Абу Довуд роҳимаҳуллоҳнинг оиласи ва насаблари

Имомнинг тўлиқ исм-шарифи Сулаймон ибн Ашъас ибн Исҳоқ ибн Башир ибн Шаддод Аздий Сижистоний бўлиб, куняси Абу Довуддир. Имом Абу Довуд ҳижрий 202 (мелодий 817) йилда Сижистон минтақасида дунёга келган. Машҳур “Масобиҳ” китобининг соҳиби фақиҳ олим Бағдоднинг катта ҳофизларидан бўлган Абу Бакр Абдуллоҳ ҳам Абу Довуднинг ўғлидир. Абу Довуд роҳматуллоҳи алайҳ илмга муҳаббат қўйган ҳолда униб ўсдилар. Ёшликларидан ҳадисларни ёзиб боришни одат қилдилар. У зотнинг икки чўнтаги бўлиб, бири кенг иккинчиси тор эди. Унга: “Аллоҳ сизга раҳм қилсин, бу нима?” дейилганда, у зот: “Кенги китоблар учун, наригисига эҳтиёжимиз йўқ”, деб жавоб бердилар.

Имом Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ ёшлигидан илмга чанқоқ ва муҳаббатли эди. Унинг энг улкан мақсади ва орзуси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифларини ёд олиш ва уни қоғозга тушириш бўлган. У ёшлигидан зеҳни ўткирлиги ва зийраклиги ила тенгқурларидан ажралиб турар ва бу унинг келажакда буюк олим бўлиб етишишини кўрсатарди.

ИЛМГА КИРИБ КЕЛИШЛАРИ

Имом Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ етук муҳаддис уламоларга бой ҳижрий учинчи асрда ўсиб-улғайди. Бу аср ҳадис илмининг энг гуркираган даври ҳисобланиб, бошқа асрларга таққослаганда буюк муҳаддис уламоларга бой ва мўътабар ҳадис китоблари ёзилиб, ислом кутубхонасини бойитган аср экани билан ажралиб туради. Бу даврга келиб илм талабида сафар қилиш кенг тус олган эди. Кўпчилик толиби илмлар ўз ватанлари, киндик қони тўкилган ерларини ташлаб, буюк муҳаддис уламолар билан учрашиш, уларнинг илм мажлисларига қатнашиб, улар ривоят қиладиган саҳиҳ ҳадисларни ёзиш, шунингдек, улардан илм ўрганиш мақсадида уламоларга бой Ислом ўлкаларига сафар қилишар эди. Абу Довуд роҳматуллоҳи алайҳ бошқа ҳадис олимлари каби ҳадис излаб кўплаб шаҳарларга бордилар. Ушбу сафарларида кўплаб улуғ муҳаддис ва ҳофизлар билан учрашиб, улардан кўплаб илмлар ўрганадилар. Ҳижоз, Шом, Миср, Ироқ, Жазира, Хуросон каби ўлкаларда кўплаб илм ҳалқаларида иштирок этдилар.

Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ Ироқ, Хуросон, Шом, Миср ва Ҳижоз ўлкаларига сафар қилиб, у ерларда Абу Умар Зорийр, Муслим ибн Иброҳим, Аҳмад ибн Ҳанбал, Абдуллоҳ ибн Муслим Қаънабий, Абдуллоҳ ибн Ражо, Абу Валид Таёлисий, Аҳмад ибн Юнус, Абу Жаъфар Нуфайлий, Абу Тавба Ҳалабий ва Сулаймон ибн Ҳарб Кирмоний каби ўша асрда яшаб ўтган буюк муҳаддис уламолардан кўплаб ҳадисларни ёзиб олдилар.

МАЗҲАБЛАРИ

Буюк муҳаддисларнинг баъзиларини мазҳаблари борасида ихтилофлар мавжуд. Хусусан Абу Довуд роҳимаҳуллоҳнинг мазҳаблари борасида ҳам шундай ихтилофлар бор. Баъзилар у зотни ҳанбалий, яна баъзилар эса шофиий мазҳабида эди, деганлар.

Шайх Абу Исҳоқ Шерозий роҳимаҳуллоҳ “Табақотул фуқаҳо” асарида у зотни “Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳнинг соҳибларидан эди”, деганлар.

Шунингдек, Қози ибн Абу Яъло роҳимаҳуллоҳ Абу Довуд роҳимаҳуллоҳни “Табақотул ҳанабила” китобида зикр қилиб ўтганлар.

Аммо Саййид Сиддиқ Ҳасанхон роҳимаҳуллоҳ эса ўзининг “Абжадул улум” китобида Бухорий, Абу Довуд ва Насоий роҳимаҳуллоҳларни шофиийлардан эканлигини айтиб ўтганлар. Лекин “Кашфуз зунун” асарининг соҳиблари эса Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ ҳақларида қуйидагиларни келтирадилар: “Унинг мазҳаби унинг учун заиф ҳадис фақиҳлар фикридан кучлироқ эканлигидир”. Бу фикрга уламолардан баъзилари мойил бўлганлар.

Бу фикрларга биноан, Абу Довуд ва Термизий роҳимаҳуллоҳлар Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳнинг соҳибларидан бўлсалар-да, лекин мутлақ мужтаҳид эканликлари келиб чиқади.

Яна бу борада Шайх Тоҳир ал-Жазоирий: “Менинг наздимда, Бухорий ва Абу Довуд айнан бир кишига муқаллид эмас. Бироқ, мутлақ мужтаҳид даражасида ҳам эмасдир, балки ўз имомларининг гапларига мойил бўлганлар”, дейдилар.

Шайх Аллома Муҳаммад Анваршоҳ Кашмирий “Саҳиҳул Бухорий”нинг шарҳи “Файзул Борий”да: “Насоий ва Абу Довуд ҳанбалий мазҳабида бўлганлар”, дейдилар. Лекин ўша шарҳнинг бошқа жойида Абу Довуд роҳимаҳуллоҳнинг ҳанбалий эканликларини қатъий айтганлар. Шайх Ибн Қаюм роҳимаҳуллоҳ “Иъламул муқиъин” китобида “Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Асрам роҳимаҳуллоҳлар Аҳмад ибн Ҳанбалнинг асҳобларидандир. У зотга эргашувчи муқаллиддирлар”.

Ибн Абу Яъло роҳимаҳуллоҳ ҳам бу учала Имомларни ҳанбалилйлар табақасида санаб ўтганлар.

Аммо Имом Тож Субкий роҳимаҳуллоҳ шофиийлар табақасида Бухорий, Абу Довуд ва Насоийнигина санаганлар.

Ҳанафийлар ва моликийлар эса бу улуғ муҳаддислардан бирортасини ўз табақаларида санамаганлар.

Шайх Аллома муҳаддис Муҳаммад Закариё Кандеҳлавий роҳимаҳуллоҳ бу ихтилоф борасида қуйидагиларни зикр қилганлар:
“Аҳли илмлар ҳадис имомларининг фиқҳдаги маслаклари борасида ихтилоф қилиб, баъзилари уларнинг барчасини мужтаҳид десалар, баъзилари эса уларни муқаллид, деганлар. Лекин менинг наздимда, бу ерда қатъий фикр айтиш тўғри эмас. Масалан, Имом Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ қатъий ҳанбалий мазҳабида яъни, муқаллиддирлар. Имом Таҳовий роҳимаҳуллоҳ ҳанафий мазҳабида қай даражада муташаддид бўлсалар, Имом Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ ҳам, шундай мақомда турадилар. Абу Довуд роҳимаҳуллоҳнинг Сунан асарига диққат-эътибор билан назар солган киши бу ҳақда асло шубҳа қилмайди”.

Масалан, кўпинча, Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ Сунанда машҳур ривоятларнинг хилофи ўлароқ ўз маслакларини қувватлаганликларига ишора қиладилар. Ҳатто маслагининг ҳукмига биноан баъзи бобларни номлаганлар, масалан, “Тик туриб бавл қилиш боби” каби. Аслида, бу масалада Пайғамбар сав нинг йўллари ўтириб бавл қилишдир. Ўтирган ҳолда бавл қилиш ҳақида келган машҳур ҳадисларни бу бобда зикр қилмасдан, уларни “Аёлдан қолган пок сув билан таҳорат қилиш” бобида зикр қиладилар. Шундан сўнг, мана шу ишдан қайтариш бобини зикр қилдилар. Гўё мана қайтариқ аёллардан қолган сув билан таҳорат олмасликка ишора қиладилар. Бундай йўл тутишлари ҳам Абу Довуд роҳимаҳуллоҳнинг ҳанбалий мазҳабида эканлигини қўллаб-қувватлайди.

Шунингдек, “Олов теккан нарсадан таҳорат қилиш” номли бобни келтириб, шундан сўнг “Бу нарсада қаттиқ олиш” бобини алоҳида келтирдилар. Бу билан олов теккан нарсадан таҳорат олиш масаласи аввалда енгил қаралган бўлса-да, кейинчалик қатъий олиб бўлмаслик ҳукми ҳадиси шариф билан собит бўлганлигини баён қилган. Бу ҳам Абу Довуд роҳимаҳуллоҳнинг ҳанбалий мазҳабида эканликларига ишора қилади.

Сунан китобига теран назар солган кишига бу нарса яққол намоён бўлади”.
Яна бошқа ўринда Муҳаммад Закариё Кандеҳлавий роҳимаҳуллоҳ: “Менинг наздимда, тўғриси шуки, Абу Довуднинг шак-шубҳасиз ҳанбалий эканлигидир. У зотнинг Сунанларига назар солган киши буни инкор қилмайди. Имом Бухорий эса, мужтаҳид эдилар. Бу нарса имомлар ихтилофини биладиган кишига Бухорийнинг таржимаи ҳолларини чуқур ўрганганиш билан равшан бўлади”, дейдилар.

Тошкент ислом институти 4-курс талабаси Нурбаев Ҳурмуҳаммад

84190cookie-checkАБУ ДОВУД РОҲИМАҲУЛЛОҲНИНГ ҲАЁТИ ВА ИЖОДИ
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting