданиятлараро мулоқотни қўллаб-қувватлаш ва асраш, юртимизда тинчлик ва тотувликни таъминлашга қаратилган изчил ва пухта ўйланган стратегияси халқаро ҳамжамият томонидан тўла қўллаб-қувватланаётганининг яқкол намунасидир.

Жасур Акрамов

Манба: “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”, 1-2019

83660cookie-checkБағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва кечиримлилик – халқимизга хос олий фазилатлар
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting