Қарз олди-бердилари қадимдан буён инсонга зарур бўлган асосий муомалалардандир. Чунки инсон жамоавий шахс бўлиб, бир ўзи яшаш инсонга қийинчилик туғдиради, шу боисдан  ўз биродарига муҳтож бўлади. Шунинг учун инсонларнинг баъзиси баъзиларидан қарз олиб туради. Замон ўзгаргани сайин бу муомаланинг кўринишлари аста ўзгариб борди. Ҳозирги кунга келиб эса бунинг кўринишлари ўзгача бир кўриниш касб этди. Айрим қарздорлар  қандай йўл билан бўлмасин, олган қарзини қайтармаслик илинжида бўлиб қолган, шунингдек молдор инсонлар ҳам қарз беришдан қочган. Бунинг оқибати яхши бўладими, ёки йўқми, бу уни мутлоқ қизиқтирмайди. Араб мамлакатларида “қарз” ҳамда “дайн” сўзлари мавжуд бўлиб, “пулни қарзга олмоқ”  маъносида “қарз” сўзини, “бирор таварни қарзга  олмоқ” маъносида эса “дайн” сўзини ишлатишади. Бизнинг диёрларда эса битта “қарз” сўзи ишлатилади.
“Қарз”  луғатда арабча “اَلْقَطْعُ” яъни “кесмоқ” маъносини англатади. Бу “қарз”нинг аслий маъноси ҳисобланади. Бундан ташқари “қарз” إِحْسَانٌ “яхши” ёки “إِسَاءَةٌ” “ёмон” маъноларида ҳам ишлатилади.
Агар бир одам “Фалончига  қарз бердим” деса, бундай ҳолда “Фалончига ўз молимдан маълум миқдорини кесиб, унга мулк қилиб бердим” деган маънода айтган бўлади. Бундан ташқари “қарз” сўзини бошқа бир неча маънолари ҳам мавжуд бўлиб, жумладан: “чақмоқ”, “кемирмоқ”, “ўймоқ”, “олдини олмоқ”, “барҳам бермоқ”, “қирқмоқ”, “тўқимоқ” ва ҳоказолардир.
Ислом шариатида эса қарзнинг таърифи бундай «Аллоҳ йўлида, маълум муддатга, қайтариб беришни ният қилган, ундан фойдаланадиган одамга молни бериш»дир. Демак, қарзга олинган нарса қарзга олувчининг мулкига айланади. Уни хоҳлаганича ишлатади. Қарз берувчига эса бадалини берса бўлади.
“Дурарул-ҳуккам фи шарҳи мажалладил-аҳком” китобида эса “қарз” бундай таърифланади: “Қарз деб – қарздорга берилган молнинг бадалини кейинчалик қайтариб олиш шарти билан берилган молга айтилади”. Қарз – қийматли (ўлчамли) ва мислий (бир-бирига ўхшаш) нарсаларда бўлади. Шунга кўра қарз “мақруз-қарз берилган нарса” деган маънони ҳам билдиради.
Қарзнинг шаръий маъноси: «Бошқа кишига мислий (бир-бирига ўхшаш) молни унинг мислини қайтариб олиш шарти билан топшириш ва беришдир». Бу таърифда “мислини қайтариб олиш шарти билан” деган жумланинг қайд этилиши билан қарз доирасига  омонот, ҳиба, садақа, ория каби тасарруфлар кирмайди. Ҳиба ва садақага берилган нарсаларнинг айни ўзини ҳам эвазини ҳам қайтариб бериш шарт бўлмасада, лекин омонат ва орияга берилган нарсаларни айни ўзини қайтариб бериш вожиб бўлади.

4-курс талабаси
Жамолов Нодиржон

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting