Мотуридий мазҳабида: «Ҳукмлар шариат ила собит бўлади. Фақатгина, Аллоҳнинг маърифати, вожиблиги очиқ-ойдин бўлгани учун, ақл билан собит бўлади», дейилган.

Мотуридий ақидавий мазҳабининг диёримиздан етишиб чиққан кўзга кўринган олимларидан бири бу Саъдуддин Масъуд ибн Умар роҳматуллоҳи алайҳидир (722-792/1322-1390)

«Тафтазоний» тахаллуси билан машҳур бўлган улкан аллома наҳв, сарф, мантиқ, риторика, илми калом, фиқҳ, тафсир ва бошқа илм соҳалари бўйича замонанинг пешқадами эди. Юқорида қайд қилинган фан соҳаларига тааллуқли бўлган асарлари жамоатчилик томонидан кенг қабул қилинди. Бу асарлар узоқ вақт давомида диний ўқув юртларида асосий қўлланма бўлиб хизмат қилди.

Аллома Тафтазоний мусулмон уламолари орасида шу қадар кенг шуҳрат қозондики, унгача яшаб ўтган олимлар «мутақаддимин», ундан кейингилари эса «мутааххирин» деб атала бошланди. Бу ҳол Аллома Тафтазонийнинг мусулмон оламида тутган мавқеъи нақадар юксак эканини тасдиқлайди.

Алломадан мерос бўлиб қолган асарларнинг айримларини қайд қиламиз:

1. «Таҳзиб ал-мантиқ вал калом». Бу жуда ҳам пишиқ матн бўлиб, ўз соҳасида тенги йўқ китоб деб билинган. Ушбу китоб ўз вақтида ҳамма тарафда шуҳрат қозонган ва ҳамма тарафидан эҳтимом билан ўрганилган. Муҳаққиқ уламолар мазкур китобни ўқиб-ўрганибгина қолмай, унга кўплаб шарҳлар ҳам ёзганлар.

2. «Иршодул Ҳодий» китоби наҳв илмига бағишланган ва кўп нарсани ўзига жамлаган машҳур матн бўлган. Уламолар унга бир қанча шарҳлар ёзганлар.

3. «Шарҳи Талҳис» номли иккита китоб Аллома Тафтазонийникидир. Иккиси ҳам машҳур. Каттаси «Мутаввал» деб, кичиги «Мухтасар» деб номланади. Бу икки китоб «Талҳис» нинг энг машҳур шарҳлари ҳисобланади. Иккиси ҳам серфойда бўлгани учун кўплаб уламоларнинг эътиборини ўзига тортган. «Мутаввал»га кўпгина ҳошиялар ёзилган бўлиб, уларнинг ичида Журжоний ва Муфнорийнинг ҳошиялари машҳур бўлган.

4. «Мақосидут-толибин фий илмил калом» китобини ёзиб бўлганидан кейин, аллома Тафтазоний унга катта шарҳ ҳам ёзган. Бу китоб ўзида жуда кўп фойдаларни жамлаган улуғ китобга айланган. Уламолар унга ҳошиялар ёзган.

5. «Шарҳу ақоид ан-Насафийя» да Аллома Тафтазоний тартибга катта эътибор берган ва қўшимчалар киритган.

6. Убайдуллоҳ ибн Масъуд Маҳбубий Бухорийнинг «Танқиҳ ал-усул» китобига аллома Тафтазоний томонидан ёзилган шарҳ «Ат-талвиҳ фий кашфи ҳақоиқ ат-танқиҳ» деб номланган. Бу китоб толиби илм ва уламоларнинг катта эътиборини қозонган машҳур китобдир.

7. «Китоб ал-арбаъин» ҳадис бўйича китобдир.

8. «Китоб ал-фатаво ал-Ҳанафийя». Аллома Тафтазоний роҳматуллоҳи алайҳи Ҳиротда ўзи чиқарган фатволарни жамлаб, китоб шаклига келтирган.

9. «Шарҳ ал-Ғаззий» сарф илмига оид Иззуддин Занжонийнинг китобига ёзилган шарҳ бўлиб, Аллома Тафтазоний унда матнга кўпгина фойдали маълумотларни қўшган. Бу китоб Тафтазонийнинг биринчи китоби бўлиб, уни ҳижрий 737 йилнинг Шаъбон ойида тугатган. Имом Суютий ва Ибн Ҳилол мазкур китобга ҳошия ёзганлар.

10. «Кашф ал-асрор ва уддатул аброр» форс тилидаги тафсир бўлган.

11. «Шарҳ ал-мифтоҳ лис-Саккокий» китобини аллома Тафтазоний ҳижрий 789 йилда ёзиб битирган.

12. «Шарҳу мунтаҳас-суали вал амали фий илмай ал усули вал жадали».

13. «Ат-таркиб ал-жамил».

14. «Таркиби ғариб ва тартиб ажиб».

15. «Баҳс ал-муштарак».

16. Шарҳ ал-Кашшоф”.

17. «Шарҳу Шамсиятил китоби фил мантиқ».

18. «Шарҳу Навобиғул Калим» ва бошқа бир қанча китоб ва рисолалар.

Аллома Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳининг бизгача етиб келган ва ҳозиргача кўпчилик томонидан катта эътибор билан ўрганиб келинаётган китобларидан бири «Шарҳу ақоид ан-Насафий» номли асаридир. Бу китоб бошқа бир улуғ ватандошимиз томонидан ёзилган матннинг шарҳидир.

Бу матннинг соҳиби Нажмиддин Абу Ҳафс Самарқандий Насафий роҳматуллоҳи алайҳидир (460-537/1068-1142).

Нажмиддин Абу Ҳафс Насафий ўз замонаси ва келажак даврларнинг ҳам улуғ фақиҳи, табиатшуноси, тилшунос ва муаррихи эди. Алломанинг тўлиқ исми – Умар ибн Муҳаммад ибн Луқмон ан-Насафий ал-Мотуридий ас-Самарқандий.

Бизнинг замонамизга алломанинг «Манзилат ан-Насафийя фил Хилофийят», «Ақоид ан-Насафий», «Ал-Явоқит фил мавоқит», «Зиллат ал-Қори» асарлари етиб келган.

Абу Ҳафс Насафийнинг «Ақоид ан-Насафий» асари уламолар орасида катта шуҳрат қозонди. 768 йилда улуғ олим Тафтазоний у китобга шарҳ битди. Бу шарҳ «Шарҳи ақоид ан-Насафий» номи билан маълумдир.

Аллома Тафтазоний роҳматуллоҳи алайҳининг бу китоби ўз давридаги ақида илмига оид илмий баҳсларнинг самарасини акс эттирган китобдир. Ақоидга оид китобларга ҳар бир китобнинг ёзилаётган давридаги ҳукм сураётган эътиқодий масалалар ва тортишувлар акс этиши одат тусига кирган нарса.

Аллома Тафтазоний роҳматуллоҳи алайҳи ўз китобининг аввалида ақида илми тарихи ва унга одамларнинг ҳожати тушганлиги ҳақида қисқача тушунтириш беради:

“Аввалда ўтган саҳоба ва тобеъин розияллоҳу анҳум ақидалари мусаффо бўлгани ва Набий алайҳиссалом суҳбатларининг баракаси, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларига яқинлик, ҳодиса ва ихтилофларнинг озлиги ҳамда ишончли зотлардан сўраш имконлари бўлгани туфайли, ақида ва фиқҳ илмларини тадвин қилишга, фаслу бобларга солишга ҳамда фуруъ ва усулларнинг мақсадларини айтишга ҳожатлари тушмаган.

Аммо, мусулмонлар орасида фитналар, дин имомларига қарши тажовузлар, фикрларда ихтилоф ва бидъатларга мойилллик зоҳир бўлиб, фатволар кўпайди; уламоларга мурожаат кўпайгандан кейин улар назар солишга, далил топишга, ижтиҳод қилишга, ҳукм ахтаришга, қоидалар ва асослар ишлаб чиқишга, боб ва фаслларни тартибга солишга ўтишга мажбур бўлдилар”.

Аллома Тафтазоний роҳматуллоҳи алайҳи ўз шарҳининг бошида, Мотуридий ақидавий мазҳабидаги бошқа олимлар каби маърифат ҳосил қилиш воситаларини баён қилиш жараёнида ақлнинг тутган ўрни ва аҳамиятини тушунтиради.

«Шарҳу ақоид ан-Насафий» китобининг дастлабки мавзулари жуда ҳам қийин тил ва усубда келган. Бу ҳам ўша замон илмий муҳитининг таъсиридир. Муаллиф мазкур вақтнинг услуби ва тили ҳамда истеълоҳларини ишлатишга мажбур бўлган. Айниқса, Аллоҳ таолонинг борлиги ва зоту сифотини,оламнинг қадим эмаслигини баён қилиш жараёни кўпроқ файласуфларнинг иборалари ва услуби ила бўлган. Бу бобларда оят ва ҳадислар деярли келтирилмаган.

Аммо, кейинроққа келиб услуб ҳам, гап-сўзлари ҳам осонлашиб боради. Оят ва ҳадислардан ҳужжат-далиллар келтириш ҳам кўпайиб броган.

Аллома Тафтазоний роҳматуллоҳи алайҳи аввал фақат ақлий далиллар келтирган бўлса ҳам, кейинроқ оят ва ҳадисдан келтирган далилларини қувватлаш учунгина ақлий далиллар келтирган.

Аллома Тафтазоний роҳматулоҳи алайҳи файласуфлар, мўтазилийлар, жабарийлар ва қадарийлар каби турли фирқа ва гуруҳларнинг фикрларини келтириб, уларга аҳли сунна вал жамоанинг раддияларини бериб борган.

Китобда бошқа масалалар қатори Аллоҳ таолони кўриш масаласи ҳам бор. Шу масалага оид матнни шарҳ қилар экан, аллома Тафтазоний роҳматуллоҳи алайҳи қуйидагиларни ёзади:

«Батаҳқиқ, Аҳли ҳақ кўришнинг мумкинлигига икки йўл – ақл ва нақлдан далил келтирган. Биринчининг тақрири қуйидагича: Биз аъён (жисм) ва аъраз (сифат)ларни кўриш зарурат эканига қатъий ишонамиз. Биз кўриш ила, жисм билан жисм ва сифат билан сифат орасини ажратамиз. Бас, муштарак ҳукмга муштарак иллат лозим. Ўша иллат – мавжудлик, пайдо бўлиш ёки мумкинликдир. Тўртинчиси бўлиши мумкин эмас. Пайдо бўлиш ҳам йўқликдан сўнгги мавжудликдан иборатдир. Мумкинлик эса мавжудлик ва йўқликнинг зарурати йўқлигидан иборатдир. Иллат бўлишга йўқликнинг дахли йўқ. Бас, шундай бўлганидан кейин, фақат вужуд қолиши аён бўлди. У эса Яратувчи ва ундан бошқанинг орасида муштаракдир. Шунинг учун тўғри иллат мавжудлик бўлганидан кейин, унинг кўриниши ҳам саҳиҳ бўлади».

Муаллиф юқорида зикр қилинганга ўхшаш бир неча ақлий далилларни келтиргандан кейин, нақлий далилга ўтиб қуйидагиларни айтади:

“Мўминлар Аллоҳ таолони охиратда кўришлари вожиблигига нақлий далиллар ворид бўлган:

1. Китобдан: Аллоҳ таолонинг: «У кунда бор чиройли юзлар. Роббига назар солувчилар», деган қавли.

2. Суннатдан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Албатта, сизлар ҳудди тўлин ой кечасида ойни кўргандек кўрасизлар», деган қавллари. Бу ҳадис машҳур бўлиб, уни катта саҳобалар (розияллоҳу анҳум)дан йигирма бир киши ривоят қилган.

3, Ижмога келсак, умматнинг барчаси охиратда кўришнинг воқеъ бўлишига жам бўлишган эди…”.

Аллома Тафтазоний роҳматуллоҳи алайҳи қиёматда амалларни тарозида тортиш ҳақидаги масала бўйича мўтазилийлар билан тортишув олиб боради.

“Вазн ҳақдир. Чунки У зоти таоло «У кунда вазн ҳақдир», деган. «Мезон» амалларнинг миқдорларини билиш учун ишлатиладиган нарсадан иборатдир. Унинг кайфиятини идрок қилишга ақл қосирлик қилади. Мўтазилийлар уни инкор қилган. Чунки уларнинг фикрича, амаллар аърозлардир. Уларни қайтариш имкони бўлса ҳам, вазнини ўлчаш мумкин эмас. Чунки улар Аллоҳ таолога маълумдир. Бас, уларни тортиш беҳуда иш бўлади. Бунга жавоб қуйидагича: “Ҳадисда амалларнинг китоби ҳақида сўз юритилган. Бас, шундай экан ишкал қолмайди”.

Аллома Тафтазоний роҳматуллоҳи алайҳининг «Шарҳу ақоид ан-Насафий» китоби мотуридий ақидавий мазҳабида ёзилган китоблар ичида энг машҳурларидан бири ҳисобланади. У кўпгина юртларда дарслик қилиб олинган. Бизга етиб келган асарлар ичида кўп учрайдигани ҳам айни шу китобдир. Ҳозирда бу китобни дарслик сифатида ўрганиш деярли тўхтаб қолган эди, аммо энди бизнинг диёрлардаги ислом билим юртларида яна секин-аста дарсликлар қаторига киритилмоқда.

Аллома Тафтазоний роҳматуллоҳи алайҳи томонидан ёзилган шарҳи шу даражада машҳур бўлган китобнинг матни борасида кейинроқ сўз юритамиз, худо хоҳласа. Аллоҳ у зотдан рози бўлсин!

4-курс талабаси
Нуриддин Муҳаммаджон

84870cookie-checkАллома Тафтазоний роҳматуллоҳи алайҳи
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting