Муҳаммад ибн Маҳмуднинг ибн Абу Мансур Муҳаммад Мотуридий Самаркандий Ансорий Ҳанафий Самарқанд яқинидаги Мотурид қишлоғида ҳижрий 238 йилда (милодий 852 йил) (бошқа манбаларга кўра – 256/870) туғилган. Машҳур илоҳиётчи олим Абу Мансур Мотуридий Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан бўлган Абу Айюб Ансорий разияллоҳу анҳу авлоди ҳисобланади.

Абу Мансур фиқҳда ҳанафийлар мактаби вакили бўлиб, фиқҳ илмини Аҳмад Жавозжоний ва бошқалардан, ва ақида илмини машҳур “Фиқҳул Акбар” номли китоби орқали Муҳаммад ва Абу Юсуфдан таълим олди.

Имом барча Ислом олимлари сингари, ёшлигидан Қуръони каримни ва ҳадиси шарифни тўла ўрганди. Лекин унинг асосий фаолият йўналиши ақида,  илоҳиётшунослик, шариат қонунлари билан боғлиқ эди.
Имом Мотуридийнинг фаолияти эътиқод илми билан шуғуллангани ва шуҳрат қозонгани учун у “Ҳидоят имоми” ва “Калом илми олимлари етакчиси” (“Имомул Мутакаллимийн”) деб аталди.

У кўплаб шогирдлар ва издошлар етиштирди ҳамда кўплаб маърузалари билан минглаб замондошларини ҳақиқат йўлига юриши учун сабабчи бўлди.

Мотуридий хаворижлар, қарматийлар, шиалар, муътазилийлар ва бошқа кўплаб йўналиш вакиллари билан баҳс-мунозараларда иштирок этди. Илоҳий илҳом, табиий истеъдод ва чуқур билими туфайли Имом Мотуридий баҳсларда ғолиб келиб юксак обрў-эътиборга сазовор бўлди.

Замондошлари имомни Қуръони каримнинг чуқур билимдони ва яна табиий қобилиятга эга ақлли инсон, файласуф, ўз даврининг психологи сифатида ҳам таниганлар. У баҳсларда суҳбатдошга диққат билан қулоқ солиб кейин хулосалар чиқариш, тўғри маслаҳат бериш ва қарашларини ҳимоя қилишда истеъдодли бўлган.

Мотуридий ўз устида доимо ишлаб, билимларини муттасил ошириб борди. Мотуридийнинг мусулмонлар эътиқодини ҳимоя қилиш билан боғлиқ илмий изланишлари нафақат ўзи яшаб турган ҳудуд, балки бутун мусулмон олами уламолари диққат эътиборини қозонди. Шу сабабли, мотрудийлик ақида мактаби шаклланди.

Абу Мансур Мотуридий кўплаб китоблар ёзди: “Китабут тавҳид”, “Радду аъла Карромия”, “Радду китабил имам”. Шунингдек, Қуръони карим бўйича “Товилатул Қуръан”, калом илми бўйича “Китобул малакат фил калам” ва фиқҳ бўйича “Маҳазул шаръиййа” номли китобларнинг ҳам муаллифидир.

Имом Мотуридий 333/944 йиллар атрофида вафот этган, у Самарканддаги Чокардиза қабристонида дафн этилгани тўғрисида маълумотлар бор. Ҳозирда Самарқанднинг Хатирчи туманида Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуаси бунёд этилган. Бу қадамжога бутун дунёдан зиёратчилар ва меҳмонлар келиб, Қуръон ўқиб имомнинг ҳақига дуолар қилмоқдалар.

Манбаларда имомнинг шахсий ҳаёти тўғрисида маълумотлар деярли учрамайди, лекин бизга, унинг ҳаёти муътазилийлар, қадирийлар, жабрийлар, жаҳмийлар, карромийлар, қарматлар, ботинийлар ва бошқалар билан баҳсу мунозараларда ўтгани маълум. Аллоҳ олимни раҳматига олган бўлсин!

Ҳадис ва ислом тарихи фанлари ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

Манба

 

84400cookie-checkАбу Мансур Мотуридий – ҳидоят имоми
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting