У ЗОТНИНГ ШАЙХЛАРИ

Имом Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ мусулмонлар диёрлари ичида буюк муҳаддислар яшаётган муҳим минтақаларга сафар қилганлар. У зот омонатдор ва ишончли шайхлардан ҳадис эшитдилар. Бу борада жуда ҳам кўп шайхлардан истефода қилдилар. Ибн Ҳажар Асқалоний роҳимаҳуллоҳ Абу Довуднинг Сунан ва бошқа китобларидаги келтирган ҳадисларини эшитган устозлари адади уч юзга яқин эканлигини зикр қилганлар.

Абу Довуд ҳадис ўрганиш учун борган илм марказларида бир неча олимлар билан учрашганлар, улардан ҳадис ўрганганлар. Абу Довуд ҳадис ўрганган ҳадисшунос олимлардан машхурларини қуйида санаб ўтамиз:

  1. Имом, фақих, муҳаддис, ҳанбалий мазҳабининг асосчиси Абу Абдуллоҳ Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳанбал аш-Шайбоний ал-Марвазий ал-Бағдодий (164-241).
  2. Абу Закариё Яҳё ибн Маъин ибн Авн ас-Сақафий (в.233).
  3. Абул Ҳасан Усмон ибн Муҳаммад ибн Абу Шайба Иброҳим ибн Усмон ал-Абси ал-Кофи (в. 239).
  4. Абу Абдурраҳмон Абдуллоҳ ибн Маслама ибн Қаънаб ал-Қаънабий ал-Хорисий ал-Маданий (в. 211).
  5. Абул Ҳасан Мусаддад ибн Мусарҳад ал-Асадий ал-Басрий (в. 228).
  6. Абу Салама Мусо ибн Исмоил ат-Тамимий ал-Манқорий ат-Табузкий (в. 223).
  7. Ҳасан ибн Амр ас-Садусий ал-Басарий. Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳнинг айтишича 230 йилда вафот этган.
  8. Абу Жаъфар Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Али ибн Нуфайл ал-Ҳузаий ал-Ҳамароний (в. 234).

 

ШОГИРДЛАРИ

Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ ҳадис ва унга боғлиқ илмларда улуғ мартабага эришдилар. Бу зотнинг илму ирфонларидан баҳраманд бўлиш учун дунёнинг ҳар тарафидан толиби илмлар оқиб кела бошлади. Ҳатто у зотнинг баъзи дарс ҳалқаларида мингдан зиёд кишилар ҳадис эшитар эдилар. Шу боис у зотнинг шогирдлари ададини муайян миқдорга чеклаш мумкин эмас.

Абу Довуд роҳматуллоҳи алайҳ ўз ҳаётларини ҳадис илмига фидо қилдилар. Бу йўлда кўплаб шогирдлар чиқардилар. У кишининг қўлида таълим олган машҳур шогирдлар орасида Имом Термизий, Имом Насаий, Имом Абу Бакр ибн Абу Довуд, Абу Авона, Абу Бишр Дулобий, Алий ибн Ҳасан ибн Абд, Абу Усома Муҳаммад ибн Абдулмалик, Абу Саид ибн Аъробий, Абу Алий Луълуъий, Абу Бакр ибн Доса, Абу Солим Муҳаммад ибн Саид Жалудий, Абу Амр Аҳмад ибн Алий каби улуғ олимлар бор эди. Абу Довуддан у кишининг шайхи Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Атийра ҳадисини ёзиб олган. Бу ҳадисни у киши Абулашар Доримийдан, у отасидан ривоят қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ васалламдан Атийра тўғрисида сўралди. У зот уни чиройли санадилар. Ибн Абу Довуд айтади: “Отам шундай деди: “Бу ҳадисни Аҳмад ибн Ҳанбалга айтиб берган эдим, у уни маъқуллади ва: “Бу ҳадис ғарибдир”, деди. Кейин менга: “Ўтириб тур”, деб кириб қоғоз, қалам ва сиёҳдон олиб чиқди-да: “Менга айтиб бер”, деб мендан уни ёзиб олди. Сўнг бошқа куни у билан кўришганимда, унинг олдига Жаъфар ибн Абу Самина келган экан. Аҳмад ибн Ҳанбал унга: “Эй Абу Жаъфар, Абу Довудда бир ғариб ҳадис бор. Ундан ёзиб ол”, деди. Шунда у мендан сўради. Мен унга айтиб бердим”. Атийра ражаб ойида сўйиладиган жонлиқ бўлиб, жоҳилиятда унга амал қилинар, Ислом келгач у насх қилинган эди…

405 – гуруҳ талабаси
Нурбаев Ҳурмуҳаммад

 

84490cookie-checkАБУ ДОВУД РОҲИМАҲУЛЛОҲНИНГ УСТОЗЛАРИ ВА ШОГИРДЛАРИ
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting